Темир йўл транспорти тизимига оид қонун маъқулланди

18:43 30 Сентябр 2024 Сиёсат
507 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Олий Мажлис Сенатининг эллик саккизинчи ялпи мажлисида “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Қонун қизғин муҳокама этилди.

Қонунда темир йўл транспорти тизими замонавий бозор модели талабларига мувофиқ акс эттирилмоқда.

Мазкур ҳужжат транспорт соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, тадбиркорлик фаолияти учун шарт-шароит яратиш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва темир йўл транспорти ташувлари соҳасида халқаро ҳамкорликни такомиллаштиришга қаратилган.

Қонунда “темир йўл транспорти” тушунчаси қайта кўриб чиқилиб, янги таҳрирда баён этилмоқда. Бунда республиканинг темир йўл транспорти умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспортига ажратилмоқда.

Умумий фойдаланишдаги темир йўл инфратузилмасидан фойдаланиш тартиби ва инфратузилма оператори фаолияти тартибга солинмоқда ҳамда ташувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланмоқда.

Қонун билан темир йўл транспортида бозор тамойиллари асосида эркин шакллантириладиган тарифлар аниқ белгиланаётган бўлиб, унга кўра юк вагонларини тақдим этиш, юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилиб, бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизми жорий этилмоқда.

Нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган маҳаллий йўналишларда йўловчиларни ташиш хизматларини (юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташишдан ташқари) кўрсатишдан кўрилган зарарларни Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиш тартиби жорий этилмоқда.

Темир йўл инфратузилмасини ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилишнинг аниқ йўналишлари Қонунда белгиланиб, умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар ҳамда вокзалларни қуриш ва реконструкция қилишни молиялаштириш манбалари аниқ қайд этилмоқда.

Қонун билан темир йўлда давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари яратилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси, Транспорт вазирлиги ва Транспорт инспекцияси ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Қонун соҳада рақобат муҳитини яратиш, фуқароларнинг темир йўл транспортида ҳаракатланишида сифат даражасини ошириш, йўловчи ва юкларни хавфсиз ташишга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш ва темир йўл транспорти ташувлари соҳасида халқаро ҳамкорликни такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?