Ташаббус – маҳалладошлардан чиқди

14:12 20 Март 2026 Жамият
123 0

Қувасой шаҳрининг «Суфон» маҳалласи гўзал табиати, мевазор боғлари ва тиниқ сойлари билан машҳур. Маҳалла аҳли вилоятда деҳқончилик ва боғдорчилик соҳасидаги миришкорлиги билан танилган.

Айни пайтда маҳаллада ўзбек, тожик ва қирғиз каби бир неча миллат вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда ҳамда аҳил-иноқликда умргузаронлик қилмоқдалар. Бу йилги қўшалоқ байрамлар суфонликлар учун унутилмас таассуротлар билан ўтаётгани эътиборга молик.

Наврўзи олам ва Рамазон ҳайити муносабати билан ёзилган файзли дастурхон атрофида каттаю кичик жам бўлди. Қўшни «Бўстон» МФЙдан қардошлар меҳмонга келиб, қардош халқларнинг миллий таомлари ва ширинликлар пиширилди. Дошқозонда сумалак ва палов дамланди. Байрам тадбирлари доирасида миллий ўйинлар ҳам ташкил этилди. Арқон тортиш, ланка, арғимчоқ, «Оқ теракми – кўк терак» каби халқ ўйинлари барчани янада ҳамжиҳатликка чорлади.

Қувонарлиси, шу куни «Суфон» МФЙнинг янги биноси фойдаланишга топширилгани байрамга муносиб туҳфа бўлди. Бу бино қурилишида, энг аввало, маҳалла аҳли ташаббускор бўлгани таҳсинга лойиқ. Эзгу ташаббус доирасида бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган эски бино ўрнида ҳомийлик ва ҳашар йўли билан янги иншоот қад ростлади. Қарийб 700 миллион сўм маблағ сарфланиб, 6 та хизмат хонаси ва 1 та кенг залдан иборат ушбу бино қуриб битказилди. Қувасой шаҳар ҳокимлиги томонидан ажратилган 30 миллион сўм маблағ эвазига замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланди.

— Бу бино эндиликда нафақат тадбирлар ўтказиш жойи, балки халқимизни муштарак мақсад йўлида бирлаштирадиган қадрдон масканга айланади, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сардорбек Аҳмаджонов. — Йиғин биносида «маҳалла еттилиги» учун барча қулайликлар муҳайё этилди.

Шундай қутлуғ кунларни янги бинода бошлаётганимиз маҳалла аҳлининг уюшқоқлиги ҳамда давлатимиз томонидан мазкур тизимга қаратилаётган юксак эътибор ва рағбат самарасидир.

Айтиш жоиз, ҳозирги кунда маҳалладаги 1350 та оилада 4013 нафар аҳоли истиқомат қилади. Боғдорчилик маҳалланинг иқтисодий ривожланиш драйвери сифатида белгиланган.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?