Сўмнинг қайтиши: Миллий валютага бўлган ишонч мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги йиллар давомида сезиларли трансформацияни бошдан кечирмоқда. Бу ўзгаришларнинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири мамлакатда долларлашув даражасининг пасайишидир. Марказий банкнинг расмий тадқиқотлари ва халқаро молиявий ташкилотларнинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётида миллий валютага бўлган ишонч ортиб бормоқда. Бу жараён нафақат рақамларда, балки бутун мамлакат иқтисодиётида чуқур структуравий ўзгаришларнинг белгисидир.
Долларлашув тушунчаси иқтисодиётда муҳим ўрин тутади, у уй хўжаликлари ва корхоналарнинг ўз маблағларини миллий валюта ўрнига чет эл валютасида, айниқса АҚШ долларида сақлаш тенденциясини англатади. Юқори долларлашув даражаси кўпинча иқтисодий беқарорлик, инфляция ва валюта курсидаги тебранишлардан далолат беради. Шунинг учун ҳам долларлашув даражасининг пасайиши мамлакат иқтисодиётининг барқарорлашуви ва миллий валютага бўлган ишончнинг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади.
Долларлашув даражасининг статистик таҳлили
Марказий банкнинг Статистика ва тадқиқотлар департаменти томонидан олиб борилган чуқур тадқиқот натижаларига кўра, ўтган 12 ойлик силжиш даври асосида ҳисобланган долларлашувнинг табиий даражаси 2020 йил январь ойида 24,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йил октябрь ойига келиб ушбу кўрсаткич 17,8 фоизгача пасайган. Бундан англашиладики, беш йил давомида долларлашувнинг табиий даражаси 6,7 фоизга камайган. Бундай пасайиш иқтисодий барқарорликнинг сезиларли яхшиланишини кўрсатади. Долларлашувнинг табиий даражаси аҳоли ва бизнеснинг реал хулқ-атворини эмас, балки иқтисодиётнинг асосий кўрсаткичлари асосида ҳисобланган оптимал даражани акс эттиради.
Ўтган 3 йиллик силжиш даври асосида ҳисобланган долларлашувнинг табиий даражаси 19,3 фоизга тенглиги аниқланган. Бу кўрсаткич қисқа муддатли кўрсаткичдан юқори бўлсада, узоқ муддатли барқарор пасайиш тенденциясини кўрсатмоқда. Узоқ муддатли кўрсаткичнинг юқорилиги шуни англатадики, иқтисодиёт ҳали тўлиқ барқарорлашмаган ва долларлашувнинг табиий даражасига нисбатан маълум муддат керак бўлади.
Яна бир муҳим кўрсаткич — жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича долларлашув даражаси 2019 йил охирида 32,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йил май ойидан бошлаб 30 фоиздан паст даражага тушган ва 2025 йил 1 ноябрь ҳолатига 22,5 фоизга етган. Бундан келиб чиқадики, беш йил давомида жисмоний шахслар депозитларидаги долларлашув даражаси 10,1 фоизгача пасайган. Бу фарқ реал долларлашув даражаси табиий даражага яқинлашаётганини кўрсатади.
Яна бир муҳим омил бу валюта курсининг ўзгариши ҳисобланади. 2024 йилда сўм доллар нисбатан 4,71 фоизга қадрсизланган. Бу 2023 йилдаги 9,92 фоизлик қадрсизланишга нисбатан сезиларли яхшиланишдир. 2025 йил январь ноябрь ойларида эса сўмнинг алмашув курси 7,5 фоизга мустаҳкамланган. 2025 йил май ойида доллар сўмга нисбатан 12 минг 885 сўмни ташкил қилган бўлса 2026 йил бошида бу кўрсатгич 11 минг 952 сўмгача тушган. Бундай барқарорлик аҳоли ва бизнес вакилларига сўмда маблағ сақлаш хавфсиз эканлиги тўғрисида маълумот беради.
Сўмга нисбатан ишонч ортаётганининг сабаблари
Долларлашув даражасининг пасайиши бир қатор омилларнинг ўзаро таъсири натижасидир. Бу омилларни тўрт асосий гуруҳга бўлишимиз мумкин:
Биринчидан, макроиқтисодий барқарорлик ва монетар сиёсат;
Иккинчидан, инфляциянинг пасайиши;
Учинчидан, банк тизимининг роли;
Тўртинчидан, валюта курсининг барқарорлашуви.
Макроиқтисодий барқарорлик сўнгги йилларда сезиларли даражада таъминланди. Халқаро валюта жамғармасининг 2025 йилги Article IV миссияси якуний баёнотида Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарорлашуви ижобий баҳоланди. Инфляция даражасидаги пасайиш энг муҳим омиллардан биридир. 2025 йилда йиллик инфляция 7,3 фоизгача пасайди, бу 2024 йилдаги 9,8 фоизга нисбатан сезиларли даражада камайиш ҳисобланади. Жаҳон банки прогнозларига кўра, инфляция 2025 йилда 8,9 фоизгача пасайиши, 2026 йилда 7 фоизга ва 2027 йилда 5 фоизга етиши мумкин. Ўтган йиллардаги юқори инфляция аҳолининг қимматбаҳо металлар ва чет эл валютасига ишончининг ортишига сабаб бўлган бўлса, эндиликда бу эҳтиёж сезиларли даражада камайиши мумкин.
