Таълимга эътибор – халқ ишончига муносиб жавоб

15:00 08 Июль 2025 Жамият
263 0

Сифатли ва барқарор таълим — ҳар бир юртнинг келажагини белгилайдиган асосий пойдевор саналади. Президентимиз томонидан таълим соҳаси устувор йўналиш деб эълон қилиниб, ушбу соҳага қаратилган ислоҳотлар, хусусан, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, замонавий таълим моделларини жорий этиш, малакали кадрлар тайёрлашга оид фармон ва қарорлар – мамлакат тараққиёти учун узоқни кўзлаган сиёсатнинг амалий ифодасидир.

Шу умуммиллий мақсадга мос равишда, Шайхонтоҳур туманидаги 59-сонли, хитой тилига ихтисослаштирилган мактабда амалга оширилган ишлар ҳам таълим соҳасидаги давлат сиёсати самарасини намоён этади. Мазкур мактаб 1971 йилда қурилган бўлиб, 2004 ва 2012 йилларда қисман таъмирланган. Ҳозирда унда 1800 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда. Бироқ мактаб маъмурияти 2020 йил ноябрь ойида менга мурожаат қилиб, бинолар ва синф хоналар етарли эмаслиги, жиҳозлар эскиргани ва таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаётганини билдирди.

Халқ вакили сифатида ушбу масалани шахсан назоратга олдим. Аввало, мактабдаги мавжуд шароитни ўргандик, таълим сифатига таъсир этувчи омиллар таҳлил қилинди. Шу асосда Халқ таълими вазирлигига депутатлик сўрови билан чиқдим. Сўровда мактабни реконструкция қилиш, қўшимча бино қуриш ва ушбу лойиҳани 2022–2023 йилги Давлат дастурига киритиш таклиф қилинди.

Бу ишда масъулият ва изчиллик муҳим бўлди. Ҳар бир босқичда тегишли ташкилотлар билан мулоқотлар олиб борилди. Саъй-ҳаракатлар самарасида 2025 йил март ойига келиб, давлат дастури доирасида 59-сонли мактаб тўлиқ реконструкция қилинди ва 420 ўринли, тўрт қаватли замонавий янги бино фойдаланишга топширилди.

Энг қувонарлиси, мактаб жамоаси, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари бу янгиланишни интизорлик билан кутган эдилар. Уларнинг миннатдорлик сўзлари ва кўзларидаги шодлик — депутат сифатида юклаган вазифанинг амалий натижаси бўлди.

Жорий ҳафтада мактабга яна ташриф буюриб, масъуллар билан таъмирдан кейинги ҳолатни кўздан кечирдик. Бу билан чекланиб қолмай, мактаб ҳовлисидаги бўш ерда енгил конструкцияли ёпиқ спорт зали қуриш бўйича режа белгилаб олинди.

Президентимиз таълимни давлат тараққиётининг асосий йўналиши сифатида белгилаган эканлар, биз, халқ вакиллари, ҳам бу йўналишда амалий ҳисса қўшишга масъулмиз. Чунки ҳар бир мактаб масаласи – бу болаларнинг келажаги, халқнинг эртаси деганидир. Шу боис, биз халқ ишончига муносиб бўлиш учун барча куч ва салоҳиятимизни сафарбар этамиз.

Отабек ЖИЯНБОЕВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер