Тафаккурнинг 64 нуқтаси — билимлар оламига олиб борувчи энг жозибали йўл

16:56 04 Март 2021 Спорт
673 0

Иллюстратив фото

Ҳар бир инсон қалбидаги эзгу орзулар улуғ мақсадлар сари бошлайди. Айниқса, болаликнинг беғубор дамларидаги беадоқ хайрли ниятлар узлуксиз тарбия билан тартибли йўналиш олиб, бир-биридан юксак поғоналарни забт этишга чорлайди.

Италиялик машҳур иқтисодчи-тарихчи Карло Чипполо “Билимсизлар жиноятчилардан кўра хавфлидир. Жиноятчиларда мақсад бўлади, тентакларда эса йўқ. Шунинг учун уларнинг ҳаракатларини олдиндан билиш имконсиздир. Улар сизга ҳеч қандай сабабсиз, муддаосиз, режасиз зарар етказади. Энг кутилмаган жойда, энг ноқулай пайтда пайдо бўлади”, деб ёзади.

Хитойлик файласуф Конфуций эса билимсизликни энг қоронғу тунга ўхшатади...

Хўш, бундай иллатга қарши қандай кураш олиб бориш мумкин? Аниқ ва синалган йўллари борми? Албатта, бор.

Ақл «машъала»лари қандай ёқилмоқда?

Масалан, жамиятда инсоннинг бутун умр илм олиши учун барча шароитларни яратиб бериш, маърифатли давлат сиёсатини юритиш, бола онгу шуурига гўдаклигиданоқ зиё олиб кириш ёрдамида ақл “машъала”ларини ёқиш, марраларга эришиш мумкин. Бу жуда машаққатли, аммо шарафли йўл, узоқ вақт сарфланадиган вазифа, оғир меҳнат, тараққиёт шарти, замон талабидир.

Кузатаётган бўлсангиз, Ўзбекистонда кейинги йилларда илм-фан, таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ана шу қатъият, интилиш ўз ифодасини топиб боряпти. Бу учинчи Ренессанс қуёши уйғонаётганидан далолатдир.

Қувонарлиси, келажак авлод камолоти йўлида нафақат уларни эрта ёшиданоқ китобга ошуфта этиш, тил ўргатиш, ўқитувчиларнинг ҳаётдаги мақомини тубдан кўтариш, уларни қўллаб-қувватлаш, янги боғчалар, мактаблар қуриш, ота-оналарнинг дунёқарашини ўзгартириш ва жавобгарлигини ошириш, мазкур вазифаларга масъул соҳаларда коррупцияни йўқотиш каби анъанавий усуллар қўлланиляпти, балки ностандарт, аммо ижобий натижа берадиган тамойилларга ҳам мурожаат қилинмоқда.

Улардан бири мамлакатда, айниқса, ёшлар ўртасида шахматни оммалаштириш билан боғлиқ. Бу бежиз эмас. Зеро, мумтоз тилда айтганда, шатранж инсонда нафақат ақлий салоҳият ва мантиқни юксалтиради, балки руҳиятни ҳам чиниқтиради.

«Пиёда»дан «фарзин»га айланиш санъати

Бу аслида бобомерос қадрият ҳамдир. Зотан, буюк аждодимиз, ҳарб санъатининг етук саркардаси Амир Темур нафақат жанг майдонида, балки оқ-қора катаклар устида от суришни ёқтирганининг ўзиёқ кўп нарсани англатади. Айрим манбаларда Соҳибқирон, ҳатто ўз шахматини яратгани айтилади. У тарихда Темур шатранжи номи билан машҳурдир.

