Суперлига. 22-турга тафсилий назар: Бухорода аъло даражадаги очилиш ўйини, ОКМКдан йирик ғалаба

17:31 22 Сентябр 2025 Спорт
79 0

18–21 сентябрь кунлари Ўзбекистон Суперлигасида мусобақанинг 22-тур баҳслари бўлиб ўтди. Унда қуйидаги натижалар қайд этилди:

«Сурхон» 0:0 «Машъал»;

ОКМК 5:1 «Бунёдкор»;

«Шўртан» 0:0 «Пахтакор»;

«Хоразм» 0:0 «Қўқон-1912»;

«Бухоро» 5:0 «Навбаҳор»;

«Нефтчи» 2:1 «Динамо»;

«Андижон» 2:2 «Сўғдиёна»;

«Қизилқум» 0:1 «Насаф».

Бўлиб ўтган 8 та ўйиндан 4 тасида дуранг натижа қайд этилди, 3 тасида эса мезбонларнинг қўли баланд келди. Сўнгги баҳсда меҳмон мақомида иштирок этган «Насаф» жамоаси «Қизилқум» устидан 0:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Қуйида баъзи ўйинларга алоҳида тўхталиб ўтамиз:

Марказий баҳс

22-турнинг марказий ўйини Фарғона вилоятида бўлиб ўтди. Виталий Левченко бошчилигидаги «Нефтчи» Вадим Абрамовнинг «Динамо»сини ўз майдонида қабул қилди.

Чемпионлик учун курашни давом эттираётган ҳар икки клуб учун ушбу ўйин муҳим синов эди. Ўйин олдидан «Нефтчи» клубида 42, «Динамо»да эса 38 очко мавжуд эди. Демак, мазкур ўйинда қўлга киритиладиган ғалаба Самарқанд клубига асосий рақобатчиси билан деярли тенглашиб олиш имконини бериши керак эди. Амалда эса тескариси бўлди.

«Нефтчи» устози Виталий Левченко ўтган ўйинга солиштирганда асосий таркибда бирорта ўзгариш қилмади. «Пахтакор»га ютқазилган ўйинни асосий таркибда бошлаган 11 футболчи бу гал ҳам дастлабки дақиқалардан майдонда ҳаракат қилди.

Вадим Абрамов эса ўтган ўйинга солиштирганда асосий таркибда 3 та ўзгаришни амалга оширди. Эден Неманов, Санжар Қодирқулов ва Ойбек Ўрмонжонов бу ўйин захирада қолдирилди. Улар ўрнига Равшан Ягудин, Ричард Фрайдей ва Фирдавс Абдураҳмонов ўйинни асосий таркибда бошлади.

Учрашувнинг 13-дақиқасида ҳисоб мезбонлар ҳимоячиси Боян Цигер томонидан очилди. Орадан 3 дақиқа ўтиб, «Динамо» ҳужумчиси Анвар Ҳожимирзаев мувозанатни тиклади.

Ўйин дуранг натижа билан тугашига яқин қолган бир вақтда, бутун мавсум давомида йўқолиб қолгани айтилган «Нефтчи» клубининг легионери Владимир Ёсович катта саҳнага чиқди. Майдонга тушганига 6 дақиқа бўлган футболчи ажойиб зарбаси билан ҳисобни 2:1 кўринишига олиб келди.

Баҳс айнан ушбу ҳисоб билан якунланди. «Нефтчи» клуби «Насаф»ни таъқиб этишда давом этади.

ОКМКдан йирик ғалаба

Турнинг яна бир қизиқарли учрашуви Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтди. ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов ўзининг собиқ жамоаси «Бунёдкор»га қарши янги шогирдларини майдонга бошлаб чиқди.

Ўтган турда Жиззахдан йирик мағлубият билан қайтган ОКМК, бу турда ўз мухлислари қаршисида ушбу мағлубият учун айбларини ювиши керак эди. Амалда бу иш ортиғи билан бажарилди.

Учрашувда ҳисоб 41-дақиқада Хуршид Ғиёсов томонидан очилди. Орадан 7 дақиқа ўтиб, «Бунёдкор» аъзоси Нажмиддин Нормуродов ҳисобни тенглаштирди.

56-дақиқада Нодирбек Абдураззоқов ОКМКни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди. 64-дақиқада Хуршид Ғиёсов дублга эришди.

76-дақиқада «Бунёдкор» дарвозасига пеналти белгиланди. Ушбу имкониятдан Рубен Санчеc унумли фойдаланиб, ҳисобни 4:1 кўринишига олиб келди.

83-дақиқада Авзбек Ўлмасалиев ўйиндаги сўнгги голни киритди. Якуний ҳисоб 5:1.

Шу тариқа ОКМК клуби ўз тарихида биринчи марта «Бунёдкор» дарвозасига битта ўйинда 5 та гол киритишни уддалади.

Очилиш ўйини

667 кундан сўнг, Бухоро вилоятига яна катта футбол ҳавоси қайтди. «Бухоро» клуби 2025 йилнинг 22-турига келиб дастлабки ўйинни ўз майдонида қабул қилди. Ушбу баҳсда мезбонларга Наманганнинг «Навбаҳор» клуби рақиблик қилди.

«Бухоро»ни ушбу ўйин олдидан тажрибали мутахассис Александр Хомяков қабул қилиб олганди. Унинг қадами жамоа учун қутлуғ келди. 6 та ўйиндан буён «Навбаҳор» дарвозасига тўп кирита олмаган «Бухоро» бу баҳсда нақд 5 та гол урди.

Ушбу ўйин «Бухоро» клуби легионерларининг бенефисига айланиб кетди дейиш мумкин. Учрашувнинг 3-дақиқасида Доминик Бегич ўйинда ҳисобни очди. Орадан 1 дақиқа ўтиб, Тома Табатадзе ҳисобдаги фарқни 2 тага етказди.

31-дақиқада Доминик Бегич «Бухоро»нинг 3-голини киритди. 10 дақиқадан сўнг Тома Табатадзе дублга эришди. Ҳакам томонидан биринчи таймга қўшиб берилган дақиқалар сўнггида Бегич ҳам хет-трикка эришди. Ўйин айнан 5:0 ҳисоби билан якунланди.

Шу тариқа «Бухоро» клуби очилиш ўйинида 5 та тўп фарқи билан ғалаба қозонди. Бунақа воқеа сўнгги бор 19 йил олдин кузатилган. 2006 йил «Бухоро» жамоаси чемпионатнинг сўнгги туруда «Хоразм»ни 5:0 ҳисобида мағлуб этганди.

Турнир жадвали

22-турдан сўнг «Насаф» жамоаси 49 очко билан турнир жадвалида яққол карвонбоши бўлиб турибди. «Аждарлар»нинг энг яқин таъқибчиси бўлган «Нефтчи»да эса 45 очко бор. Сўнгги ўринларни «Хоразм», «Шўртан», «Бухоро» жамоалари эгаллаб турибди.

Мухлисларнинг стадионларга ташрифи

22-тур ўйинларини томоша қилиш учун жами 39 600 нафар мухлис стадионларга ташриф буюрди. Бу ҳар бир ўйинни ўртача 4 950 нафардан томошабин кузатиб борганини билдиради.

Турда энг кўп мухлис тўплаган учрашув — «Нефтчи» ва «Динамо» ўртасидаги баҳс бўлди. Марказий ўйинни кузатиш учун «Истиқлол» стадионига 10 825 нафар томошабин ташриф буюрди.

Энг кам футбол шинавандаларини тўплаган ўйин эса ОКМК ва «Бунёдкор» баҳси бўлди. Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтган ўйинни кўриш учун стадионга 1 415 мухлис келди.

Кейинги тур

Ўзбекистон Суперлигасида 23-тур ўйинлари 25–30 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда бизни қуйидаги ўйинлар кутмоқда:

«Насаф» – «Хоразм»

«Андижон» – ОКМК

«Навбаҳор» – «Қизилқум»

«Қўқон-1912» – «Бунёдкор»

«Динамо» – «Шўртан»

«Сўғдиёна» – «Нефтчи»

«Машъал» – «Бухоро»

«Пахтакор» – «Сурхон»

Муҳаммадамин Зуҳриддинов,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?