Сув — улуғ неъмат уни қадрлаш ва асраш ҳар биримизга боғлиқ

16:41 13 Сентябр 2023 Жамият
873 0

Сув ер юзидаги ҳар бир тирик жонзот учун энг муҳим ҳаёт манбаи ҳисобланади. Ер — хазина, сув — гавҳар, деб бежиз айтишмаган доно халқимиз. Ер ҳам, сув ҳам одамларни озиқ-овқат маҳсулотлари, ноз-неъматлар билан таъминлайди, саломатликни асрайди. Шу боис ҳам азал-азалдан халқимизда сув манбаларидан оқилона фойдаланишга ва уни асрашга жиддий эътибор қаратишган.

Сувдан самарали фойдаланиш ва тақсимлашнинг барқарор амалиётларини ишлаб чиқиш барча мамлакатларнинг келажакдаги иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун жуда муҳимдир. Айниқса, мураккаб иқлим шароитида жойлашган Ўзбекистон учун сувни тежаб ишлатиш масаласи доимо долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида»ги Фармони билан қабул қилинган Стратегия 2030нинг алоҳида, учинчи йўналиши — Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ эканлиги ҳам бежиз эмас.

Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича, глобал иқлим ўзгариши натижасида сўнгги 50-60 йил давомида Марказий Осиёда музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган ва 2050 йилга бориб Марказий Осиёда чучук сув танқислиги минтақада ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизга пасайишига олиб келиши башорат қилинади.

Афсуски, глобал иқлим ўзгариши, Ўзбекистонда аҳоли сонининг ўсиши, миллий иқтисодиёт турли тармоқларининг жадал ривожланиши ва уларнинг сувга бўлган талабининг ўсиши туфайли республикада сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ҳозирги вақтда суғориш ва экологик мақсадлар учун сувга эҳтиёж тўлиқ қондириляпти, деб айтолмаймиз. Сув истеъмолининг кўпайиши ва манбаларнинг ифлосланиши чучук сув захираларининг камайишига олиб келади. Ўзбекистонда мавжуд чучук сув ҳажмининг қисқариши туфайли сув танқислиги ва қурғоқчилик хавфи сезиларли даражада ошмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишнинг устувор йўналишлари ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини акс эттирувчи қатор концептуал ҳужжатлар қабул қилинди. «2030 йилгача бўлган даврда Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси”, “Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси”, «2020–2025-йилларда гидрометеорология хизматини ривожлантириш концепцияси”, “Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021–2023 йилларга мўлжалланган стратегияси”, “Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорат тизимини янада такомиллаштириш ҳамда сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари”ги фармон ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Сув танқислигининг оқибатларидан энг кўп ва бевосита зиён кўрадиган шахслар — булар ер билан ишлайдиган деҳқонлар, фермер хўжаликлари соҳиблари ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда фермер хўжаликлари вакилларига сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, айни вақтда республикамизнинг барча ҳудудларида фермер хўжаликлари вакиллари учун кўргазмали семинарлар ўтказилмоқда. Намунали фермерлар тажрибасидан келиб чиқиб, суғоришнинг сувни тежайдиган технологияларини жорий этишни рағбатлантириш механизмлари кўрсатилмоқда. Мазкур технологияларни жорий этишни янада рағбатлантириш мақсадида 2023 йилда сувни тежаш тизими жорий этилган ғалла ва сабзавот майдонларининг ҳар бир гектари учун субсидиялар миқдори 1 млн сўмдан 8 млн сўмгача оширилди.

Шунга қарамай, Сув хўжалиги вазирлиги томонидан фермер хўжаликлари ўртасида сувдан оқилона фойдаланишнинг ҳаётий зарурлигини тушунтириш, томчилатиб суғориш усулига ўтишнинг иқтисодий мақсадга мувофиқлигини, сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш зарурати бор.

Телевидение ва электрон ОАВларда сувни тежаш масалалари муҳокамасига миллий экспертларни жалб этиш долзарбдир: сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича экспертларнинг фикр-мулоҳазалари тадбиркорлик субъектлари учун ҳам, кенг жамоатчилик учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Муаммонинг долзарблигини инобатга олган ҳолда, маҳаллий оммавий ахборот воситалари сувни тежаш бўйича амалий тавсиялар акс эттирилган махсус материалларни мунтазам чоп этиши керак.

Сувни тежаб ишлатиш вақти келди

Тоза ичимлик сувидан фойдаланиш инсоннинг асосий ҳуқуқларидан биридир. Сув ресурсларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш келажак авлодлар учун барқарор ривожланишнинг калитидир.

Сувдан оқилона фойдаланиш бўйича давлат чора-тадбирлари самарадорлигини оширишда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, ичимлик суви учун бозор нархларини жорий этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Аҳолининг сув билан таъминланганлик ҳолати аҳоли турар пунктлари ва улардаги турмуш даражасинининг энг муҳим кўрсаткичларидан биридир. Қувурли ичимлик сувининг асосий истеъмолчиси сифатида аҳоли сувни тежаш жараёнида муҳимроқ роль ўйнаши керак.

Бироқ, ҳозирги вақтда кўплаб шаҳарларда аҳолининг сувни тежаш муаммосига бефарқ муносабатига гувоҳ бўламиз. Бундай масъулиятсиз муносабат режалаштирилган Совет иқтисодиёти даврида, бошқарувнинг маъмурий усуллари истеъмолчиларни сувдан тежамкор ва оқилона фойдаланишга ундамаган пайтда пайдо бўлган. Ахир, ўшанда сув таъминоти харажатларининг асосий қисми давлат бюджети ҳисобидан субсидияланган.

Тежамкорликни оиладан бошлаб ўргатиш керак

Шундай қилиб, истеъмолчиларнинг сувдан норационал фойдаланиши, бир томондан, сувдан фойдаланиш маданиятининг пастлиги, иккинчи томондан, аҳолининг салмоқли қисмида сувни тежашга қаратилган рағбатлантириш тизимининг йўқлиги билан боғлиқ. Шу муносабат билан бугунги кунда сув тарифларини шакллантиришда бозор муносабатларига ўтиш муаммоси жуда долзарбдир. Амалиёт шуни кўрсатадики, аҳолининг сувдан тежамкор ва оқилона фойдаланиши кўп жиҳатдан ҳар бир истеъмолчининг тўловлар миқдорини камайтиришдан шахсий манфаатдорлигига боғлиқ.

Бошқа томондан, аҳоли ўртасида сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш бўйича доимий тизимли ишларни амалга ошириш зарур. Бу тушунтириш ишлари таълимнинг барча босқичларида – “боғча – мактаб – университет”да, энг муҳими, оилада зарур. Ёш авлодни сувга ғамхўрлик қилиш руҳида тарбиялаш мақсадида мактаб ва олий ўқув юртларида ўқув курсларини ўтказиш амалиёти одатий ҳолга айланиши керак. Шу мавзуда иншо, расм, плакат танловларини ташкил этиш ҳам ёшлар эътиборини муаммога қаратиши мумкин.

Сувни муҳофаза қилиш бўйича кенг кўламли умумреспублика таълим дастурлари зарур. Масъул ташкилотлар сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш чора-тадбирларини тарғиб қилишга қаратилган оммавий ахборот воситаларида мунтазам эълонлар ташкил этиш, конференция ва семинарлар, экоакциялар ўтказиш орқали сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот-ташвиқотини янада кучайтиришимиз зарур.

Мухтасар айтганда, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини сифатли сув билан тўлиқ таъминлашни истар эканмиз, аҳолининг ҳам, тадбиркорлик субъектларининг ҳам сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтиришга эришишимиз лозим.

Одилжон ТОЖИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?