Бу ўзгаришларда банк тизимининг роли ҳам муҳим аҳамият касб этади. Марказий банк маълумотларига кўра, депозит ва кредитларнинг долларлашув даражаси пасайиш динамикаси тезлашган. Кредитлар бўйича 41 фоиздан 37 фоизгача, депозитлар бўйича эса 26 фоиздан 23 фоизгача пастлаган. Банклар сўмдаги депозитлар учун доллар депозитларига нисбатан юқори фоиз ставкалари белгилаш орқали аҳолини миллий валютада маблағ сақлашга ундамоқда. Бу фақат рақобат устунлиги эмас, балки иқтисодий сиёсатнинг муҳим қисмидир. Юқори фоиз ставкалари аҳолига сўмда маблағ сақлашдан реал даромад олиш имконини беради. Бундан ташқари, хориждан юборилаётган пул ўтказмаларининг ортиши ҳам муҳим омил ҳисобланади. 2025 йил бошидан буён бундай пул ўтказмалари ҳажми 25 фоизгача ортган. Бу эса ички бозорда чет эл валютаси таклифини 7,8 миллиард долларга етказган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 марта кўпроқдир.
Иқтисодий хулқ-атворининг ўзгариши
Долларлашув даражасининг пасайиши асосан аҳоли ва бизнеснинг хулқ-атворидаги ўзгаришлардан далолат беради. Бу ўзгариш нафақат рақамлар ўзгариши, балки чуқур психологик ва иқтисодий трансформацияни акс эттиради.
Юридик шахслар ва корпоратив сектор вакиллари бу жараёнда энг фаол иштирокчи ҳисобланади. Аввал ўз маблағларини чет эл валютасида сақлаган компаниялар эндиликда ўз капиталини сўмда сақлашни афзал кўрмоқда. Бу ўзгариш айниқса сўнгги уч йил ичида тезлашган. Корпоратив секторнинг миллий валютага ўтиши бир нечта омилларга боғлиқ:
Биринчидан, сўмдаги депозитларнинг фоиз ставкалари юқорилиги;
Иккинчидан, валюта курсидаги беқарорлик;
Учинчидан, бизнес муҳитида миллий валютада операциялар олиб бориш қулайликларининг ортиши.
Жисмоний шахсларнинг муддатли депозитларидаги долларлашув даражаси 32,6 фоиздан 22,5 фоизгача пасайишгани ҳам аҳолининг миллий валютага ишончи ортганидан далолат беради. Бу ўзгариш оддий кундалик ҳаётда ҳам сезилмоқда. Жумладан, банкларда сўмдаги депозитлар учун фоиз ставкалари юқори, валюта бозоридаги вазият беқарор.
Келгусидаги кутилмалар
Долларлашув даражасининг пасайиши кўплаб ижобий натижаларни келтириб чиқаради.
Биринчидан, миллий валюта кучаймоқда. Бу ўзбек сўмининг халқаро майдондаги мавқейини мустаҳкамлайди. Сўмнинг мустаҳкамланиши импорт товарларини арзонлаштиради ва аҳолининг харид қобилиятини оширади.
Иккинчидан, иқтисодий суверенитет ортмоқда. Чет эл валютасига камроқ боғлиқлик бизни иқтисодий жиҳатдан мустақил қилади. Бу мамлакат ички иқтисодий сиёсатни юритишда кўпроқ эркинлик беради.
Учинчидан, валюта рисклари камаймоқда. Аҳоли ва бизнес вакиллари эндиликда доллар курсининг ўзгаришидан қўрқиб, сўмда маблағ сақлашни афзал билишмоқда.
Инфляциянинг янада пасайиши 2026 йилда 7 фоизга ва 2027 йилда 5 фоизгача етиши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, корпоратив сектор томонидан миллий валютада операциялар олиб бориш аҳолига ҳам ижобий сигнал юбормоқда. Аҳоли молиявий саводхонлигининг ортиши сўмда маблағ сақлаш афзалликларини тушунишга ёрдам беради.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон иқтисодиётида долларлашув даражасининг пасайиши миллий валюта — сўмга бўлган ишончнинг изчил мустаҳкамланаётганини кўрсатмоқда. Макроиқтисодий барқарорлик, инфляциянинг пасайиши, банк тизимидаги ислоҳотлар ҳамда валюта курсининг нисбатан барқарорлашуви аҳоли ва бизнеснинг молиявий қарорларига бевосита таъсир кўрсатади.
Мазкур тенденция сақланиб қолган тақдирда, келгуси йилларда иқтисодий барқарорликнинг янада мустаҳкамланиши, валюта рискларининг камайиши кутилмоқда. Бу эса сўмнинг узоқ муддатли барқарорлиги ва миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Эъзозбек Ҳамидов тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг