Суперлига. 18-турга тафсилий назар: Етакчидан мағлубият, водий кўк рангда
Жорий йилнинг 10-13 август кунлари Ўзбекистон Суперлигасида мусобақанинг 18-тур баҳслари бўлиб ўтди. Унда қуйидаги натижалар қайд этилди:
«Сўғдиёна» 2:0 «Машъал»;
«Нефтчи» 1:0 «Насаф»;
«Динамо» 1:1 «Пахтакор»;
ОКМК 0:0 «Қизилқум»;
«Андижон» 0:1 «Навбаҳор»;
«Шўртан» 1:2 «Қўқон-1912»;
«Бухоро» 1:1 «Хоразм»;
«Сурхон» 3:1 «Бунёдкор».
Бўлиб ўтган 8 та ўйиннинг 3 тасида мезбонлар, 2 тасида меҳмонлар ғалаба қозонди. 3 та ўйин эса дуранг натижа билан якунланди. Қуйида баъзи ўйинларга алоҳида тўхталиб ўтамиз:
Марказий ўйин
Тур доирасида Фарғонада «йил ўйини» бўлиб ўтди. Боиси, «Нефтчи» ва «Насаф» ўйини натижаси айни вақт турнир жадвалида жуда катта аҳамиятга эга эди. Тур олдидан бу икки жамоа ўртасидаги фарқ 4 очкони ташкил этаётганди. Шу боисдан бизни 6 очколик ўйин кутарди.
«Нефтчи» жамоаси устози Виталий Левченконинг курсиси яхшигина «қимирлаб қолди». Айнан бу турдаги мағлубият тожикистонлик мутахассисни истеъфоси билан ҳам тугаш эҳтимоли бор эди. Аммо, «Нефтчи»га бу гал омад кулиб боқди.
«Водийликлар» 20-дақиқадаёқ майдонда 1 киши кам бўлиб қолди. Фаррух Сайфиев қўпол ўйини учун четлатилди, аммо бу карточкадан кўп ўтмай, «Насаф» жарима майдонига тезлик билан кириб бораётган Алишер Одиловни Зафармурод Абдураҳматов қўполлик билан тўхтатиб қолди ва «аждарлар» дарвозаси томон пеналти белгиланди.
Ушбу имкониятдан «Нефтчи» етакчиси Жамшид Искандеров унумли фойдаланиб, ҳисобни очди. Шу билан бирга, 1 киши кам бўлиб ўйнаётган «Нефтчи» асосий эътиборини ҳимояга қаратди. Устунликни ўз қўлига олган «Насаф» футболчилари ўйиннинг қолган дақиқаларида Левченко жамоаси дарвозасига 21 та зарба йўллади. Бироқ ўйинда бошқа ҳисоб ўзгармади ва «Насаф» жамоасининг 17 тур давом этган мағлубиятсиз серияси якунланди.
Ҳакам қарори билан ютқазган «Пахтакор»
Турнинг яна бир қизиқарли ўйини Самарқандда бўлиб ўтди. Биринчи даврада «Пахтакор» ўзининг дастлабки уй ўйинини айнан «Динамо»га қарши ўтказган ва 0:1 ҳисобига мағлуб бўлган эди. «Пахтакор» мухлислари айнан шу мағлубият учун «Динамо»дан Самарқандда реванш олишни жуда хоҳлагани аниқ. Лекин амалда бундай бўлмади:
Ўйинда ҳисобни «Динамо» жамоаси очди. 20-дақиқа «Пахтакор» посбони Жонатан Луиз тўпга чиқиб келишда жуда қўпол хатога йўл қўйди. Бундан «Динамо»нинг нигериялик ҳужумчиси Ричард Фрайдей унумли фойдаланиб, ҳисобни очди.
Иккинчи таймнинг 85-дақиқасида захирадан ўйинга қўшилган Бобур Абдухолиқов ҳисобни тенглаштирди. Баҳс 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан тугади.
Аммо «Пахтакор» раҳбарияти ва мухлисларининг эътирозига сабаб бўлган ҳолат 71-дақиқада юз берди. «Шерлар» ҳужумчиси Игор Сергеевнинг боши билан йўллаган зарбасини «Динамо» ҳимоячиси қўли билан қайтарди. Ҳакам VAR тизимига мурожаат қила туриб ҳам, пеналти белгилашга жазм этмади.
Ўйиндан кейин Ўзбекистон футбол ҳакамлари қўмитаси қошидаги Эксперт ҳакамлар комиссияси раҳбари Маъмур Саидқосимов ҳакам бу вазиятда хато қарор қилгани ва бу учун унга паст баҳo қўйилгани ҳақида маълумот берди.
Водий дербиси
«Андижон» ва «Навбаҳор» клублари ўртасидаги ўйинлар, бу жамоаларнинг ҳолати ва турнир жадвалидан қатъий назар, доим катта аҳамиятга эга бўлган. Ўзбекистонда мухлислар сони бўйича 1-рақамли ҳисобланган ушбу клублар ўртасидаги баҳслар ҳеч қачон дўстона ўтмаган. Ҳар икки жамоа айнан шу ўйинда мағлубиятга учрамаслигини ҳар доимгидан-да ҳам кўпроқ истайди.
Бу гал ҳам шундай бўлди. Лекин мағлубиятдан қўрққан ҳар икки клуб ўйиннинг асосий қисмини жуда суст ўтказди. Статистикага назар солсак, бутун ўйин давомида дарвоза соҳасига атиги 1 та аниқ зарба йўлланганини кўрамиз. Бу эса ўйинда эҳтиёткорлик даражаси қай даражада юқори бўлганини англатади.
Лекин бу гал омад наманганликларга кулиб боқди. 89-дақиқада Русланбек Жиянов ўйиндаги ягона аниқ зарбани йўллади ва бу зарба олдида «Андижон» посбони Эржан Токотаев ожиз қолди.
Шу тариқа «Навбаҳор» 5 та ўйиндан сўнг яна «Андижон»ни мағлуб этишни уддалади ва турнир жадвалида етакчилар қаторига қўшилиб олди.
Мухлисларнинг ташрифи
18-тур ўйинларини томоша қилиш учун жами 57 297 нафар мухлис стадионларга ташриф буюрди. Бу ҳар бир ўйинни ўртача 7 162 нафардан томошабин кузатганини билдиради. Таъкидлаш керакки, бу жорий йилги мавсум Ўзбекистон Суперлигасидаги рекорд натижа ҳисобланади.
Турда энг кўп мухлис тўплаган баҳс — «Андижон» ва «Навбаҳор» ўйини бўлди. Ушбу учрашувни томоша қилиш учун Андижондаги «Бобур арена»га 19 965 нафар мухлис ташриф буюрди.
Энг кам футбол шинавандаларини тўплаган ўйин эса «Бухоро» ва «Хоразм» баҳси бўлди. Бетараф майдонда ўтган ушбу учрашувни кўриш учун 453 нафар мухлис келган.
Турнир жадвали
18-турдан сўнг «Насаф» жамоаси мусобақа жадвалида етакчи. Аммо, таъқибчилар билан орасидаги фарқ 1 очкогача қисқарди. Турда ғалаба қозонган «Навбаҳор» яна грандлар сафида ўз ўрнини мустаҳкамлади. Очко йўқотган «Пахтакор» эса ўз ҳолатини янада оғирлаштирди.
Сўнгги ўринларни «Шўртан» (10 очко), «Бухоро» (14 очко) ва «Қўқон-1912» (15 очко) клублари эгаллаб турибди.

Кейинги тур
Ўзбекистон Суперлигасида 19-тур ўйинлари 15–18 август кунлари бўлиб ўтади. Унда бизни қуйидаги баҳслар кутмоқда:
«Пахтакор» – «Сўғдиёна»;
«Навбаҳор» – «Нефтчи»;
«Динамо» – ОКМК;
«Насаф» – «Шўртан»;
«Қўқон-1912» – «Сурхон»;
«Машъал» – «Андижон»;
«Бунёдкор» – «Бухоро»;
«Хоразм» – «Қизилқум».

Муҳаммадамин Зуҳриддинов тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг