Сурхондарёда илк бор «Tandir Fest» фестивали ўтказилади

18:00 28 Апрель 2025 Жамият
122 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхон воҳасининг тандир гўшти нафақат республикамизда, балки ўзбекнинг қадами етган кўплаб давлатларда жуда машҳур. Қолаверса, тоғ арчасига қоришган тандир гўштининг хушбўй ҳиди димоғни шу қадар қитиқлайдики, асти қўяверасиз. Уни еб димоғи чоғ бўлган сайёҳ қаерлик бўлишидан қатъи назар, яна воҳани соғиниб қолиши тайин.

Жорий йилнинг 2, 3 ва 4 май кунлари Сурхондарё вилоятининг гўзал ва бетакрор маскани — Бойсун туманидаги «Бойсун баҳори» туризм мажмуасида «Tandir Fest» фестивали ташкил этилмоқда.

Фестивалда ҳудудлардан келган ошпазлар иштирокида тандир гўштини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказилади. Шу куни воҳанинг ҳар бир ҳудудига хос тайёрланган ушбу тансиқ таомни татиб кўриш имконияти кенг яратилади.

Шунингдек, фестиваль дастуридан миллий анъаналар ва халқ амалий санъати кўргазмалари, ҳунармандчилик ярмаркалари, ҳаво шарлари учириш тадбирлари, жонли куй-қўшиқлар, фольклор жамоалари чиқишлари, миллий рақслар намойиши ҳам ўрин олган. Фестивалнинг ёпилиш маросимида эса таниқли санъаткорлар иштирокидаги гала-концерт намойиш этилади.

Ушбу тадбирнинг ўтказилишидан асосий мақсад миллий қадриятларни, бой ошпазлик анъаналарини, халқ амалий санъати ва маданий меросимизни кенг тарғиб этиш, воҳада туризмни ривожлантиришга қаратилгандир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?