Сув исрофи қандай камайтирилади?

17:43 07 Январь 2025 Жамият
146 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Сув танқислиги йилдан-йилга ортиб бораётган ҳозирги даврда Самарқанд вилоятида ҳам обиҳаётдан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга сув тежовчи технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда вилоятда 14 та сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси ташкил этилган бўлиб, улар 346,9 минг гектар майдонга эга истеъмолчиларга хизмат кўрсатади. Ўтган йили апрель-сентябрь ойларида суғориш ишларига 2 миллиард 55 миллион метр куб сув етказиб берилди.

Вилоятда 1 гектар майдонга сарфланган сув миқдори ўртача 1200 метр кубни ташкил этади. Шу боис сувни тежаш, ерларни лазер текислаш, ирригация, рақамлаштириш, экинларни жойлаштиришда сув кам талаб қиладиган экинлар улушини кўпайтириш ҳамда экин майдонларида қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳисобидан сув иқтисод қилиш белгиланган.

— Ҳозиргача мавжуд ресурсдан оқилона фойдаланишнинг ягона йўли сув тежовчи технологиялар ҳисобланади, — дейди Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Турниязов. — Бу борада 2024 йилда вилоятда 10948 гектарда томчилатиб, 3033 гектарда ёмғирлатиб, 3235 гектарда пульсар суғориш, 8356 гектарда эгилувчан қувур ва плёнка тўшаб суғориш тизимлари жорий этилган, 30359 гектар майдонни лазер ускунаси ёрдамида текислаш ишлари амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбари 2024 йил 7 ноябрь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида ўтган йили мамлакатимиздаги сув омборларида олдинги йилгидан кўп сув йиғилгани, лекин хотиржамликка берилмаслик кераклигини қайд этди. Дунёда бир вақтлар чўл бўлган ҳудудларда ёғингарчилик кўпайиб, бошқа жойларда қурғоқчилик кенгайиб бораётган шароитда мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва каналларни бетонлаш қанчалар устувор вазифа эканлиги яна бир бор исботланди. Биргина 550 километр канал ва ариқлар бетонлангани ҳисобига республикада 200 минг гектарда сув яхшиланди, йилига 450 миллион куб метр сув иқтисод бўляпти.

Сув бошқаруви ислоҳ қилиниб, туман даражасида сувни ҳисобга олиш тизими шаклланди, фермерлар сувни ҳисоб-китоб қилишни ўрганди. 2024 йил куз ва 2025 йил баҳорда, яъни суғориш мавсуми бўлмаган паллада каналларни тозалаш, иншоот ва постларни таъмирлаш ишлари режа-жадваллари ишлаб чиқилди.

— Туманлар “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси балансидаги 420 километр ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш бўйича режа ишлаб чиқилган ва ҳозиргача 50 километрга яқин тармоқ бетонлаштирилди, — дейди Маҳмуд Турниязов. — Шунингдек, кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 2100 километр хўжалик ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш режалаштирилиб, ҳозиргача 650 километрга яқин тармоқ бетонлаштирилди.

Сув далагача тўлиқ етиб боришида ариқ-каналлардаги йўқотишнинг олдини олиш муҳим ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида ҳозирда вилоятдаги 26,2 километр узунликдаги 7 та канални бетонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлар якуни билан йўқотилиш ҳажми 30 фоизга қисқаради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер