Сурхондарё вилояти «CITM–2025» халқаро туризм ярмаркасида иштирок этди

09:59 23 Декабрь 2025 Жамият
251 0

Сурхондарё вилояти тарих, табиат ва маданият уйғунлиги билан сайёҳларни ўзига жалб этувчи ҳудуд сифатида халқаро майдонда тобора кенг танилмоқда. Жорий йилнинг 19–21 декабрь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Хайко шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли «CITM–2025» халқаро туризм ярмаркаси воҳанинг туристик салоҳиятини яна бир бор намойиш этиш имконини берди.

Дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан туризм соҳаси вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда Сурхондарё вилояти делегацияси ҳудуднинг бой тарихий-маданий мероси, муқаддас зиёратгоҳлари, экотуризм, соғломлаштириш ҳамда дам олиш туризми йўналишларини кенг жамоатчиликка тақдим этди.

Ярмарка доирасида хорижий туркомпаниялар ва туризм ассоциациялари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиб, вилоятга сайёҳлар оқимини ошириш, қўшма туристик маҳсулотлар ишлаб чиқиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди ҳамда ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.

«CITM» халқаро туризм ярмаркаси жаҳон туризм бозоридаги энг нуфузли платформалардан бири ҳисобланади. Унда иштирок этиш Сурхондарё вилоятининг халқаро туризм харитасидаги ўрнини мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг умумий туризм ва инвестиция салоҳиятини кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.

Сурхондарёнинг бой тарихий мероси ва бетакрор табиати замонавий туризм инфратузилмаси билан уйғунлашиб, минтақанинг халқаро туристик майдондаги нуфузини янада оширишга замин яратмоқда.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер