Сув ўлчагич маблағингизни олти баробарга тежайди

14:53 10 Сентябр 2020 Жамият
898 0

Шу йилнинг 17 июль куни республикамиз Президенти раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилаш бўйича бажарилиши муҳим бўлган масалалар муҳокама қилинган бўлиб, бу борада соҳа ходимлари томонидан амалга оширилиши керак бўлган долзарб вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, Андижон вилоятида кўча колонкасидан фойдаланувчи истеъмолчиларнинг сув тармоқларини хонадонларига олиб кириш, сув иншоотларига диаметри 400 мм. дан кам бўлмаган замонавий сув ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Биргина Пахтаобод туманининг ўзида жорий йил охирига қадар 785 та хонадонга сув колонкаларини олиб кириш режалаштирилган бўлиб, айни пайтгача 582 та хонадонга сув жўмраклари ва сув ўлчагичлари ўрнатилди. Айни пайтда туманнинг Шовруқ, Зиёли ва Тўққизбоғ МФЙларидаги 200 та хонадонда янги лойиҳа асосида сув билан таъминлаш ишлари бажарилмоқда. Жойларда эса аҳолига бу борадаги қулайликлар ҳақида тушунча бериляпти.

— Шу пайтгача кўчамиздаги колонкадан сув ташиб ичганмиз, —​ дейдиТўққизбоғ МФЙда истиқомат қилувчи Фазилатхон Эгамбердиева. —​Оилада беш киши бўлганимиз боис бир ойга 17,5 минг сўм тўлов ундирилган. Сув ўлчагич ускунаси ўрнатилганидан кейин бу кўрсаткич атиги 2 минг 800 сўмни ташкил этди. Демак, сув ўлчагич ускунаси орқали бир ойда 14 минг сўм маблағ тежаяпман.

Андижон вилоятида 2021 йил охирига қадар барча кўчалардаги сув колонкаларини хонадонларга олиб кириш ишлари режалаштирилган бўлиб, шу кунгача 22 минг 753 та хонадонда бу борадаги ишлар ниҳоясига етказилди. Андижон, Хонобод шаҳарлари, Пахтаобод, Избоскан, Қўрғонтепа туманларида ишлар кўлами 35 фоизга бажарилди. Амалга оширилган ишлар натижасида ҳудудларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш кўлами янада ортади.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?