ТДИУда «Соғлом инсон – соғлом миллат» ғояси остида «Ректор кубоги» оммавий спорт мусобақаларининг очилиш маросими бўлиб ўтди

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»
2025 йил 13 февраль куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида олимпия ва паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Ушбу йиғилишда ёшлар ўртасида спортни тарғиб қилиш, спорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиш учун шароит яратиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Шу мақсадда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида «Соғлом инсон – соғлом миллат» ғояси остида «Ректор кубоги» оммавий спорт мусобақаларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Спорт вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вакиллари, университет раҳбарияти, таниқли спорт усталари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Очилиш маросимида мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантириш бўйича илгари сурилган вазифалар, хусусан, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ва аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш борасидаги муҳим масалалар эътироф этилди. Шунингдек, ўтган ўқув йили мобайнида миллий ва халқаро спорт мусобақаларида юқори натижалар кўрсатаётган талабалар тақдирланди.

Университетда старт олган «Ректор кубоги» мусобақалари талаба-ёшлар ўртасида спортнинг 8 та тури (бадминтон, стол тенниси, кураш, шахмат, сузиш, футбол, волейбол)ни қамраб олган бўлиб, ғолиблар пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиши кўзда тутилган. ТДИУ талаба-ёшлари эса турли спорт йўналишларида муваффақиятли иштирок этиб, миллий ва халқаро даражада ютуқларга эришиб келмоқда. Хусусан, «Беш ташаббус олимпиадаси», «Универсиада–2024», «Талабалар лигаси» каби мусобақаларда, шунингдек, Қозоғистонда ўтказилган Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари, Россиядаги жаҳон чемпионати, пара-армрестлинг бўйича Жаҳон кубоги ва Ўзбекистон чемпионатида университет спортчилари юқори натижаларни қўлга киритди.

Университет спорт инфратузилмасини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Кампуслар ва талабалар турар жойларида спорт билан шуғулланиш учун замонавий шароитлар яратилган, эрталабки жисмоний машғулотлар мунтазам ташкил этилмоқда. Спорт мажмуалари эса замонавий жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, бу талабалар ва спортчиларга самарали машғулотлар ўтказиш имконини бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг спорт соҳасини ривожлантириш бўйича белгилаган устувор вазифалари асосида ТДИУда амалий ишларни янада кенгайтириш, талабаларни спортга кенг жалб қилиш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда халқаро мусобақаларда юқори марраларни эгаллашларини таъминлаш мақсадида тизимли чора-тадбирлар давом эттирилмоқда. Шу йўл билан университет раҳбарияти «Соғлом инсон – соғлом миллат» ғоясини ҳаётга изчил татбиқ этиш орқали талаба-ёшларимизга ҳар томонлама қулай шароит яратиш ва уларни жаҳон ареналарида муносиб иштирок этишга тайёрлашни мақсад қилган.







Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг