Татаристон Республикаси Раиси Навоий вилоятида

11:20 19 Декабрь 2024 Жамият
143 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Россиянинг кўп қиррали ҳамкорлиги ривожида ҳудудлараро алоқаларга алоҳида эътиборга молик яқин ва жадал ҳамкорлик сифатида қаралиб, савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги аниқ йўналишлар асосида ривожлантириш устуворлик касб этмоқда.

Татаристон Республикаси Раиси Рустам Миннихановнинг Навоий вилоятига навбатдаги ташрифини ушбу ҳамкорлик алоқаларининг самараси сифатида эътироф этиш мумкин.

Мартабали меҳмон ташриф аввалида Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов ҳамроҳлигида “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидаги саноат паркида бўлиб, унинг биринчи иншоотидаги қурилиш ишлар билан танишди.

— Ушбу технопарк қурилишининг тамал тоши ўтган йилнинг октябрь ойида Қозон шаҳрида ўтказилган минтақалараро форумда қўйилган, ўшанда “Кипмастер” АЖ билан Навоийда махсус индустриал парк бунёд этиш бўйича келишувга эришилган эди, — дейди Навоий вилояти ҳокими ўринбосари, Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Элбек Ғаффоров. — Умумий қиймати 251 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу мажмуада 19 та лойиҳа амалга оширилади. Бугун унинг 40 минг квадрат метр майдон ажратилган биринчи иншоотида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мажмуадаги озиқ-овқат саноати учун турли қадоқлаш маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослашган лойиҳа шулардан бири бўлиб, унинг доирасида йилига 1,5 миллиард дона алюмин банкалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 200 нафардан ортиқ киши иш ўрнига эга бўлади.

Татаристон Республикаси Раиси махсус индустриал паркдаги бошқа лойиҳалар билан ҳам таништирилиб, уларни малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шундан сўнг ҳудудлараро савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги йўналишлар асосида ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор жиҳатлари бўйича музокаралар ўтказилди. Саноат парки ва эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ривожлантиришда ҳамкорликнинг янги истиқболли лойиҳалари муҳокама этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер