Сурхондарёлик Меҳриддин БРИКСда олтин медаль олди

20:22 20 Июнь 2024 Жамият
168 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Шу кунларда Россиянинг Қозон шаҳри VI БРИКС ўйинларига мезбонлик қилмоқда. Жами, 90 та жамоа 30 га яқин спорт тури бўйича 387 та медаллар шодаси учун беллашаётган мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон делегацияси 23 та спорт турида 249 нафар спортчи билан иштирок этмоқда.

Эътиборлиси, мусобақада қатнашаётган мамлакатимиз спорт делегацияси сафида сурхондарёлик Меҳриддин Тўрахонов ҳам бор. У мусобақада каратэ WKF спорт тури бўйича 60 кг вазн тоифасида олтин медалга сазовор бўлди.

Вилоятда спортнинг яккакураш турларига қизиқувчилар кўп. Айниқса, ёшлар орасида каратэ WKF бўйича мунтазам шуғулланиб, профессионал спортчи бўлиш истагидагилар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 3 ноябрдаги «Каратэ (WKF) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси ташкил қилингани катта имкониятлар эшигини очди.

Меҳриддиннинг БРИКС ўйинларидаги зафари буни яна бир карра исботлади. Унинг ютуғи мураббийлари қаторида ота-онасини ҳам бениҳоя мамнун этди.

— Давлат байроғи кўтарилиб, Мадҳия янграётганда қалбимда фахр-ифтихор туйғуси уйғонади. Ўғлим рингга кўтарилганда доим кўзимга қувонч ёшлари келади, — дейди Меҳриддиннинг отаси. — Уни 5 ёшидан спорт тўгаракларига олиб борганмиз. Спортнинг шу тури бўйича энг юксак марраларга эришганидан хурсандман.

Дарҳақиқат, Меҳриддин Тўрахонов каратэ WKFда ўз вазн тоифасида дунёда биринчи бўлишни мақсад қилган. У айни пайтда Термиз давлат педагогика институтининг Жисмоний маданият бўлимида таҳсил олмоқда.

Таъкидлаш керакки, каратэ WKF дунёнинг энг нуфузли спорт мусобақалари ҳисобланган Олимпиада ва Осиё ўйинлари дастурига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, 12-23 июнь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган VI БРИКС ўйинларининг еттинчи кундан сўнг Ўзбекистон делегацияси 4 та олтин, 13 та кумуш ва 21 та бронза медаллари билан Россия, Беларусь ва Хитой жамоаларидан сўнг умумжамоа ҳисобида тўртинчи ўринга кўтарилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?