Сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш устувор вазифамиз бўлиб қолади – Президент
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида олтинчи устувор йўналиш – замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотлар давом эттирилиши эканини қайд этди. Аввало, 2026 йилдан бошлаб Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланади.
Энди барча давлат идораларининг 1 мингдан зиёд давлат хизматлари, 5 мингдан ортиқ функция ва вазифалари, 240 та маълумот базаси ва ахборот тизими, 100 мингдан зиёд давлат хизматчисининг маҳалла, туман, вилоят, республика даражасидаги ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилинади.
Платформага келиб тушган мурожаатлар, уларни ижрочиларга тақсимлаш ва кўриб чиқиш муддатини назорат қилиш сунъий интеллект орқали амалга оширилади.
«Энг муҳими, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилисиз, коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи экотизим яратамиз. Давлат хизматларини проактив ва жамланма шаклда кўрсатиш тизимини ривожлантирамиз», деди давлатимиз раҳбари.
Бугунги кунда Олий Мажлис энг кучли парламентларга хос бўлган барча назорат ваколатларига эга.
Хусусан, 2023 йилдан буён ташқи қарз миқдорини парламентимиз белгилаб келмоқда.
Президентимиз энди давлат кафолати остида ташқи қарз олиш масаласини маъқуллашни ҳам Парламент ваколатига ўтказишни таклиф қилди.
Бундан буён давлат харидларида товар, иш ва хизматларни тўғридан-тўғри сотиб олиш мумкин бўлган ҳолатлар фақат қонун билан белгиланади.
Конституциявий ислоҳотлар доирасида вилоят ҳокимлари ва маҳаллий кенгашлар раислари лавозимлари бир-биридан ажратилган эди. Энди бу тизим 2026 йилдан 208 та туман ва шаҳарда ҳам йўлга қўйилади.
«Айни пайтда ушбу жиддий сиёсий ислоҳот ҳокимлар ва ижро идораларидан Кенгашларга муносабатни мутлақо ўзгартиришни талаб қилади. Бундан буён депутат сўровлари ижроси ҳар чоракда таҳлил қилиниб, сусткашликка йўл қўйилган ҳолатлар бўйича прокуратурага тақдимнома киритилади», деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли муҳим эканини таъкидлади.
Шу боис, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсат келгусида ҳам изчил давом эттирилади. Хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилади.
Ушбу институтларга ижтимоий буюртма бериш тизими рақамлаштирилиб, молиялаштириш ҳажми 2 карра оширилади.
Бундан ташқари, хайрия ташкилотларини тузиш тартиби соддалаштирилади, ҳисобдорлик ва шаффофлик механизмлари такомиллаштирилади.
«Такрор айтаман, юртимиздаги кенг кўламли янгиланишлар даврида очиқлик сиёсатидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш устувор вазифамиз бўлиб қолади», деди Президентимиз.
Суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.
Одил судлов жараёнини «рақамли суд» концепцияси асосида ташкил этиш бошланди. Энди терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилади.
Бунда жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этилади ва инсон омили қисқартирилади.
Юртимизда тергов судьялари иш бошлагани халқаро тан олинган «Xabeas korpus» институтини қўллашнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди. 2026 йилдан тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатлари ҳам берилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Дуал таълим — етук мутахассис тайёрлаш кафолати
- Она тили ва адабиёт фанидан мустақил ўқиш учун тавсия этилган бадиий асарлар рўйхати эълон қилинди
- Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг III йиғилиши ўз ишини бошлади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг