Таълимда сифат ва самарадорлик ортмоқда

16:41 14 Октябр 2024 Жамият
178 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилоятида умумтаълим мактабларида замонавий шароит яратиш билан бир қаторда таълим сифатига ҳам жиддий эътибор қаратиляпти. Ўтган йили вилоятда таълим сифати паст мактаблар сони 88 та бўлса, бу йил 69 тани ташкил этди. 2024-2025 ўқув йилида бу мактабларга туман, шаҳарлардаги намунали, таълим сифати юқори бўлган мактаблар амалий ёрдам кўрсатиши учун бириктирилди.

Замонавий билимларни эгаллашда ўқув воситалари, компьютерларнинг аҳамияти катта. Бугунги кунда ўқувчиларга интерактив электрон доскалардан фойдаланиш орқали мавзуларни тушунтириш таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Нарпай туманидаги 70 та умумтаълим мактабининг 39 тасида электрон доскалар ўрнатилган эди. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудуддаги 31 та умумтаълим мактабига ҳам интерактив доскалар топширилди. Пахтачи тумани ҳокимлиги томонидан эса 17 та умумтаълим мактабига электрон доскалар туҳфа қилинди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар кейинги йилларда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш ва замонавий билимлар беришда барча ўқитувчиларга омад тилади.

—Умумтаълим мактабларида таълим сифатини яхшилаш мақсадида янги лойиҳалар амалга ошириляпти, мавжудлари такомиллаштириляпти, — дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шаҳзод Эшонқулов. — Масалан, янги ўқув йили учун «Зўр» лойиҳаси асосида 42 нафар хорижлик мутахассис жалб этилди. Улар таълим берадиган мактабларда маҳаллий ўқитувчилар учун маҳорат дарслари ташкил этилмоқда. Қўшработ, Нуробод, Каттақўрғон туманларининг олис ҳудудларида бошқа вилоятдан келиб дарс ўтаётган тажрибали ўқитувчилар фаолияти ҳам яхши самара беряпти. Нуробод туманидаги 55-, Қўшработдаги 19-мактаб бундан икки йил аввал қизил тоифада эди. Устозлар саъй-ҳаракати билан бу таълим муассасалари бугунги кунда яшил тоифадаги мактабларга айланди.

Ўтган ўқув йилида 68 та мактаб янги баҳолаш тизимига ўтказилганди. Бунинг натижасида таълим сифати ошган ва юқори натижаларга эришган ушбу мактаб жамоаларига 40 фоизгача устамалар белгиланиши мактаблар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтирди. Янги ўқув йилидан яна 50 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер