«Темир дафтар»дан чиқаришнинг антиқа усули

10:07 09 Апрель 2021 Жамият
5169 0

У ёки бу фуқаро нега «темир дафтар»га киритилади? Бундан кўзланган асосий мақсад оиласининг даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш, уни камбағалликдан имкон қадар тезроқ халос этиш, албатта.

Бухоро шаҳри 4-сектор ҳудудида бу борадаги аҳвол ўрганилганида маълум бир ижобий ишлар амалга оширилгани, жумладан, «темир дафтар»даги 1662 та оиланинг 1499 таси ундан чиқарилгани маълум бўлди.

Шу билан бирга кўплаб камчиликларга ҳам йўл қўйилган.Айрим ҳолларда у ёки бу оила аъзолари доимий даромад манбаига эга бўлишмаса-да далолатномалар расмийлаштирилиб, улар «темир дафтар»дан чиқарилган. Масалан, «Ширбудин» маҳалла фуқаролар йиғини Ширбудин кўчаси 7-муюлиш 1-уй 4-хонада яшовчи Мафтунабону Адизованинг оиласи доимий даромад манбаига эга эмас. Шу маҳалланинг «Сувчилар» кўчаси 24-муюлиш 2-уйда истиқомат қилувчи 3-гуруҳ ногирони Нигора Ҳамидова ҳозир ҳеч қаерда ишламайди. Аммо уларнинг ҳар иккаласи ишчи гуруҳи томонидан далолатнома расмийлаштирилган ҳолда «темир дафтар»дан чиқарилган. Ёки «Ширбудин» кўчаси 7-муюлиш 4-уйда яшовчи Дилфуза Асадовани олиб кўринг. У айни пайтда ҳамшира бўлиб ишлаяпти. Ижарада туради.Турмушидан ажралган.Қарамоғида бир фарзанди бор. Иқтисодий аҳволи ночор. Шунга қарамай иш билан бандлиги важ қилиниб, "темир дафтар"дан чиқарилган.

Шу ўринда ночор оила кўзбўямачилик учун "темир дафтар"га киритилиб чиқариладими, деган савол туғилади. Ахир, ижара уйда яшаётган киши 600 минг сўм миқдоридаги ойлик маош билан қандай қилиб камбағалликдан халос бўлади?

Ёки бошқа бир мисол. "Б.Нақшбанд" кўчаси 332-уйда яшовчи Муҳаммадамин Фатхуллохаджаевнинг онаси вафот этган, отаси эса озодликдан маҳрум қилинган. У айни пайтда бувисининг қарамоғида яшаб, олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиб келмоқда. Иқтисодий жиҳатдан ночор ҳолатда. Аниқроғи, бувисининг нафақасига кун кечираяпти. Ажабланарлиси шундаки, ушбу оила ҳам қўшимча даромадга эга бўлмаса-да «темир дафтар»га киритилмаган.

«Шайхул олам» маҳалласида яшовчи фуқаро П.Артиқованинг турмуш шароитини ўрганганимизда ҳам «темир дафтар»дан чиқаришнинг антиқа усули қўлланганига шоҳид бўлдик. 1936 йилда туғилган бу фуқаронинг боқувчиси йўқ, ўзгалар парваришига муҳтож. Шунга қарамай, у «темир дафтар»дан чиқарилган.

Бундай мисолларни яна бир қатор маҳаллалар мисолида келтириш мумкин. Ташвишланарлиси, мазкур сектор ҳудудида «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари»га киритилган фуқароларга қандай амалий кўмак кўрсатилгани юзасидан мониторинг ишлари ўтказилганида ҳам қатор камчиликлар кўзга ташланди.

Ўрганиш якунига кўра, аниқланган ҳолатлар бўйича оилаларни "темир дафтар"га киритиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан Халқ депутатлари Бухоро шаҳар кенгашига ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида шаҳар 4-сектор раҳбари, ДСИ бошлиғи номига тақдимномалар киритилди.

Равшан РАЖАБОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро шаҳридаги
Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?