«TasIMO-2025» Тошкент халқаро математика олимпиадасининг ғолиб ва совриндорлари муносиб тақдирланди
Фото: Жалолиддин Ражабов / «Халқ сўзи»
Аввал хабар қилинганидек, жорий йилнинг 18-21 май кунлари Тошкент шаҳридаги Халқаро Нордик университетида математика фанидан иқтидорли ўқувчи-ёшлар учун муҳим беллашув — «TasIMO-2025» Тошкент халқаро математика олимпиадаси финал босқичи ўтказилди.
Тўрт кунлик илмий ва маданий фаолиятларни қамраб олган мазкур олимпиада Халқаро Нордик университети, IDC таълим маркази ташаббуси билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Болалар Омбудсмани, Жаҳон банки, ЮНИCЕФ халқаро ташкилоти, Рован университети (АҚШ) ва Карелия амалий фанлар университети (Финландия), «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари ҳамда UzReport ТV ҳамкорлигида ташкил этилди.
Бугун, 21 май куни Тошкент шаҳар Ёшлар ижод саройида мазкур нуфузли олимпиаданинг натижалари эълон қилинди ҳамда ғолиб ва совриндорлар пул ва эсдалик совғалари билан мукофотланди. Шундан сўнг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоиз, «TasIMO-2025»да ҳакамликнинг шаффоф бўлиши асосий мезонлардан бири сифатида қаралди. Шу нуқтаи назардан олимпиаданинг ҳакамлар ҳайъатига халқаро экспертлар ҳам жалб этилган. Хусусан, Эрон, Малайзия, Словакия, Чехия, Руминия, АҚШ каби хорижий давлатлардан ташриф буюрган мутахассислар ёш математикларнинг билимини синовдан ўтказди.

Тошкент халқаро математика олимпиадасининг II мавсумида яна бир янгилик, Ўзбекистон Фанлар Академияси президенти, математик олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпов номидаги гран-при таъсис этилди. Ушбу совринни Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, мусобақа бўйича энг юқори натижани қайд этган Асадбек Бобоқулов қўлга киритди. Иштирокчи тақдирлаш маросими доирасида мазкур гран-прини муаллифнинг қўлидан қабул қилиб олди.


«ТаsIMO-2025» ташкилотчилари ёпилиш маросимининг таъсир доирасини кенгайтириш ҳамда ҳаяжонларга бой тарзда ўтказиш мақсадида ғолиб ва совриндорлар номини реал вақт кесимида эълон қилиб борилишини таъминлади. Бу эса йиғилганларга ўзгача кайфият бағишлашга ҳисса қўшди.
Қуйидаги расмларда сиз Тошкент халқаро математика олимпиадаси финал босқичида муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган маҳаллий ва чет эллик ўқувчилар рўйхати билан танишишингиз мумкин:










Қайд этиш жоиз, олимпиадада 1-,2- ва 3- ўринларни қўлга киритган иштирокчилар мос равишда олтин, кумуш ҳамда бронза медаллари, «TasIMO-2025» бренди туширилган махсус статуэтка, эсдалик совғаси билан тақдирланишди. Бундан ташқари, 1-ўрин соҳибига 1000, 2-ўрин учун 600, 3-ўринни эгаллаган қатнашчига эса 400 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти тақдим этилди.
Шунингдек, халқаро тажриба бўйича яна битта номинация эълон қилинди. Унга кўра, битта масалани тўлиқ, 100 фоиз аниқлик билан ишлаган ўқувчилар учун фахрий диплом таъсис этилди. Мазкур номинация ғолиблари қуйида келтирилган:

Тақдирлаш маросими якунига етгач эса тадбирнинг бадиий қисмига навбат берилди. Саҳнада Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Татаристон, Бошқирдистон Республикалари халқ артисти, Халқаро Нордик университети фахрий профессори Жинсбек Пиязов ҳамда унинг шогирдлари Улуғбек Ҳафизов ва Ясмина Ҳусниддинова қўшиқ куйлади.

Томошабинлар эътиборига қизиқарли бўлган лазер шоу ҳам ҳавола этилди.


Тайёрлади:
Муҳсин Умурзоқов / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг