Сув тақчиллигини камайтиришнинг йўли бор

13:49 29 Февраль 2020 Жамият
1446 0

Маълумотларга кўра, тўқсонинчи йилларда республикамиз аҳолиси 20 миллион нафардан ортиқроқни, иқтисодиёт тармоқларида сарфланган сув ҳажми 64 миллиард куб метрни ташкил этган. Жорий йилга келиб эса аҳоли сони 34 миллион нафарга етди. Лекин иқтисодиёт тармоқларида 52 — 54 миллиард куб метр миқдорида сув ишлатилиши кутилмоқда.

Бу нима дегани? Бу шуни англатадики, йиллар ўтиб, аҳоли сони ва эҳтиёж кўпайгани билан сувдан фойдаланиш имкониятимиз камаймоқда. Демак, ҳаёт манбаи ҳисобланган сувдан янада тежаб-тергаб фойдаланишни, суғориш ишларига замонавий технологияларни жорий қилишни даврнинг ўзи тақозо этяпти. Истеъмол қилинаётган обиҳаётнинг 90 фоиздан зиёди қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келаётганини инобатга олсак, фақат сув тежовчи технологияларни қўллаш орқали маълум натижага эришиш мумкин.

Босқичма-босқич жорий қилинади

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида сувдан фойдаланиш, соҳа самарадорлигини ошириш юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги олдига бир қатор вазифаларни қўйган эди.

— Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, суғориш тизимларига илғор ишланма ва технологияларни қўллаш чоралари кўриляпти, —дейди сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев. — Хусусан, бу йил республикамиз бўйича 44 минг гектардан ортиқ ерга сув тежовчи технологияларни қўллаш, жумладан, 24,8 минг гектар пахта майдонини томчилатиб суғоришга ўтказиш режалаштирилган. Мазкур соҳада давлат қўллаб-қувватлови, хусусан, субсидиялар ажратилиши муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йилда ҳам сув тежовчи технологияларни татбиқ қилишни қўллаб-қувватлаш учун 300 миллиард сўм маблағ ажратилади. Қишлоқ хўжалиги экин тури, суғориш технологияси ва ернинг бонитет баллидан келиб чиқиб, томчилатиб суғориш тизимлари учун гектарига 8 миллион сўм, ёмғирлатиб суғориш тизимлари учун 4 миллион сўм, дискретли суғориш учун 1 мил¬лион сўмдан маблағ йўналтириш назарда тутилган.

Бундан ташқари, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасидан бир гектарга 20 миллион сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизи миқдорида қоплаб берилмоқда.

Умуман, республикамизда ҳозирги кунга қадар 130 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар татбиқ этилган бўлиб, шундан томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган ҳудуд 77,4 минг гектарни ташкил этади. 2020 йил яна 250 минг гектар ерда шундай технологиялар татбиқ қилинади. Жараён шу тартибда давом этиб, тежамкор технологиялар қўлланиладиган майдонлар 2025 йилга бориб 1 миллион гектарга, томчилатиб суғориладиган ерлар эса 250 — 300 минг гектарга етказилади.

Обиҳаёт сарфи онлайн кузатилади

Йилнинг қандай келишини ҳаммадан кўра деҳқонларимиз яхши билишади. Яъни бир мавсумда сув етарли бўлса, кейинги йили тақчиллик сезилиши мумкин. Юртимизда олинадиган ҳосил чўғи кўпроқ об-ҳавога, яъни ёғингарчиликка боғлиқлигини инобатга ¬олсак, сув хўжалиги объектларини бошқариш, сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини ¬юритиш тизимини автоматлаштириш биз учун ниҳоятда муҳим. Шу боис вазирлик тизимида ушбу йўналишдаги ишларга ҳам жиддий эътибор бериляпти. Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан биргаликда республикамизнинг асосий йиллик сув объектларига замонавий “Ақлли сув” тизими жорий қилинаётгани ана шундай саъй-ҳаракатлар сирасига киради. Натижада ўтган йили KOICAнинг грант маблағи эвазига молиялаштирилаётган лойиҳа доирасида 61 объектга сув сарфини онлайн кузатиш имконини берувчи қурилмалар ўрнатилди. Ушбу тизим 2020 йилда яна 90 та объектга қўйилади ва улар сонини 2025 йилда 300 тага, 2030 йилга бориб эса 1000 тага етказиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, сизот сувлари сатҳи ва минераллашуви тўғрисидаги маълумотларни онлайн узатиш, мониторинг юритиш ҳамда суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолаш тизимини яратиш мақсадида бу йил 2 мингта, 2025 йилда 6 мингта, 2030 йилгача эса 27 мингдан зиёд кузатув қудуқларида геоахборот тизимлари қўйилади. Ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда кўплаб сув хўжалиги объектларини бошқариш жараёни автоматлаштирилади.

Сув хўжалигидаги илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш, илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари учун ўн йил ичида 5 мил¬лиард сўм маблағ йўналтирилади.

Концепцияда ҳаммаси акс этади

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида, шунингдек, Сув хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни жорий йилнинг 1 апрелига қадар тасдиқлаш учун ¬киритиш лозимлиги қайд этилган. Шундан келиб чиқиб,Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг грант маблағлари ҳисобига халқаро экспертлар ҳамда сув хўжалиги соҳаси учун истиқболни белгиловчи ҳужжатларни ишлаб чиқишга ихтисослашган Австралиянинг “Aither” компанияси мутахассисларини жалб қилган ҳолда, ҳужжат лойиҳаси тайёрланди. У норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ло¬йиҳалари муҳокамаси порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Лойиҳа бир қатор долзарб йўналишларни ўз ичига олган. Хусусан, унда тежамкор технологияларни жадал жорий этиш, соҳада автоматлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ва бетонлаштириш ишларини амалга ошириш орқали уларнинг фойдали иш коэффициентини ҳозирги 0,63 дан 0,73 гача етказиш, бир миллион гектардан ортиқ майдонларнинг сув таъминотини яхшилаш, мелиорация объект-ларини қуриш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш эвазига шўрланган ¬майдонларни ҳар йили бир фоизга камайтириш ҳамда 298,5 минг гектар фойдаланишдан чиққан майдонларни қайта фойдаланишга киритиш вазифаси қўйилмоқда.

Шунингдек, 2030 йилгача хизмат муддатини ўтаб бўлган насос агрегатлари ва двигателларни энергия тежамкорларига алмаштириш ҳамда жиҳозлаш эвазига электр энергияси истеъмолини ҳозирги 8,0 млрд. кВт. соатдан 6,0 млрд. кВт. соатгача қисқартиришга эришилади. 50 та сув хўжалиги объекти давлат-хусусий шериклик асосида ¬хусусий секторга бериш мўлжалланяпти.

Албатта, ҳар бир соҳада янгиликлар қўлланилиши унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни ҳам талаб этади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутовнинг айтишича, бугунги кунда сув ва сувдан фойдаланиш борасидаги қонунгаўзгартишлар киритилиши зарур. Шу мақсадда жорий йилнинг биринчи июлигача таклиф тайёрлаш юзасидан ишчи гуруҳи тузилиб, муҳокама бошланган. Бундан ташқари, 2022 йилнинг 1 январига қадар Сув кодексини ишлаб чиқиш ҳам мўлжалланган.

Булардан кўринадики, Ўзбекистон шароитида сувдан фойдаланиш долзарб масала. Демак, обиҳаётни қанчалик тежасак, исрофгарчиликларнинг олдини олсак, барчамиз учун шунчалик фойдали. Зеро, сув — ризқ-рўзимиз манбаи. Амалга оширилган ва истиқболга режалаштирилган ишлар айни шундай эзгу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Истеъмол қилинаётган сувнинг 90 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади.

Сув хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади.

2020 йилда 90 та объектга “Ақлли сув” тизими жорий этилса, улар сони 2025 йилда 300 тага, 2030 йилга бориб 1000 тага етказилади. 50 та сув хўжалиги объекти давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга берилади.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?