Тадбиркорлик субъектлари учун спорт клублари ташкил қилинади

10:36 06 Декабрь 2024 Сиёсат
200 0

Президент қарори билан жамоавий спорт турларини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни саралаш тизимини такомиллаштириш ва оммавий спортни ривожлантириш бўйича янги чора-тадбирлар қабул қилинди. Ушбу қарор 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб амалга оширилади ва спорт соҳасида қатор янги ташаббусларни жорий этишни назарда тутади.

Бу «Жамоавий спорт турларини ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ-421-сон, 04.12.2024 й.) билан мустаҳкамланди.

Қарорга кўра, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб барча давлат университетларида волейбол, баскетбол, гандбол, регби, чим устида хоккей ва сув полоси бўйича спорт клублари ташкил этилади.

Бошқа давлат олий таълим муассасаларида эса камида учта жамоавий спорт тури бўйича спорт клублари фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда корхоналарда ҳам камида учта жамоавий спорт тури учун спорт клублари ташкил этиш талаб қилинади.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб «Мактаб лигаси», «Талабалар лигаси», «Олий таълим кубоги» ва «Ректор кубоги» каби мусобақалар мунтазам равишда ўтказилади. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимликлар кесимида «Ҳоким кубоги» ва идоравий ташкилотлар ўртасида «Раҳбар кубоги» мусобақалари ўтказиш назарда тутилган. Бу мусобақалар жамоавий спортни янада оммалаштиришга хизмат қилади.

Қарорга кўра, тадбиркорлик субъектларида жамоавий спорт турлари бўйича спорт клубларини ташкил қилиш рағбатлантирилади. Бундай спорт клублари ўртасида «Корпоратив спорт ўйинлари» ўтказиш йўлга қўйилади. Бу тадбиркорлик субъектларининг жамоавий спортдаги иштирокини фаоллаштиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.

Қабул қилинган қарор жамоавий спорт орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ёшлар ўртасида жамоавийлик руҳини шакллантиришга қаратилган.

Мазкур ташаббуслар Ўзбекистонда спортнинг ривожи ва оммалашувида янги босқични бошлаб беради. Жамоавий спорт турлари келажакда мамлакат спортчиларининг халқаро ареналардаги муваффақиятларини ошириш учун асос яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?