Сурхон миллий таомлари воҳанинг «ташриф қоғози»га айланган

11:56 29 Октябр 2024 Жамият
5647 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхон воҳаси ўзига хос урф-одатлари, анъаналари ва маросимлари билан бошқа ҳудудлардан фарқ қилади. Шу маънода, Сурхондарёни этнографик макон, деб айтишимиз мумкин.

Тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган Сурхон воҳаси туризмнинг барча турларини ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга. Мамлакатимизда соҳага қаратаётган эътибор қадимий воҳада туризмнинг зиёрат, эко, этно, агро, тоғ, гастрономик каби йўналишларини юксалтириб, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтирмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида Сурхондарёга 370 мингга яқин хорижлик ва 1 миллион 330 мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳлар келгани ҳам шундан далолат беради.

— Сурхондарё — бой туристик салоҳиятга эга воҳа, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари, туризм бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев. — Ҳудуднинг археологик, зиёрат, агро, эко, тиббиёт, гастрономик каби туристик масканлари, айниқса, кейинги йилларда дунё сайёҳларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Санаторий, театр ва музейларга келувчилар сони ортмоқда. Воҳанинг жаҳонга машҳур гўзал масканларида ўтказилиши анъанага айланаётган узум, анор, олма фестиваллари, «Миллий таомлар сайли» каби тадбирлар ҳам келгусида вилоятга сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ҳақиқатан ҳам Сурхондарё вилояти ўзининг бой этнографик хусусиятлари билан Ўзбекистоннинг муҳим маданий макони ҳисобланади. Унинг этник хилма-хиллиги, анъаналари, ҳунармандчилиги, айниқса, ўзига хос миллий таомларию ноз-неъматлари эътирофга молик.

Дарвоқе, Денов туманидаги Сина маҳалласида жорий йилнинг 1 ноябрь куни анъанавий миллий таомлар сайли ўтказилади. Шу куни тоғлар қўйнидаги мафтункор Синага «Туризм қишлоғи» мақоми берилиши ҳам кутилмоқда.

Ушбу сайлда воҳа туманлари ва Термиз шаҳрининг миллий услубда безатилган павильонлари ташкил этилиб, ҳудудларига хос тансиқ таомлар кўргазмаси, таомлар тайёрлаш билан боғлиқ услуб, удум ва анъаналар кенг намойиш этилади.

Сурхон ўзининг бой тарихи ва маданияти билан бир қаторда, миллий таомлари билан ҳам машҳур. Масалан, ун, шакар, тухум ва сутдан тайёрланадиган — суғурма, қўй гўшти, пиёз, сабзи, картошка ва бошқа сабзавотлар аралашмасидан пишириладиган — қўрда, хамир уграси, пиёз, турли гиёҳлар қайнатмасига сузма аралашмаси — кескан ош, ун, шакар, тухум, ёнғоқ ва бошқа маҳсулотлардан тайёрланадиган — ҳалво, тегирмон унидан ёпиладиган 10 дан ортиқ нон турлари, «чўпонча» ва тандир кабобнинг ўзига хос тарихи ҳамда тайёрланиш услублари бор.

— Тандир кабоб биз, сурхондарёликлар тилида «тандир гўшт» номи билан аталади, — дейди маҳоратли ошпаз Ғайрат Валиқулов. — Дастлаб янги сўйилган ширбоз гўшти майдаланади. Табга қараб тузланган гўшт турли зираворлар билан яхшилаб аралаштирилади. Нон пишириладиган даражадан сал баландроқ оловда қиздирилган тандирга бақувват сихларда сим билан маҳкамланган гўшт тандир оғзида осилади ва устидан тоғ арчаси шохчалари бостирилади. Тандир оғзидан каттароқ қозон ёки бирор металл идиш билан тандир оғзи ёпилади. Усти ҳўл мато билан ўралиб, атрофи ва хандақ лой билан яхшилаб беркитилади. Тандир ичидан ҳеч бир тутун ташқарига чиқмаслиги керак. Агар тутун чиқса, гўшт куяди. Шу тариқа гўшт тандир ичида 1,30 — 1,40 дақиқа қолдирилади.

Тандир кабоб — Сурхондарёнинг машҳур таомларидан бири бўлиб, вилоятнинг маданияти ва анъаналарини ўзида акс эттиради. Тайёрланиши санъат даражасида ривожланган мана шундай миллий таомлар воҳанинг ташриф қоғозига айланган, десак, муболаға бўлмайди.

«Миллий таомлар сайли» бежиз қадимий ва хушманзара Сина қишлоғида ўтказилмаяпти. Бу қишлоқ аҳли қадимдан ўзининг пазандалиги билан танилган. Вилоят мутасаддилари ҳудуднинг туристик имкониятларидан самарали фойдаланиб, мафтункор табиат қўйнида миллий урф-одат ва анъаналарни маҳаллий ва хорижий сайёҳларга кенг намойиш этишни, келажакда қадимий бу қишлоқни туристларнинг севимли масканларидан бирига айлантиришни мақсад қилишган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?