Тахтакўпирда гастрономик кўча барпо этилди

13:10 26 Март 2025 Жамият
104 0

Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». Тахтакўпир туманидаги «Мустақиллик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Дўстлик гузари» гастрономик кўча фойдаланишга топширилди. Янги объектнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар бу каби ўзгаришлар олис ҳудудларда яшовчи аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга қаратаётган эътибор ҳамда кенг кўламли бунёдкорлик ишларининг амалдаги ифодаси эканлигини алоҳида таъкидлади.

— Тахтакўпирда янгиланишлар катта, — дейди «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раҳбари Ернияз Бегманов. — Ўтган йили куз фаслида Қаратерен кўли бўйида этно-туристик мажмуаси қад ростлади. Мана орадан кўп ўтмай, республикамизда илк бор гастрономик кўча қуриб битказилди. Ҳозир ана шу янги объект очилаётганини кўриб, ҳудуднинг аввалги аҳволи кўз ўнгимда гавдаланди. Қаратерен кўли атрофи ва унга яқин қишлоқларда кўплаб бинолар яроқсиз ҳолатга келиб қолганди. Ижтимоий, уй-жой ва инфратузилма объектлари замонавий кўринишга келтирилди. Бундан руҳланган тахтакўпирлик тадбиркорлар ўз бизнес лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Таъкидлаш жоизки, гастрономик кўча барпо этилиши учун «Агробанк» ҳомийлиги ҳисобидан икки миллиард сўм маблағ ажратилиб, «Реверстрой» масъулияти чекланган жамият томонидан қурилиш ишлари олиб борилди.

Бу масканда 12 та озиқ-овқат ва гўшт маҳсулотларини сотиш, 3 та гўзаллик салони ва сартарошхона, 2 та овқатланиш жойи ва 6 та бошқа йўналишлар бўйича жами 23 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер