Суперлига. 17-турга тафсилий назар: Етакчидан дуранг, «Динамо»дан ремонтада

Жорий йилнинг 5-8 август кунлари Ўзбекистон Суперлигасида мусобақанинг 17-тур баҳслари бўлиб ўтди. Унда қуйидаги натижалар қайд этилди:
«Пахтакор» 1:2 ОКМК;
«Навбаҳор» 1:1 «Сўғдиёна»;
«Машъал» 2:4 «Динамо»;
«Қўқон-1912» 1:2 «Нефтчи»;
«Насаф» 1:1 «Андижон»;
«Хоразм» 2:2 «Сурхон»;
«Қизилқум» 1:0 «Бухоро»;
«Бунёдкор» 1:1 «Шўртан».
Бўлиб ўтган 8 та ўйиннинг 1 тасида мезбонлар, 3 тасида меҳмонлар ғалаба қозонди. 4 та ўйин эса дуранг натижа билан якунланди. Қуйида баъзи ўйинларга алоҳида тўхталиб ўтамиз:
Марказий ўйин
Йилни Осиё Элит чемпионлар лигасидаги ажойиб ғалабалар билан бошлаган «Пахтакор» Суперлигадаги биринчи ўйинида ОКМКга кутилмаганда 2:0 ҳисобидаги имкониятни бой берган эди. Шунинг учун мухлислар бу галги баҳсда «шерлар»дан «реванш» олишни кутгани аниқ.
Бунга етарли сабаблар ҳам мавжуд: ОКМК ёзги трансферлар ойнасида асосан захирасига футболчи олган бўлса, «Пахтакор» Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод 3 ва Ироқ терма жамоасининг 1 та футболчиси билан шартнома имзолади. Табиийки, жамоа ёздан кейин янада кучайди.
Аммо бу сафар ҳам ўйин Олмалиқ шаҳри жамоасининг ғалабаси билан якунланди.
Ҳисоб учрашувининг 17-дақиқасида ОКМКнинг испаниялик ҳужумчиси Рубен Санчес томонидан очилди. 47-дақиқа Ўзбекистон Суперлигасининг тўпурари бўлиб турган Ироқ Сергев мувозанатни тиклади. Аммо ўйин якунланишига 8 дақиқа қолганида Миржалол Қосимов жамоасининг асосий ҳужумчиси Рубен Санчес ўйиндаги иккинчи голини киритди ва баҳс ОКМКнинг ғалабаси билан тугади.
Шу тариқа «Пахтакор» жамоаси устози Камолиддин Тожиевнинг жамоа бошқарувидаги мағлубиятсиз серияси якунланди. Унинг бошчилигида «шерлар» умумий ҳисобда 9 та ўйиндан бери мағлубият нима эканини билмай келаётган эди.
«Динамо» ремнтадаси
6-август куни бўлиб ўтган «Машъал» ва «Динамо» ўйинида кўп ҳам интрига мавжуд эмасди. Ҳамма ўйинда «Динамо»нинг ғалабаси тахмин қилаётганди. Амалда ҳам шундай бўлди. Бироқ сценарий бошқачароқ кечди.
Ўйиннинг дастлабки 5 дақиқасидаёқ «самарқандликлар» ўз дарвозаларидан 2 та тўп олиб чиқди. Дастлаб, Шерзод Файзиев, сўнг Сардор Абдураимов «Динамо» дарвозасига тўп киритишди.
Шундан сўнг, кўпчилик бу ўйинда сенсацион натижа бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлай бошлади. Аммо тажрибали Вадим Абрамов ўйинни қутқариб қолди.
24-дақиқада «Пахтакор» клубидан сотиб олинган футболчи Улуғбек Ҳошимов ҳисобни қисқартирди. 45+3-дақиқада эса «Сурхон» жамоасидан эркин агент сифатида келган Жаҳонгир Абдусаломов пенальтидан ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлимнинг 77-дақиқасида Абрамов Дмитрий Плетнёв ўрнига Беҳруз Облақуловни майдонга туширди. Айнан шу ўзгариш ўйин тақдирини ҳал қилди.
21 ёшли Беҳрўз ўйиннинг 86 ва 90+2-дақиқаларида гол киритди ва якунда «Динамо» ремнтада амалга ошириб, 2:4 ҳисобида ғалаба қозонди.
Етакчи очко йўқотди
«Насаф» ва «Андижон» жамоалари ўртасидаги баҳслар сўнгги пайтларда жуда ажойиб ўтаётганини алоҳида эътироф этиш керак. Бу галги ўйин ҳам олдингиларидан қолишмади.
Ёзги трансферлар ойнасида катта юришларни амалга оширган Максим Шацких жамоасига ушбу ўйинда янги футболчилар яхшигина фойда келтирди. «Насаф» эса ёзда кўпроқ йўқотишларга учради. Жамоа билан шартнома имзолаган янги легионерлардан фақатгина албаниялик Шала бу ўйин қайдномасидан ўрин олди.
Кутилганидек, ўйинни «Насаф» фаол бошлади ва шундай ўтказди. «Андижон» жамоаси эса омадини кўпроқ қарши ҳужумда синади.
Учрашувнинг 5-дақиқасидаёқ ҳисоб «Андижон» томонидан очилди. Голга Дамир Темиров муаллифлик қилди. Таъкидлаш керакки, Дамир учун иккинчи давра жуда ажойиб бошланди. Футболчи 2 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урди.
Шундан сўнг, «Насаф» устунликни тўлиқ ўз қўлига олди. Умумий ҳисобда «қаршиликлар» шу куни «Андижон» дарвозасига 20 та зарба йўллади. Баъзи зарбалар ноаниқ чиққан бўлса, баъзиларини «бургутлар» посбони Эржан Токотаев бартараф этди.
Лекин шундай бўлса-да, 60-дақиқада Ойбек Бозоров ҳисобни тенглаштирди ва ўйин дуранг билан якунланди.
Турнир жадвали
17-турдан сўнг, ҳамон «Насаф» 37 балл билан турнир жадвалида етакчи бўлиб турибди. Аммо уни таъқиб этиб бораётган жамоалар билан очколар фарқи қисқарди. «Нефтчи», «Динамо» ва ОКМК жамоаларида 34 балл мавжуд.
Сўнгги ўринларни «Шўртан» (10 балл), «Қўқон-1912» (12 балл) ва «Бухоро» (13 балл) клублари эгаллаб турибдилар.
Мухлисларнинг ташрифи
17-тур ўйинларини томоша қилиш учун жами 34 405 нафар мухлис стадионларга ташриф буюрди. Бу ҳар бир ўйинни ўртача 4 301 нафардан томошабин кузатиб борганини билдиради.
Турда энг кўп мухлис тўплаган баҳс — «Насаф» ва «Андижон» ўйини бўлди. Ушбу учрашувни кузатиш учун Қаршидаги «Марказий» стадионига 12 357 нафар томошабин ташриф буюрди.
Энг кам футбол шинавандаларини тўплаган ўйин эса «Хоразм» ва «Сурхон» баҳси бўлди. Бетараф майдонда ўтган ушбу учрашувни кўриш учун 203 нафар мухлис стадионга келган.
Кейинги тур
Ўзбекистон Суперлигасида 18-тур ўйинлари 10–13 август кунлари бўлиб ўтади. Унда бизни қуйидаги ўйинлар кутмоқда:
«Сўғдиёна» – «Машъал»;
«Нефтчи» – «Насаф»;
«Динамо» – «Пахтакор»;
ОКМК – «Қизилқум»;
«Андижон» – «Навбаҳор»;
«Шўртан» – «Қўқон-1912»;
«Бухоро» – «Хоразм»;
«Сурхон» – «Бунёдкор».
Муҳаммадамин Зуҳриддинов тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг