Таълимда инновация ва инновацион фаолият уйғунлиги

14:31 31 Июль 2024 Жамият
109 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона политехника институти саноат корхоналари билан ҳамкорлик кўламини кенгайтириш борасида улкан ютуқларга эришмоқда. Вилоят ҳокими олий таълим даргоҳида бўлиб, натижалар ва келгуси режалар хусусида профессор-ўқитувчилар, талабалар билан суҳбатлашди. Юзма-юз мулоқотда илмий изланишлар, амалий саъй-ҳаракатлар кўламини кенгайтириб бориш ҳаётий зарурат эканлиги таъкидланди. Фарғона вилоятининг саноат, экспорт салоҳиятини ошириш, тадбиркорлик, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда шу орқали янги иш ўринлари яратишда бу каби замонавий ёндашувлар катта самара бериши эътироф этилди.

Институтда охирги уч йилда илмий ишлар, инновациялар ҳамда тижоратлаштириш фаолияти 45 миллиард сўм маблағ жалб этилди. Таълим хизматлари экспортини амалга ошириш, халқаро лойиҳалар ва грантлар орқали жалб этилган хорижий инвестициялар миқдори қарийб 420 минг еврони ташкил этди. Шу тариқа таълим муассасасида илмий ишланмалар натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш кўрсаткичи 92 фоизга етказилишига эришилди.

— Айни пайтда билим масканида қурилиш ва архитектура соҳасида хизмат кўрсатувчи «Farpi Hitech Ehgineer» унитар корхона фаолият кўрсатмоқда, — дейди Фарғона политехника институти ректори Ўктам Саломов. — Бу ерда бино ва иншоотларни лойиҳалаш, қурилиш синов лабораторияси, геотопографик лойиҳалаш, бино ва иншоотлар конструкцияларининг зилзилабардошлигини баҳолаш каби 22 та лицензияланган хизматлар кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилган.

Ўтган йили мазкур корхона томонидан умумий қиймати 1,7 млрд. сўмлик хизматлар кўрсатилди. Учрашувда профессор–ўқитувчилар томонидан саноат корхоналарида замонавий технологияларни жорий қилиш, сой ва каналларда 230 та микроГЭСлар ўрнатиш, сунъий интеллектдан фойдаланиб, энергия самарадорлигини ошириш, ҳудудларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш сингари йўналишларда олиб борилаётган илмий-инновацион лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Вилоят ҳокими илмий-тадқиқот, ўқув-ишлаб чиқариш комплекси – Технопарк фаолияти билан ҳам танишди. Ҳозирда ушбу мажмуада 40 дан ортиқ докторант ва мустақил тадқиқотчилар ҳамда 20 нафардан зиёд магистрлар илмий изланишлар олиб бормоқда. 800 дан кўпроқ бакалавриат таълим йўналиши талабалари ишлаб чиқариш ва малакавий амалиётга жалб этилган.

Институтнинг спин–офф корхоналари жорий йилда 40 млрд. сўм, кейинги йили 100 млрд. сўм даромад олишни режалаштирган. Эътиборлиси, мазкур корхоналар ишчи-хизматчиларининг 90 фоизи институтнинг ўқитувчи ва талабаларидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер