Сўнгги 24 соат ичида Ғазога атиги 73 та гуманитар ёрдам юк машинаси киритилди (+видео)

10:01 28 Июль 2025 Дунё
199 0

Очлик кучайиб бораётгани сабабли Ғазо ҳудудига 73 та ёрдам юк машиналари киритилди. Бу ҳақида «Anadolu» нашри маълумот берди.

Унда айтилишича, сўнгги 24 соат ичида Ғазога киритилган 73 та ёрдам юк машиналари умумий аҳолининг эҳтиёжларини қондира олмайди. Қарийб икки ярим миллион маҳаллий аҳолини очлик гирдобидан олиб чиқиш учун, кунига 600 та ёрдам юк машиналари киритилиши лозим.

Ғазо расмийларининг таъкидлашича, Исроил ҳукумати ҳудудни қамал қилиши оқибатида очлик инқирози мисли кўрилмаган даражага этган. Сўнгги маълумотларга кўра, гуманитар ёрдам юк машиналарининг ҳудудга киритилмаслиги туфайли шу вақтга қадар 133 киши, жумладан, 87 нафар бола очликдан ҳалок бўлган.

«Очлик қўрқинчли даражада кенгаймоқда. Ҳозирда Ғазонинг бутун аҳолиси, жумладан, 1,1 миллион нафар вояга етмаган болаларнинг ҳаёти хавф остида. Очлик уларга жуда салбий таъсир қилмоқда», — дейилади Ғазо расмийлари баёнотида.

Оммавий ахборот воситаларининг маълум қилишича, бир қанча ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар Ғазога юзлаб ёрдам юк машиналарини етказиб бериш режаларини эълон қилган. Амалда эса фақатгина 73 та юк машинаси етиб келган. Уларнинг катта қисми Исроил кучлари томонидан назорат остига олиниб, талон-тарож қилинган ёки тўсиқларга учраган.

Шунингдек, Ғазо бўйлаб, уч марта ҳаводан ёрдам тарқатиш ишлари амалга оширилган, аммо уларнинг умумий ҳажми иккита ёрдам юк машинасига тенг бўлган. Бу эса маҳаллий аҳоли эҳтиёжини қондириш учун жуда камлик қилади.

Ғазо соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, Исроилнинг ҳужумлари оқибатида шу вақтга қадар камида 59 минг 733 киши ҳалок бўлган, яна 144 минг 477 киши эса турли даражадаги тан-жароҳатлари олиб шифохоналарга ётқизилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?