Ўзи бошқарган давлатни оқилона сиёсати, стратегик фикрлаши ва аниқ ислоҳотлари асосида тараққиётнинг юксак чўққиларига олиб чиққан етакчилар эса халқаро сиёсат майдонининг “гроссмейстерлари”, деб аталиши ҳам бежиз эмас. Зеро, машҳур сиёсатчи Збигнев Бжезинский таъбири билан айтганда, “буюк шахмат тахтасида муносиб дона суриш” жуда катта маҳорат, ирода ва прагматизмга асосланган тафаккурни талаб этади. Қарангки, бундай етакчиларнинг кўпчилиги шахмат ўйнашни суйиши қаторида, мамлакатида мазкур спорт турини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратган ва бу анъана бугун ҳам давом эттириляпти.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Наполеон Бонапарт, Жорж Вашингтон, Авраам Линкольн, Уинстон Черчилль, Махатма Ганди, Вацлав Гавел каби ўз даврининг етук сиёсий вакиллари шахмат шинавандалари бўлган, улар бўш вақтининг катта қисмини “шоҳ ва мот” санъатига бағишлаган.

Хамфри университети томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра эса 1880 йилдан бошлаб АҚШ президентлигига демократлар партиясидан сайланган Президентларнинг 89 фоизи, яъни ҳар 9 тасидан 8 нафари, республикачилардан эса 35 фоизи (ҳар 14 тасидан 5 нафари) ашаддий шахматчи бўлган. “Сингапур мўъжизаси” муаллифи ва ижрочиси Ли Куан Ю ҳам фарзандлари билан катаклар устида дона суришни канда қилмаган экан. Айнан у бир пайтлари таъбир жоиз бўлса, дунё шахмат тахтасида оддий “пиёда” мақомида юрган Сингапурни “фарзин” даражасигача кўтарган, халқ манфаатларини бекаму кўст таъминлашнинг уддасидан чиққан эди. Зеро, шахмат тилида айтганда, у эндшпилдан кўзланган асосий мақсад ҳам пиёдани фарзинга айлантириш эканлигини бошидаёқ чуқур англаган. Ли Куан Ю буюк миссиясини бажаришда ҳамиша “Истеъдодли одамлар — мамлакатнинг бебаҳо бойлиги” шиори остида меритократия тамойилига таянган.

Шахматга “ошиқлик” ижод ва санъат оламига ҳам бегона эмас. Ёзувчи Лев Толстой, олим Дмитрий Менделеев, рассом Архип Куиджи, бастакор Сергей Прокофьев ҳам шахмат ишқибози эди. Ҳатто актёр Арнольд Шварценеггер “ақл гимнастикаси”дан ортиб қолган вақтини билакларига сарфлаган дейишади.

Ўзбекистонда эса Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби элимиз суйган шоирлар ҳам шахмат ўйнашни нафақат жон-дилдан яхши кўрган, балки бошқаларни ҳам шунга даъват этган.

2-3 та ишни бирданига қилишга уринишнинг «кушандаси»

Биз бу билан шахматни “фетиш” сифатида кўрсатиш ёки ҳамма уни ўрганиши ё ўйнаши шарт дейиш ниятимиз йўқ. Шунчаки сизга, айниқса, ёшларга қарата жамият тараққиётида бошқа кўплаб омиллар қатори шахматга ошуфталик ва 64 катак устида мулоҳаза юритиш ҳам муҳим роль ўйнаши мумкинлигини айтмоқчимиз, холос.

Шу ўринда нега, деган савол ҳам туғилиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмаган ҳолда қуйидагиларни келтирамиз.

Юқорида айтганимиздек, шахмат шахсда нафақат мантиқий фикрлашни ривожлантиради, балки унга руҳий ҳолатни бошқариш, хатоларни тан олиш, олдиндан кўра билиш, масъулиятни ўзига қабул қилиш ва сўзсиз мулоқотни ҳам ўргатади.

Масалан, шахматда энг асосийси — ташқаридан қараб ўйлаш қобилиятидир. Зеро, бу ўйин воқеалар ривожини илгарироқ сезиш, рақибингиз нимани ўйлаётгани ва хоҳлаётганини олдиндан билиш, у ушбу ёки бошқа юришни нима учун қилаётганини тушунишни талаб қилади. Бундай фазилатни тезда эгаллаб бўлмайди, албатта. Ўз навбатида, шахмат одамни ўйлаб иш қилиш, диққатни жамлашга чорлайди. Боиси унда энг керакли пайтда юқори даражадаги концентрацияни кўрсата олган ютади.

Гап шундаки, шахмат ўйнаётганда бошқа нарсалар ҳақида ўйлаш жуда қийин. Чунки у пайтда мия фақат партияга оид тафаккур, ғоя ва вариантлар билан банд бўлади. Мазкур жараёнга шўнғиш эса ўйиннинг устун жиҳатларидан биридир. Бу эса айфонлар, интернет тармоқлари ҳукмрон бугунги даврда ниҳоятда муҳим, деб ўйлайман. Сабаби ҳозир биз доим чалғиб юрамиз, бир вақтнинг ўзида 2-3 та ишни қилишга уринамиз. Амалда эса уларнинг бирортасини якунига етказа олмаймиз. Шахмат эса бунга йўл қўймайди — чалғидингизми, ютқазасиз. Демак, у диққатни жамлаш роҳатини беради. У билан бир, икки, уч соат машғул бўлсангиз, барча нарсани унутасиз-у, гўё янгиланган дунёга тушиб қолгандек бўласиз.

Ўз навбатида, шахмат чекланган вақт ичида қарор қабул қилишга ўргатади. Сиз ўзингизга берилган муддатда энг оптимал ечимни топишингиз керак. Масалан, бир дақиқа ичида жуда кўплаб омилларни баҳолаб, энг тўғри йўлдан юришингиз шарт — кечиктиришга ҳаққингиз йўқ. Бундай қобилият эса ҳаётда ҳам ёрдам беради.

Идеаллик эмас, аммо унга олиб борувчи йўл

Шахмат ўйини асносида яна бир яхши фазилатга эга бўласиз. У баркамолликка интилишдир. Мисол учун, сиз беллашувда ғалаба қозонишингиз, аммо ундан қониқмаслигингиз мумкин. Бу ҳам аслида ўйин билан боғлиқ доимий рефлексиядир. Чунки борган сари инсонда асосийси ғалаба эмас, балки яхши ўйнашга бўлган интилиш кучайиб бораверади.

Чиройли ўтказилган баҳс, у хоҳ дуранг ва ҳатто мағлубият билан тугаса ҳам, кишига баъзан ғалабадан кўра кўпроқ ҳузур, ички қониқиш, интеллектуал “десерт” бахш этиши мумкин.

Шатранж, ўз навбатида, стрессга нисбатан чидамли бўлиш лаёқатини шакллантиради. Шундай дамлар бўладики, сиз узоқ вақт совуққонликни сақлаб туришингиз шарт. Сабаби беллашувда доим ҳам ҳаммаси режадагидек кетмайди. Боз устига, рақибнинг режаси сизникига нисбатан муваффақиятлироқ бўлиши, у сиз кутмаган бирор янгиликни ўйлаб топиши ҳам мумкин. Мана шундай ҳолатдан чиқиб кетиш учун ҳақиқий ирода керак бўлади.

Айтиш жоизки, ҳаёт ҳам шахмат кабидир. Зотан, турмушда ҳам айнан руҳий зарбаларга чидамли бўлиш, тушкунликни енгиб чиқиш ёки уни четлаб ўтиш, “йиқилганда” яна ўрнидан тура олиш кучли инсонларгагина хосдир. Шахмат инсонда ана шу жиҳатларни тоблайди. Ҳаёт синовларида бўлгани каби, шахмат тахтаси устида ҳам ўйин ўз режаси асосида кетмаётганини кўрган одамларда ўзини йўқотиб қўйиш ҳолати тез-тез кузатилади. Тахтада нима бўлишидан қатъи назар, ўзини дадил ва тетик тутиб, тушкунликка юз тутмаганларда эса ютуққа эришиш имконияти катта бўлади.

Яна бир томони: шахмат ўйини давомида рақиблар ўртасида сўзсиз мулоқот кечади. Бу эса актёрлик маҳоратини

талаб қилади. Чунки сиз ўз ҳис-туйғуларингиз, нимани ўйлаётганингизни қарама-қарши тарафга билдириб қўймаслигингиз керак.

Шахматнинг энг катта фойдасидан бири, бу, мағлубиятни муносиб қарши олиш, ундан оқилона хулоса чиқаришга ундашига бориб тақалади. Дастлаб ютқазиб қўйганингизда, “рақибдан кўра интеллектуал даражам паст экан”, деб ўйлаб қоласиз. Бу, жуда ёқимсиз туйғу, шундай эмасми?

Аслида эса бу ҳисни унутиш ва енгиб ўтишнинг ўзи катта санъатдир. Бу лаёқатни эгаллаш ички жараёнларни бошқаришда жуда фойдалидир. Натижада сизда “инсон йиқилади, аммо аста-секин ўзига келади ва қаддини ростлаб, яна курашда давом этади”, деган принцип шаклланади.

Шахматнинг бошқа бир омили ҳам борки, у том маънода ибратомуз. Яъни шахматда айбни бировга ағдариш қийин, хатони ташқаридан эмас, ўзидан излаш устувордир.

Ваҳоланки, азал-азалдан, айниқса, бугунги ўзгаришлар пайтида хатони ўзидан эмас, ўзгалардан излайдиганлар ҳали-ҳануз кўп учраяпти. Масалан, кимдир ота-онаси нотўғри тарбия берганини, бошқа биров эса мактабда яхши ўқитишмагани ва ҳакозо ҳақида гапирганини кўп эшитганмиз. Шахматда эса ундай эмас — партияни ўзинг ўйнадингми, натижага ҳам ўзинг жавобгарсан!

Ўз камчиликлари устида ишлаш — интеллектуал ва руҳий жиҳатдан такомиллашиб бориш, холис бўлиш демакдир.

Жаҳон чемпиони Александр Алёхин бежиз “шахмат ҳалолликни ўргатади”, демаган эди. Комилликка интилишнинг дастлабки қадамлари ҳам аслида мана шундай бошланади.

Буни қарангки, шахмат билан дўст тутинганларнинг кўпчилиги бошқа спорт турлари билан ҳам шуғулланади, кўп китоб ўқийди, зарарли одатлардан воз кечади, эътиқоди бутун бўлади.

Энг асосийси, ўз устида тинимсиз ишлайди, ўзлигини англаб етишга ҳаракат қилади.

Учтаси биттада уйғунлашган ёки Альцгеймернинг универсал душмани

Хўш, мана шундай жиҳатларга эга шахмат спортми, илмми ёки санъат?

Бу аслида аниқ жавобсиз абадий савол бўлса керак.

Фикримизча, ҳақиқий шахматчи ҳар учаласини ўзида уйғунлаштира олиши керак. Дебютга тайёргарлик кўриш, режалар тузиш, ғояларни топиш ва позицияларни эгаллашда илм қўл келади. Чунки бу математик аниқликни талаб қилади.

Шахмат спорт ҳамдир. Боиси, масалан, олти соат ичида деярли қимирламай, сабр билан масалани ечиш жуда қийин. Боз устига, танада юқори даражадаги адреналин ва руҳий “важоҳат” кезиб юради. Ҳиссий ҳолат жуда баланд бўлса-да, ҳаракатлана олмасанг, қийин-да. Масалан, футболда ҳаяжонлар ҳаракат орқали чиқариб юборилади. Шахматда эса бундай эмас. Буни гиподинамик юкланиш дейишади. Яъни ҳаммаси сийратда рўй беради, ҳаракат эса чекланган ва туйғуларни физика билан чиқариб юборишнинг иложи йўқ.

Ўйинчи кўплаб шубҳа-гумонлар, ғоялар ва режаларни бир вақтнинг ўзида ўйлаши, ҳеч нарсани кўздан қочирмай, вариантларни аниқ белгилаб олиши қаторида ижод ҳам қилиши лозим. Демак, шахмат санъатдир. Чунки сиз ҳар бир партияда “илҳом парилари” учиб юрган навбатдаги номаълум, бироқ ниҳоятда бепоён ҳудудга тушиб қоласиз. Режаларни қуриш, ғояларни бирлаштириш, уларни татбиқ этиш ва натижасини баҳолашнинг ўзи катта маҳорат талаб қилади. Бу, таъбир жоиз бўлса, худди янги Мона Лизани чизиш, Шашмақомни қайта яратиш, дизель двигателини бошқатдан ясаш жараёнига ўхшайди.

Ҳаммаси сценарий бўйича кетаётгандек бўлади, бироқ якунни сиз билмайсиз, кўрмайсиз.

Шахматни саломатлик гарови, деса ҳам бўлади. Бу, асосан, ёши катталар учун мос гапдир. Сабаби “ақл гимнастикаси”нинг кексалар учун энг катта афзаллиги, бу Альцгеймер касаллигига қарши курашишда ёрдам беришидир. Олимлар буни амалда исботлашган. Қолаверса, у арифметик масалаларни ечишдан кўра фойдалироқ ва завқлироқдир.

Уни ҳамма ўйнаши мумкин, у универсалдир. Шахмат уни касб қилганлар учун ҳам, касб қилмаганлар учун ҳам, юқорида айтганимиздек, бир нечта мақсадларга

хизмат қила олади. Фикрлар, ҳис-туйғулар, хаёллар оламига ғарқ бўлиш, бошқа реалликда ўзини синаб кўриш, ҳаёт ташвишларидан чалғиш, хотирани чархлаш...

У инсонда қатор фазилатларни шакллантиради — сабр-тоқат, ирода, қатъият, журъат, ҳурмат, баркамолликка интилиш, камсуқумлик, ҳалоллик ва ҳоказо. Ўз навбатида, ўйин, ғалаба, қийин вазиятлардан чиқиб кетиш роҳатини беради.

Буни бошидан ўтказганлар жуда яхши билади...

Ҳар қандай вазиятда ҳам хизматга тайёр

Қарангки, пандемия пайтида ҳам шахмат кўпчилик учун қўл келмоқда. Коронавирус сабаб жорий этилган чеклов чоралари кўпчиликни қийнаб қўйгани, уйида қолдиргани, ёлғизлатиб, зериктириб юборгани бор гап. Мана шундай пайтда одамлар вақтини оиласига, фарзандларига, китоб ўқиш, интернетда сайру саёҳат қилиш, кино кўриш ва бошқа машғулотларга бағишлаб келгани-ю, келаётгани сир эмас. Эътиборлиси, бу даврда шахмат тахтаси қаршисида ўтирганлар, дона суришни ўрганишни истайдиганлар сони ҳам кўпайди.

Яқинда премьераси бўлиб ўтган “Қироличанинг юриши” сериалидан кейин глобал тармоқда “шахмат” сўзи билан боғлиқ қидирувлар икки баробар ошиб кетгани, АҚШда шахмат тахталари савдоси 125 фоизга ўсгани ҳам бунга бир мисолдир.

Тўғри, “тождор ёв” ҳужумига қадар ҳам мазкур спорт тури дунёга донғи кетганди. Фақат карантин даврида камдан-кам машғулотлар қатори шахмат бўйича халқаро мусобақалар, олимпиадалар асло тўхтаб қолгани йўқ. Сабаби шахматни бошқа бир қатор спорт турларидан фарқли равишда уни уйдан чиқмасдан, онлайн ўйнаса ҳам бўлади.

Европа парламенти ҳам айнан шахмат одамларда пандемияда тушкунликдан чиқиб кетишда яхши воситага айланганини эътироф этиб, ҳар қандай вазиятда ҳам инсонни иродали бўлиш, тафаккур қилишга ундаш хусусиятини ижобий баҳолаганининг боиси ҳам шунда. Бинобарин, бугунги кунда шахматнинг шахсдаги когнитив (англаб етиш) қобилиятга таъсирини ўрганиш бўйича изланишлар кўпайиб боряпти.

Сўнгги тадқиқотларда ҳам шахмат мактаб ўқувчиларида интеллектуал салоҳият, нутқ равонлиги ва фанлар, айниқса, математикада академик ўзлаштиришни ошириши яна бир бор исботланди.

Қолаверса, шахматчи боланинг ақли бошқа спорт тури билан шуғулланаётган тенгдошларига нисбатан тезроқ ривожланади, фанларни яхши ўзлаштиради. Ва энг муҳими, балки у моҳир шахматчи бўлмас, лекин бошқа соҳаларда муваффақиятга эришиши аниқ.

Ўзбекистон истеъдодлар мамлакати

Юртимизда тафаккуру мушоҳадага етакловчи ақл гимнастикаси саналган шахматни ривожлантиришга, оммалаштиришга бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Бош вазир ўринбосари мамлакатда ушбу спорт турини оммалаштириш, унинг нуфузини ошириш, аҳоли орасида кенг тарғиб қилишга бевосита масъул этиб тайинланганининг ўзи кўп нарсани англатади. Халқаро мусобақаларда зафар қучаётган спортчиларимиз моддий-маънавий жиҳатдан рағбатлантириб келиняпти.

Шу йил 14 январь куни қабул қилинган “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори бу йўлдаги эзгу саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз. Зотан, унга мувофиқ республикада шахматни 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) тасдиқланди. Бундан кўзланган мақсад — юртимизда шахмат билан мунтазам шуғулланувчилар сонини 3 фоизга етказишдир.

Ўз навбатида, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб 150 та умумий ўрта таълим мактабининг ўқувчиларини тажриба тариқасида шахматга ўқитишни ташкил қилиш амалиёти кенгайтирилиб, яна қўшимча 150 та мактаб (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда (Тошкент вилоятидан ташқари) 10 тадан, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида 15 тадан мактаб шахматга ихтисослаштирилади.

Тегишли мингта умумий ўрта таълим мактабида 2, 3 ва 4-синф ўқувчиларини “Жисмоний тарбия” фани доирасида 18 соатлик режа асосида шахматга ўқитиш йўлга қўйилади ҳамда уларга методик ёрдам кўрсатилади. Қолган барча мактабларнинг 2, 3 ва 4-синф ўқувчилари “Жисмоний тарбия” фани доирасида шахматга ўқитилади. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг

Фарғона филиалида шахмат бўйича таълим йўналиши очилади. Жорий йилдан бошлаб ҳар йили бир ой давомида мактабларда “Шахмат ойлиги” ташкил этилади.

Қолаверса, ҳар йили анъанавий тарзда Тошкент шаҳрида Президент соврини учун, ўзбекистонлик биринчи халқаро гроссмейстер Георгий Агзамов хотирасига бағишланган, шахмат бўйича XVII Жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов, дунёнинг энг ёш гроссмейстери Жавоҳир Синдоровнинг халқаро турнирлари ўтказиб келинади. Самарқанд шаҳрида “Соҳибқирон кубоги”, Хива шаҳрида “Ал-Беруний”, Қаршида шахмат фидойиси Исмат Шукуров хотирасига бағишланган халқаро шахмат мусобақалари, Бухоро, Термиз ва Хива шаҳарларида “Туризм ва шахмат ҳафталиги” уюштирилади. Бундай эзгу анъаналар республикамизнинг барча шаҳару қишлоқларида кенгайиб бориши, шубҳасиз.

Шахмат мактаблари ва клублари фаолиятига кўмак бериш мақсадида Ўзбекистон шахмат клублари ассоциацияси, Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Шахматни оммавийлаштириш ва ривожлантириш жамғармаси фаолияти йўлга қўйилади.

Айни чоғда шахмат бўйича мусобақалар ва турнирларни онлайн ўтказиш платформаси (www.uzchess.uz), шунингдек, таҳсил олаётган ўқувчилар ва талабалар ҳамда ўқитувчилар, тренерлар ва мутахассисларнинг ягона электрон базаси яратилади. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан шахмат бўйича тўлов-шартнома асосида қисқа муддатли курсларни жорий қилиш, тегишли ўқув дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш устида ишлар олиб борилаётгани ҳам эътиборга молик.

Ўз навбатида, умумтаълим мактабларини зарур анжомлар, яъни магнитли доска, шахмат тахтаси, фигуралари, соати ва бошқалар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда ҳамда ушбу мақсадларни амалга ошириш учун бюджетдан 2021 йил учун ажратилган маблағлар ҳисобидан 10 миллиард сўмгача маблағларни йўналтириш кўзда тутиляпти.

Ёзги таътил пайтида маҳалла болалари ўртасида “Маҳалла кубоги” шахмат мусобақалари, май — июль ойлари давомида “Шахматчи оила” турнирини ўтказиш режалаштириляпти. Буларнинг барчаси мамлакатимизда шахматни янги даражага кўтаришга хизмат қилади.

Ўннинг қирқинчи даражаси: муваффақиятга эришиш йўллари чексиздир

Тўғри, кимлар учундир шахмат бир қарашда оддий, содда қоидаларга эга ўйиндек туюлиши мумкин. Ҳар бир фигура битта схема бўйлаб юрса, ўз вазифасини бажарса, шахмат доскаси ҳам кичкина бўлса, у ерда, бор-йўғи, 64 та катак бўлса, бунинг нимаси қийин, дейдиганлар ҳам топилиши рост.

Аслида ундай эмас. Бунинг мураккаблиги ва турфа хиллигини бир рақам мисолида тушунтириб бериш мумкин.

1950 йилда америкалик математик Клод Шеннон шахматда ноёб комбинациялар сони қанча эканлигини ҳисоблаб чиққан экан. Унинг аниқлашича, бу миқдор 10120 га тенг бўлган. Замондош математик Жеймс Грайм эса фақат оқилона ва муваффақиятга етакловчи стратегияларнигина инобатга олиб, вариантларни 1040 тагача камайтирган.

Бу, бор-йўғи, 64 оқ-қора квадрат устидаги имкониятлардир. Энди ҳаёт деб аталмиш улкан маконни тасаввур қилинг! У ерда ақлни ишлатиб, ҳалоллик билан ютуқлар сари етакловчи йўллар беададдир.

Шенноннинг айтишича, шахматчи ҳар бир юришида 30 та эҳтимолий йўлдан бирини танлайди ва ҳар гал шундай бўлади. Боз устига, бу пайтда у нафақат ўз тактикаси ҳақида ўйлаши, балки ўзи каби 30 та вариантдан бирини танлаши мумкин бўлган рақибининг юришини ҳам олдиндан кўра олиши керак. Агар ўйин ўйланганидек кетмаса, у ҳолда стратегия ўзгариб, юқоридаги ақлий операцияларни янгидан бошлашга тўғри келади. Қолаверса, ўйинчи бутун баҳс давомида фигуралар қийматини ҳисобга олиши лозим. Масалан, битта пиёданинг номинал қиймати битта, тўраники бешта пиёдага тенг бўлса, қирол бебаҳодир. Аммо бу фақат бошланғич кўринишдаги доска учун хосдир. Фигуралар ўрин алмашиши билан улар назорат қилаётган майдонлар сони, демак, қийматлар ҳам ўзгариб бораверади.

Кўряпсизми, бир қарашда оддий тахта устидаги доналар нималарга қодир!..

Ҳаёт ҳам худди шахматга ўхшайди. Фақат унда “пиёда” ёки “фарзин” бўлиш, ҳатто “пиёда”ликдан “фарзин”ликка қадар жадал чиқиб бориш ҳар кимнинг ўз қўлидадир. Бундан ҳам муҳими, тахта устида дона бўлгандан кўра, уларни маҳорат билан бошқара оладиган шахматчи, иложи борича, гроссмейстерга айланишга доим интилиш керак. Бунинг калити эса билим ва тафаккурнинг сўнгсиз сарҳадларида тўхтамай олға юришдадир. Ёшларимиз, умуман, барчанинг бахтига Ўзбекистонда бунинг учун имкониятлар эшиги очиқ.

...Шахмат тахтаси эса сизга доим мунтазирдир.

Бакридин Зарипов, Самарқанд давлат университети профессори, академик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?