Таълим статистикасини юритиш бўйича Корея тажрибаси ўрганилмоқда

10:00 08 Октябр 2020 Жамият
1796 0

Кеча, 7 октябрь куни Таълим инспекцияси мутасаддилари ҳамда Корея таълим тараққиёти институти (KEDI) вакиллари ўртасида онлайн мулоқот ўтказилди. Унда Ўзбекистон таълим тизимида статистик маълумотлар базасини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда соҳага замонавий АКТ жорий этиш бўйича Корея таълим тараққиёти институти (KEDI) билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, таълим статистикалари юритиш бўйича Жанубий Корея Республикасидан ўрганиш мумкин бўлган бир қатор ютуқли жиҳатлар мавжуд.

Хусусан, жорий йилнинг 7 май куни KEDI вакиллари билан ўтказилган учрашувда кореяликлар томонидан таълим тизимининг барча босқичларини умумлаштирувчи ягона статистик маълумотлар базасини яратиш бўйича ҳамкорлик қилиш таклифи илгари сурилганди. Мазкур лойиҳа орқали Ўзбекистонда таълим кўрсаткичлари ва статистик салоҳиятини ошириш кўзда тутилган. 2020 – 2022 йилларда амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳада Корея вакиллари томонидан Ўзбекистондаги тегишли вазирлик ва ташкилотлари билан ҳамкорликда турли жараёнлар жумладан сафарлар, интервьюлар, халқаро семинарлар каби тадбирлар ташкиллаштирилади. Бундан ташқари, KEDI вакиллари мамлакатимизда таълим статистикасини ўрганиш ва таҳлил қилиш, шунингдек келгусида такомиллаштириш ва фаолият йўналиши бўйича тегишли вазирлик ва ташкилотларга таклиф ва тавсиялар киритади.

Айни учрашув ҳам Ўзбекистон таълим тизимида статистик маълумотлар базасини яратиш бўйича ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа муҳокамасига бағишланди.

Тадбирда иштирок этган Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев кореялик ҳамкорларга коронавирус пандемияси бўлишига қарамай, Ўзбекистонда таълим сифати ва статистикасини юритиш бўйича салоҳиятни оширишга қаратилган лойиҳа таклифи учун миннатдорчилик билдирар экан, бунда хорижлик ҳамкорларнинг ўрни муҳимлигини таъкидлади.

– Корея тажрибаси Ўзбекистон учун таълим сифатини ошириш ҳамда соҳада статистик маълумотларни юритишда биз учун энг маъқул намуналардан биридир. 2018 йил март ойида Жанубий Корея Республикасига сафаримиз давомида кўплаб таълим ташкилотлари, вазирликлар, соҳа вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувларда ҳам бунга бир неча бор амин бўлганмиз.

Сир эмаски, карантин чекловлари, эпидемиологик вазият сабабли ҳамкорликдаги режаларимиз бироз кечикмоқда. Ташкилий тадбирлар эса онлайн форматида амалга оширилишига тўғри келяпти. Вазиятни тўғри баҳолаб, бу борада бизга ҳар томонлама кўмак бериб келаётганлигингизни қадрлаймиз.

Корея таълим статистикаси ҳолати ва тизими бошқарувига доир қимматли маълумотлар билан танишиш биз учун муҳим. Бугунги муҳокамалар келгусида ҳамкорликда амалга оширадиган ишларимиз учун асос бўлиб хизмат қилади, – деди Таълим инспекцияси бошлиғи.

Ўз навбатида Корея Таълим статистика маркази, олий таълим бандлиги статистикаси жамияти директори Сон Жие мазкур масала бўйича ҳамкорлик қилишдан мамнун эканликларини таъкидлар экан, Жанубий Кореядаги таълим статистикасининг ривожланиш тарихи, ҳозирги ҳолати ва ривожланиш жараёнлари ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашди.

Таъкидланишича, Жанубий Кореяда таълим статистикасини юритиш тарихи 1966 йилга бориб тақалади. Ўша йилларда маълумотлар қўлёзмалар шаклида жамланган. 2010 йилга келиб, бошланғич, ўрта мактаб ва ундан кейинги таълим статистикаси билан боғлиқ барча кузатувлар учун миллий таълим ахборот тизими (NEIS) яратилган. Олий таълим ташкилотлари статистикаси эса ҳар бир университет учун автоном равишда ўрнатилган интеграциялашган ахборот тизими (IIS) орқали олиб борилади. Ушбу тизим соҳада маълумотлар билан ишлаш самарадорлигининг ошишига хизмат қилган бўлиб, у талабалар, уларнинг баҳолари ва ўқитувчилар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади. Университетлардаги таълим статистикаси ушбу тизимдаги маълумотлар асосида шакллантирилади. Яқин келажакда мазкур тизимлардаги маълумотларни умумлаштирган ҳолда, битирувчиларнинг иш билан таъминланишига доир умумлаштирилган статистик маълумотлар базаси яратилиши режалаштирилмоқда.

Шундан сўнг, KEDI статистика маркази тадқиқотчиси Но Сангте Корея таълими статистикасини бошқариш жараёни ҳақида маъруза қилди. Ушбу маърузалар томонларни қизиқтирган савол жавоб ва мунозараларга уланиб кетди. Бунда таълим тизимида статистик маълумотларни тўплаш, ҳаққонийлиги таъминлашда Ўзбекистон ва Корея тажрибаси ва томонлар ўртасида ўзаро ўрганиш лозим бўлган жиҳатлар бўйича фикр алмашилди.

Муҳокамалар якунида, Таълим инспекцияси бўлими бошлиғи Рашид Тожибоев кореялик ҳамкорларга таълим статистикаси ҳолати Ўзбекистон тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар билан ўртоқлашди. Мазкур маълумотлар ҳам кореяликлар томонидан ўзгача қизиқиш билан қабул қилинди.

Маълумот учун, Корея таълим тараққиёти институти (KEDI) 1972 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади таълимни ривожлантириш ва такомиллаштириш соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқишдан иборат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер