ССВ «ғайритабиий қобилиятларга эга» кимсаларга алданиб қолмасликка чақирди

Фото: ССВ
Ижтимоий тармоқларда сохта табиблик билан шуғулланиб, ўзини реклама қилаётган ҳолатлар ва қўлланилаётган муолажа усуллари далилларга асосланган тиббиётнинг даволаш услубларига кирмайди, дея аҳолини огоҳликка чақирди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Вазирлик матбуот хизмати сўнгги йилларда давлат томонидан халқ табобатини ривожлантириш, соҳани замонавий соғлиқни сақлаш тизимига изчил интеграциялаш, бу йўналишда мутахассислар малакасини оширишга катта эътибор қаратилаётгани, натижада бугун мамлакатда 150 та тадбиркорлик субъекти тегишли лицензия асосида халқ табобати йўналишида самарали фаолият юритиб келаётганини маълум қилди.
Таъкидланишича, яратиб берилган имкониятларга қарамай, кейинги пайтларда тегишли ҳуқуққа эга бўлмасдан, рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш билан шуғулланаётган ҳамда бу орқали инсонлар соғлиги ва ҳаётига жиддий хавф туғдираётган сохта табиблар сони кўпайиб бормоқда.
«Энг ёмони, хасталиклардан тез, осон, асоратсиз, муҳими, табиий усул билан ва уй шароитида халос бўлишни истаган юртдошларимиз «ғайритабиий қобилиятларга эга»лигини иддао қилаётган, турли йўллар орқали одамлар ишончига кириб, ҳеч қандай тасдиқланмаган ҳамда тегишли синовлардан ўтмаган «хизмат»ларни таклиф этаётган бундай кимсаларга алданиб қолмоқда», дейилади ССВ хабарида.
Айниқса, ижтимоий тармоқлар бу каби шубҳали хизматларни кенг тарғиб қилувчи платформага айланиб бораётгани, уларнинг асосий аудиторияси ҳам, мижозлари ҳам оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган фуқароларимиз бўлаётгани афсусланарли экани таъкидланган.
Билдирилишича, бундай сохта усуллар белгиланган диагностика ва даволаш миллий клиник протоколлари ҳамда стандартларига мутлақо мувофиқ эмас. Қолаверса, юқоридаги муолажалар билан шуғулланаётган шахсларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фаолият юритишлари учун ҳеч қандай лицензия берилмаган.
«Шундай экан, ижтимоий тармоқлардаги сохта табиблардан огоҳ бўлинг! Ўзингиз, оила аъзоларингиз ва яқинларингиз саломатлигини хавф остига қўйманг!» дейилади хабарда
Маълум қилинишича, 2024 йилда лицензиясиз тиббий фаолият юритганлиги учун 38 та юридик шахснинг ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида, 2025 йилнинг 1 июль ҳолатига эса 24 та юридик шахс молиявий жаримага тортилган.
Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда сохта табиблик фаолиятига чек қўйиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика халқ табобати илмий-амалий маркази томонидан мунтазам равишда ўқув-семинарлар ҳамда профилактик тадбирлар ўтказиб борилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг