Соя — фаровонликка элтадиган зироат

17:33 05 Июнь 2020 Кластер
7601 0

Давлатимиз раҳбари яқинда Андижон вилоятига сафарида ғўза қатор ораларига соя экиш бўйича Андижон тажрибасини яратиш юзасидан кўрсатмалар берди. Бинобарин, бугун соячиликни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки зироатчиликнинг мазкур турини ривожлантириш ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан ўта фойдалидир. Бу, аввало, аҳоли демографияси туфайли кундалик истеъмол товарларига ортиб бораётган эҳтиёжни кафолатли қондириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда қўл келади.

Гап шундаки, яқин-яқингача дунёнинг қашшоқ давлатлари сафида бўлган Бразилия тараққиётида қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, аниқроғи, соячиликнинг ўрни ғоятда катта бўлди. Бугунги кунда у жаҳон бозорида харидоргир бўлган соя етиштириш ва экспорти борасида етакчиликни қўлга олган. Мазкур мамлакатда ҳар йили ўртача 33,3 миллион гектар майдонда соя экини парваришланиб, гектаридан ўртача 31,4 центнер ҳосил йиғиштириб олинади.

Кейинги пайтда сояга бўлган талаб кучайгани кўплаб сабаблари бор. Аввало, унинг дони таркибида 50 фоиз оқсил, 28 фоизгача мой бўлиб, озиқ-овқат саноатида муҳим хом ашё ҳисобланади. Бундан ташқари, соянинг саноат, техника, чорвачиликни ривожлантиришда ҳам роли катта. Ундан совун, лок-бўёқ, пластмасса, плёнка ишлаб чиқаришда, кимё, тўқимачилик саноатида кенг фойдаланилади. Қимматли озуқа эканлиги эса унинг аҳамиятини янада оширади. Чунончи, соядан шрот, кунжара олинади. Яшил пояси чорва учун тўйимли озиқадир. Хуллас, соядан 400 дан ортиқ хилдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Улар орасида энг қимматлиси оқсилдир. Агар дунё бўйича оқсил манбаининг 32 фоизи чорва моллари улушига тўғри келса, қолган 68 фоизи ўсимликлардан, шу жумладан, 55 фоизи соядан олинади. Шу сабабдан ҳозирги кунда оқсил танқислигини бартараф этишда соя катта аҳамият касб этмоқда.

Шундай экан, нега шу пайтга қадар республикамизда бу экин катта майдонларда етиштирилмади?

Бунинг иккита сабабини келтириш мумкин. Аввало, ўсимликнинг аҳамияти, унинг фойдали жиҳатлари тўлиқ ўрганилмагани бўлса, иккинчиси, аксарият соя навларининг вегетация даврининг узоқлигидир. Яъни улар 120-150 кунда пишиб етилади.

Кейинги йилларда мазкур дуккакли ўсимликнинг тезпишар навлари ҳам яратилган бўлиб, аралаш усулда айнан тезпишар навлари экилмоқда.

Аралаш экишнинг Андижон тажрибаси

Президентимиз ташрифидан сўнг Андижон вилоятида ташкил этилган «Илғор тажрибалар ва инновацион технологияларни қўллаш орқали маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш» мавзуидаги республика кўргазмали семинарида мамлакатимизнинг турли бурчакларидан келган биз, кластерлар, фермер хўжаликлари раҳбарлари аралаш усулда ғўза ва соя парваришлаш технологияси билан яқиндан танишдик. Ушбу усул ер, сув, минерал ўғит ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини бериши билан алоҳида аҳамиятга эга. Чунки соя ғўза қатор ораларига, аниқроғи ғўза ниҳолларининг ўртасига қадалади. Шу боис уни қўшимча озиқлантиришга ҳожат йўқ. Ғўза парваришига сарфланган ресурслар ҳисобига соя униб-ўсиб, ҳосил беради.

Айтиш жоизки, соя ўсимлиги биологик хусусиятига кўра, жой танламайди. Шўрланган, ер ости сув сатҳи кўтарилган экин майдонларида ҳам ўсаверади. Шунингдек, уни аралаш усулда парваришлаш жуда қулай. Энг муҳими, у ерни «даволайди», тупроқни азот билан бойитади. Дуккакли ўсимлик бўлгани боис ҳар гектар ерда 55-60 килограмм, баъзида 80-100 килограммгача соф азот йиғиб беради. Бошқача айтганда, ернинг бошқа экин учун сарфлаган қувватини қайта тиклайди. Ана шу туфайли уни «Тупроқ олтини» дейишади.

Мамлакатимизда тупроқ унумдорлигини ошириш долзарб масала бўлиб турган бир пайтда соячиликни ривожлантириш айни муддаодир. Соя республикамизнинг барча вилоятида нафақат аралаш усулда, балки такрорий экин сифатида жойлаштирилса, гўштнинг муқобили сифатида кўриладиган арзон ва кўп миқдорда оқсил олишга мустаҳкам замин яратилади.

Биз билан суҳбатда бўлган Шаҳрихон туманидаги «Муҳаммаджон юксак орзуси» фермер хўжалиги раҳбари Муроджон Мирзаев бу йил 12 гектар майдонга чигит ва сояни аралаш усулда экибди. У бир гектар ердан ўртача 40 центнер пахта ҳосили олиш билан бирга, 600-700 килограмм қўшимча ҳосил — соя етиштиришни мўлжаллаб турибди. Унинг бир килограммини 10 минг сўмдан сотган тақдирда, пахтадан оладиган даромадига ҳар гектаридан 5-6 миллион сўм миқдорида даромад қўшилади.

Кўриниб турибдики, соя етиштиришни кенг ўзлаштирилиши мамлакатимиз иқтисодиёти учун ҳар тарафлама фойда келтириб, халқимиз дастурхонини озиқ-овқат ва чорвачилик маҳсулотлари билан бойитиш, бозорларни арзон ва сифатли ноз-неъматлар билан тўлдиришга қўшимча имкониятлар яратади. Шунинг учун келгусида кластер тизимида ҳам Андижон тажрибаси асосида соя етиштиришни йўлга қўйиш ниятидамиз. Бу борада Илмий маркази ходимлари ўзаро тажриба алмашиш, хорижнинг илғор усулларни ўрганиш, бу технологияларни нафақат ғўза ва соя, балки бошқа экин турлари мисолида қўллаш устида изланишга киришган. Ушбу саъй-ҳаракатлар тез орада ўзининг юқори натижаларини бериши, шубҳасиз.

Муртазо РАҲМАТОВ,
Бухородаги «BCT Cluster», Қуйи Чирчиқдаги «ТCT Cluster» кластерлари раҳбари, 
сенатор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?