Таълим, илм ва амалиёт уйғунлиги

Тан олиш керак, шу пайтга қадар ишлаб чиқариш корхоналари ва олий таълим муассасалари ўртасида номутаносиблик ҳукмрон эди. Энг зарур ва замонавий мутахассисликлар учун кадрлар тайёрлаш масалалари ҳамжиҳатликда ҳал этилмаган. Битирувчилар ихтисослиги корхона талабига мос тушмаган. Натижада маҳаллий саноат тармоқларида “Таннарх муҳандислиги”, “Қиёслаш муҳандислиги”, “Қайта муҳандислик” каби билим-кўникмаларга эга кадрларга эҳтиёж ортиб бораверган. Меҳнат бозори учун ноёб мутахассислар эса катта маблағ эвазига хориждан таклиф қилинган.
Ўтган йили давлатимиз раҳбари иштирокида муҳандис кадрларни тайёрлаш тизимидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ҳамда 2024 йил 2 февралдаги “Таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра муҳандислик-техника йўналишида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ташкилий-бошқарув фаолияти тубдан янгиланмоқда. Тармоқ корхоналарининг юқори сифатли кадрларга бўлган реал эҳтиёжлари ўрганилиб, олий таълим йўналишлари ва қабул параметрлари билан мослаштирилмоқда.
Хориждаги илғор тажрибалардан келиб чиқиб, янги техника ва технологияларни ярата оладиган муҳандис кадрлар Тошкент давлат техника университетида тайёрланмоқда. Амалдаги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари ўқув дастурлари дунё рейтингидаги “ТОП — 300”таликка кирган хорижий олий таълим муассасалари ва замонавий технологияларга асосланган хорижий ҳамда юртимиздаги иш берувчи йирик корхоналар талабларига мувофиқ такомиллаштирилмоқда.
Дуал шакл афзаллиги
Талаба замонавий билимларни эгаллаши баробарида ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат қилиб, амалий кўникмаларини ривожлантирса, у ҳар томонлама яхши мутахассис бўлиб етишади. Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, таълимнинг ушбу дуал шакли юқори самара бергани учун ҳам Ўзбекистон таълим тизимига татбиқ этилмоқда.
Муҳандислар тайёрлашга ихтисослаштирилган олий таълим муассасаларида “тармоқ — корхона — олийгоҳ” тизими йўлга қўйилган. Талаба, ўқитувчи ҳамда соҳа мутахассиси олийгоҳга бириктирилган саноат тармоғи ёки ташкилот ҳамкорлигида амалий кўникмалар олади ҳамда корхоналарда ташкил этиладиган кафедраларда илмий тадқиқот ишларини бажаради.
Бугунги кунда олий таълим муассасамиз Фанлар академияси тасарруфидаги бир қатор институтлар, жумладан, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари илмий-тадқиқот институти билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибидаги “Artel electronics manufacturing” МЧЖ, “Тошкент шаҳар магистраль электр тармоқлари корхонаси” АЖ, “Тошкент ГЭСлар каскади” унитар корхонаси, “Гидропроект” АЖ тасарруфидаги Комплекс синов лабораторияси бўлими, “Artel” компанияси, “Texnopark” МЧЖ, “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ, “UzAuto Motors Powertrain” АЖ каби ўнлаб йирик ишлаб чиқарувчи корхоналарда кафедралар филиаллари фаолият кўрсатмоқда.
Бу эса талаба ва тадқиқотчиларнинг амалиётлар, стажировкалар, дарсдан ташқари лойиҳалар, муаммоларнинг рақамли ечимлари, замонавий тадқиқотлар олиб боришда мавжуд технологик ускуналардан фаол фойдаланиши ҳисобига амалий кўникмаларни кўпроқ эгаллашига ёрдам беради. Фаол талабалар корхона томонидан мунтазам рағбатлантирилмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати, талабалар амалиёти ва битирув курсдаги таълими ҳамкор корхоналарда ташкил қилинаётир.
Магистратурада ёшлар икки йиллик амалий дастурлар бўйича замонавий илмий-тадқиқот лабораторияларида ишлаб чиқариш субъектларини ривожлантиришнинг инновацион ечимлари, истиқболли Қоя ва лойиҳалар устида тадқиқотлар олиб боришяпти. Уларнинг аксарияти шу ернинг ўзида корхоналар буюртмаси асосида иш билан таъминланмоқда.
Олийгоҳимиз Германия, Япония, Хитой, Россия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Сингапур каби ривожланган давлатларнинг нуфузли техника университетлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. Хорижлик мутахассислар дуал таълим асосида амалга оширилаётган ишларимизни алоҳида эътироф этишяпти.
Тадқиқот ва инновация
22 январь куни давлатимиз раҳбари томонидан олий таълим ва илм-фан соҳасидаги устувор вазифаларга оид тақдимот билан танишиш жараёнида бу йил яна мингдан ортиқ таълим дастурлари “ТОП — 300” университет дастурлари асосида такомиллаштирилиши, 45 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилиши, “Регистратор офиси” хизматлари билан талабалар тўлиқ қамраб олиниши ҳамда дуал таълимга яна 50 минг талаба жалб этилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, олий таълимда илмий салоҳият 55 фоизга чиқарилади, хорижда 5 минг нафар педагогнинг малакасини ошириш режалаштирилган. Илғор муҳандислик мактаблари сони 25 тага етказилиб, саноат корхоналари билан лойиҳалар қийматини 10 баробар ошириш мақсад қилинган.
Бугунги вазифалардан келиб чиқиб, Дрезден техника университети, Нагоя университети ва бошқа чет эл олий таълим муассасалари тажрибалари асосида мавжуд таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари мақбуллаштирилмоқда. Тез кунларда халқаро нуфузли олий таълим муассасаларининг 10 нафар педагог ходими таълим жараёнига жалб этилади. 30 нафар профессор-ўқитувчимиз эса “ТОП — 1000”талик рўйхатга кирган таълим муассасалари ва илмий текшириш институтларида малака оширади.
Илмий ходимларимиз мунтазам равишда “Scopus”, “Web of Science” ва бошқа халқаро журналларда долзарб чиқишлар қилади. Эътиборлиси, уларнинг мақолалари илмий жамоатчилик диққатини тортмоқда.
Университетимизда таълим сифати жаҳон стандартлари ва мезонларига мувофиқлиги Германиянинг “ASIIN” ташкилоти томонидан муносиб баҳоланди. Яъни электр энергетикаси ва металлургия бакалавриатура таълим йўналишлари, электр таъминоти ва металлургия магистратура мутахассисликлари беш йил муддатга халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтказилди. Бу олий таълим муассасамизда мазкур таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини эгаллаган битирувчиларга берилган дипломлар дунёда тан олинишидан далолат беради.
Педагогик жамоамиз ҳамда илғор ёшлар янги технологияларни яратишда илмий тадқиқот ва инновацияларга асосланишмоқда. Бунинг учун университетимизда кенг имкониятлар яратилган. Қолаверса, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда ишлаб чиқарувчи корхоналар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилгани янги лойиҳаларни амалга ошириш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, амалиётга муваффақиятли татбиқ этиш ҳамда стартап экотизимларни янада ривожлантиришга асос бўлмоқда.
Муҳими, ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси таълимда, илмда ва амалиётда сифат кўрсаткичларининг юксалишига хизмат қилмоқда.
Орифжон ЗАРИПОВ,
Тошкент давлат техника университети проректори,
техника фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг