Сув энди орзу эмас

11:08 06 Январь 2026 Жамият
206 0

Андижон вилоятида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Натижада энг чекка ҳудудлардаги хонадонларга ҳам сув жўмраклари ўрнатилиб, халқимиз турмуш шароити сезиларли даражада яхшиланяпти. Масалан, сўнгги саккиз йилда 5 минг 638 километр тармоқ тортилиб, 1 155 та сув қудуғи ҳамда 70 та сув иншоотида таъмирлаш ва янгидан қуриш ишлари амалга оширилди. Натижада 738 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланиб, 828 та маҳаллада яшовчи 996 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланди. Вилоятнинг сувлашганлик даражаси 67 фоиздан 92,1 фоизга етказилди.

– Ҳудудларни сувлаштириш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатишда давлат дастурларининг аҳамияти катта бўлмоқда, – дейди “Андижон сув таъминоти” АЖ директори Дилшодбек Қўлдашев. – Ўтган йилда барча дастурлар доирасида 98 миллиард 325 миллион сўм маблағ ҳисобидан 236 километр ичимлик суви тармоғи тортилиб, 26 та сув иншооти ҳамда 48 та сув қудуғи қурилди ва реконструкция қилинди. Бу ишлар натижасида 8 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланиб, 12 минг нафар аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифати яхшиланди. Айниқса, ижтимоий жиҳатдан оғир ҳудудларни сувлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада чекка маҳаллалардаги ҳар бир хонадонга сув жўмраги ўрнатилиб, “оби ҳаёт” кириб борди. Вилоятнинг сувлашганлик даражаси 92,1 фоизга етказилди.

Бугун бутун дунёда сув билан боғлиқ муаммолар кучайиб бормоқда. Бунга сувдан нотўғри фойдаланиш, исроф қилиш каби ҳолатлар ҳам сабаб бўлмоқда. Мутахассисларнинг маълум қилишича, агар бу ҳолат шу тарзда давом этса, 2050 йилга бориб инсоният жиддий сув танқислигига юз тутиши мумкин. Афсуски, бу хавф мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Шу боис тоза ичимлик суви захираларини асраш ва ундан унумли фойдаланиш бугуннинг долзарб вазифасига айланган.

– Шу мақсадда “Андижон сув таъминоти” акциядорлик жамияти томонидан сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, исрофгарчиликни камайтириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди акциядорлик жамияти бош муҳандиси Хумоюнжон Алимов. – Бу борадаги муҳим лойиҳалардан бири сув жўмракларига сув ҳисоблагичларини ўрнатишдир. Мазкур ускуналар сув сарфини аниқ ҳисоблаб, исрофгарчиликнинг олдини олишга хизмат қилади. Зеро, анъанавий усулда сувдан фойдаланишда унинг қарийб 27 фоизи беҳуда сарфланади. Сув ҳисоблагичлар ўрнатилиши орқали ана шу миқдордаги сувни ҳам тежаш имкони яратилади. Айни пайтда вилоятда 542 минг нафар истеъмолчи мавжуд. Ўтган йилда 73 минг нафар истеъмолчини сув ҳисоблагич билан таъминлаш режалаштирилган бўлса-да, амалда 109 минг 238 та ускуна ўрнатилди. Натижада таъминот даражаси 70 фоизга етди. Ҳолбуки, 2024 йилда бу кўрсаткич атиги 47 фоизни ташкил этган эди. Сув ҳисоблагичларнинг ўрнатилиши нафақат сувни тежаш, балки истеъмолчилар томонидан тўланадиган тўловларни ҳам адолатли ва иқтисодли бўлишига хизмат қилмоқда.

Тан олиш керак, соҳа ривожида муаммолар ҳам йўқ эмас. Асосий масала истеъмолчилар томонидан тўловларни ўз вақтида амалга оширилмаслиги билан боғлиқ. Вилоятда қарздорликни камайтириш мақсадида маҳаллабай ва хонадонбай ишлаш тизими жорий этилди. Ҳар бир истеъмолчи билан юзма-юз суҳбатлар ўтказилиб, қарздорлик оқибатлари тушунтирилди. Натижада қарз ундириш кўрсаткичи 2025 йилда 35 миллиард сўмга ошди.

– Жорий йилда қарздорликни ундириш бўйича 10 минг 367 та қиймати 19 миллиард 425 миллион сўмлик даъво аризалари судга киритилди, – дея изоҳ берди акциядорлик жамияти директорининг ўринбосари Азизбек Юлдашев. – Улардан 7 миллиард 361 миллион сўмлик қисми суд томонидан ижобий ҳал этилди. Шунингдек, нореал қарздорликларни аниқлаш мақсадида хатлов ишлари ўтказилди. Ҳозирда аҳоли назоратчилари томонидан муддати ўтган қарздорликлар бўйича хонадонларга огоҳлантириш ва талабномалар тарқатилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?