«Тармоқ-корхона-олийгоҳ» узвийлиги давом этмоқда

19:16 07 Август 2024 Жамият
214 0

Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Жорий йилда Давлатимиз раҳбари раислигида муҳандислик йўналишларида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ректорлари учун ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган вазифалар ижроси бўйича Наманган муҳандислик-технология институтида амалий ишлар қилинмоқда.

Айни пайтда вилоятдаги 24 та етакчи корхонада институт кафедраларининг филиаллари ташкил этилди. Хусусан, Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази Давлат муассасаси Наманган филиалида Метрология, стандартлаштириш ва сифатни бошқариш кафедраси филиали фаолият юритмоқда. Бу филиал талабаларга ва ёш тадқиқотчиларга назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш имконини беради. Шу билан бирга, «Тармоқ-корхона-олийгоҳ» занжирини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.

— Мазкур муассасада кафедрамиз филиали ташкил этилгани тадқиқотлар ўтказиш имконини берди, — дейди институт таянч докторанти Шаҳсанам Холбоева. — Энди назарий билимларни амалиётда синаб кўрамиз. Бу филиалда келгусида кўплаб янги илмий лойиҳа ва тадқиқотлар олиб борилишига ишонаман.

Ҳозиргача институтнинг вилоятдаги 110 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари билан мустаҳкам алоқалари йўлга қўйилган. Талабаларнинг ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётлари мазкур корхоналарда ташкил этилмоқда. Бу ўз навбатида, уларнинг реал иш муҳитида ишлаш, касбий кўникмаларини оширишида муҳим имконият яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?