Сурхондарёда пиллачилик жадал ривожланмоқда

18:26 20 Май 2024 Иқтисодиёт
193 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Бугунги кунда мамлакатимизда бўлгани каби Сурхондарё вилоятида ҳам пиллачилик соҳаси жадал ривожланиб бормоқда. Бунда Президентимиз томонидан имзоланган қарор ва фармонлар соҳа ривожи учун дастуриламал бўлмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 3 май куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон ҳам воҳа пиллакорларига янги имкониятлар эшигини очмоқда. Чунончи, ушбу фармон билан пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасини янги босқичга олиб чиқишнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Бундай кенг кўламли имкониятлардан руҳланган сурхондарёлик пиллакорлар белни янада маҳкам боғлади, десак муболаға бўлмайди.

Сурхондарё вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати, «Агропилла» МЧЖ ҳамкорлигида «Пиллачилик тармоғида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги режалар» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида бу борада атрофлича сўз юритилди.

— Вилоятимизда «Surxon ipagi» МЧЖ ҳамда «Inter silk pro» МЧЖ пиллачилик кластерлари ташкил этилган, — дейди «Surxon ipagi» масъулияти чекланган жамияти директори ўринбосари Жафарбек Жўрақулов. — Йил сайин ипак қурти етиштириш, хом ашёни қайта ишлашга замонавий техника ва технологияларни татбиқ этиляпти. Аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларга доимий даромад манбаини шакллантириш мақсадида касаначилик асосида ишланяпти. Бу йилги мавсумда пилла етиштириш учун 3 880 та фермер хўжаликларининг 23 550 нафар қурт боқувчилари билан ҳамда 8 650 та касаначилар билан шартномалар тузилади. 2,3 минг та касаначига тутзорлар оилавий пудрат асосида берилди. Тутзор қатор орасидан иккиламчи фойдаланиш орқали даромадларини янада ошириш учун янада кенг имкониятлар яратилди. Умуман олганда, пилла парвариш орқали 127,1 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланишига эришилган.

Айни пайтда воҳа туманларида пилланинг чилги ҳосилини теришга киришилган. Бу йилги мавсумда вилоят бўйича жами 35,5 минг қути ипак қурти уруғини парваришлаш орқали 2,1 тонна пилла хомашёсини етиштириш режалаштирилган. Шунингдек, 10,5 миллион туп тут кўчатларининг «Ўзбекистон» дурагайи ва «САНИИШ 11» навларини экиш ҳам мўлжалда бор.

Дарвоқе, ўтган йили соҳада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 277,2 миллиард сўм (ўсиш 120 фоиз), экспорт ҳажми 5,8 миллион доллар (ўсиш 111 фоиз)ни ташкил этилгани бу борадаги кўрсаткичлар йилдан йилга ошиб бораётганини кўрсатади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?