Сўх тумани: Ўзгаришлар бўсағасида ёхуд яшариш ва янгиланиш одамлар ҳаётида ўз аксини топади

19:27 11 Август 2020 Жамият
2142 0

“Халқ сўзи ONLINE”

Сўх — ғоят хушманзара маскан. Баланд тоғлар, тиниқ булоқлар, жўшқин сойлар, яшил аланга каби кўкка талпинган арчалар… Туманнинг энг катта бойлиги бу – унинг меҳнаткаш, меҳмондўст ва самимий одамлари.

«Бобурнома»да Заҳириддин Муҳаммад Бобур бир муддат Сўх туманида яшагани ҳақида мароқ билан эсга олиб, туманнинг гўзал табиати, меҳмондўст одамлари билан боғлиқ хотираларини ёзиб қолдирган. Сўх туманидан топилган қадимий осори-атиқалар, ҳудудни чор тарафдан ўраб олган пурвиқор тоғлар, зариф қўшиқлар куйлаб оқадиган зилол сойлар, асрларни қаритган қишлоқларнинг мозийдан садо берувчи ўзига хос тарихи ҳақиқатдан ҳам бу кўҳна замин аҳли азалдан ҳаётсевар эканлигидан далолат.

Кўҳна ва ҳамиша навқирон Сўхда музаффар ҳаёт шукуҳи бугун ўзгача намоён бўлмоқда. Ҳаётнинг турли қийинчиликларига қарамай тарихнинг турли сўқмоқларидан мардонавор ўтиб келаётган сўхликлар янги — нурли истиқболга ўзгача хушкайфият билан пешвоз чиқмоқдалар.

“Халқ сўзи ONLINE”

Президентимизнинг шу йил 8 август куни қабул қилинган «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар кўламини сифат ва салмоқ жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Дарҳақиқат, Сўхда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш, оилалар фаровонлигини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш борасида ечимини кутаётган масалалар кўп эди. Хусусан, туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми вилоят кўрсаткичларидан сезиларли даражада ортда қолмоқда. Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш ва доимий даромад манбаларини кўпайтириш соҳасидаги ишлар ҳам қониқарли эмас. Ичимлик суви, ички йўлларни таъмирлаш, ахборот-коммуникация тармоқлари билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан бартараф этишга катта эҳтиёж бор. Шу боис чора-тадбирлар дастурида туманда саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари бўйича истиқболли янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, тадбиркорликка кенг шароит яратиш ва рағбатлантириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларини замонавий мезонлар асосида ривожлантириш, таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва муқим иш ўринлари билан таъминлаш сингари йўналишларда кенг қамровли устувор вазифалар белгиланди.

“Халқ сўзи ONLINE”

Тиббиёт муассасаларида замонавий шароитлар яратиш, мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, давлат-хусусий шериклик тамойили асосида боғчалар қуриш ва ҳудудда келажагимиз ворисларини мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражасини оширишга қаратилган ғамхўрликлар шулар жумласидан. Туманда истироҳат боғлари ташкил этиш, спорт муассасалари фаолиятини бугунги кун талаблари асосида йўлга қўйиш ва мураббийлик фаолиятини рағбатлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар баркамол авлод орзуси йўлидаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамиятга эга.

Сўхда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароит яратиш орқали кўплаб ижтимоий масалаларни ҳал этиш мумкин. Айни жиҳатларни инобатга олган ҳолда туманда халқаро пул ўтказмалари амалиётини йўлга қўйиш, 24/7 режимида ишловчи банк шохобчаларини ташкил этиш масаласи ижобий ҳал этилмоқда. Цемент заводи қуриш, ер ости табиий бойликларини қазиб олиш фаолиятини такомиллаштириш, мевани қайта ишлаш ва қадоқлаш, балиқчилик ва паррандачиликни ривожлантириш, интенсив боғлар барпо этишга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш биринчи навбатдаги вазифалар сирасига киритилди. Қарорга мувофиқ тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит фоиз ставкасининг 10 фоизли пунктидан юқори бўлган қисмини Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаб бериш, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар учун истисно тариқасида ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш каби қатор имтиёз ва қулайликлар тақдим этилмоқда.

Туманда картошка етиштириш борасида жуда катта ҳаётий тажриба мактаби яратилган. Дастурда картошка уруғчилиги илмий маркази ташкил этиш кўзда тутилгани туманда илмий-амалий тажрибани ўзаро уйғунлаштириш имконини беради. Шунингдек, аҳолига деҳқончилик қилиш учун қўшимча 20 сотихдан ер берилиб, ерга ишлов бериш ва сифатли уруғ сотиб олиш учун оилаларга 2,2 миллион сўмдан субсидия маблағлари ажратилади. Деҳқончилик қилиш муаммо бўлган ҳудудларга сув чиқарилиб, ихчам ва замонавий иссиқхоналар барпо этилади. Биргина саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида 95 та лойиҳа доирасида 5 мингта янги иш ўринлари яратилади.

“Халқ сўзи ONLINE”

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор имтиёзлар берилгани ҳам эътиборга лойиқ. Хусусан, 2020 йилда жисмоний шахслар ер ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинди. Шу йилнинг 1 августидан 2021 йилнинг 31 июлига қадар якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи амалдаги қатъий белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланди. Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олиш учун йиғимни тўлаш тартиби бекор қилинди.

Ҳозирги кунда туманда 14 минг 330 нафар маҳаллий аҳоли — ер ва мол-мулк солиғи тўловчилар ҳамда 400 дан ортиқ кичик бизнес субъектлари ушбу имтиёзлардан фойдаланиш имконига эга бўлганини инобатга олсак, имтиёзлар кўлами нақадар катта эканлигини англаш қийин эмас. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ер ва мол-мулк солиғидан озод этилган 14 минг 300 нафар сўхликлар ихтиёрида бир йилда 3 миллиард 300 миллион сўм маблағ қолади. Якка тартибдаги тадбиркорларга тақдим этилган имтиёз бир йилда қарийб 500 миллион сўм маблағни оила бюджети учун асраб қолиш имконини беради.

Туманнинг «Тул», «Ҳушёр», «Сариканда», «Равон», «Ҳазрат Али», «Ленбург», «Қалача», «Ғазнов» «Чашма», «Демурсад», «Шарқобод», «Янгиариқ», «Сўх», «Қақир», «Офтобру» каби маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи 59 минг фуқаронинг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 274 километрлик ичимлик суви тармоғи тортилади. 30 та ичимлик суви иншооти қурилади ва реконструкция қилинади. Қарийб 13 километр табиий газ тармоғи таъмирланади. Аҳоли хонадонларига 8,5 мингдан зиёд янги электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилиб, газ таъминоти корхонасига 3 та махсус автотранспорт воситаси ажратилади. Туманда суюлтирилган газ таъминотини яхшилаш мақсадида газ тўлдириш мажмуаси қурилиши бўйича режа-жадвал ишлаб чиқилди ҳамда тасдиқланди.

“Халқ сўзи ONLINE”

Қайроқ массивидаги 1 минг 448 гектар яйлов майдонларини ўзлаштириш учун уч кўтармали «Қайроқ» насос станцияси босқичма-босқич қурилади. Бўстон ҳудудидаги 600 гектар экин майдони ва 100 гектар аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш учун “Ҳушёр-1” ва “Ҳушёр-2” насос станциялари таъмирланади. Ҳозир қўшни Қирғизистон яйловларидан фойдаланиш, Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспорти орқали аҳолига қулай нархларда қатновларни йўлга қўйиш сингари муҳим масалаларда икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Сўхда бошланган ҳаётбахш ислоҳотлар кўлами ва миқёси кенглиги, тумандаги ҳар бир оила ва инсон, ҳар бир ҳудуд ва маҳалла ҳаёти, орзу-интилишларига ўзаро ҳамоҳанг эканлиги билан том маънода тарихий аҳамиятга эга. Демак, яқин келажакда Сўх тумани мамлакатимизнинг ҳар томонлама обод ва фаровон гўшаси сифатида бутун дунёга ўз кўрку тароватини кўз-кўз этади.

Мирзоҳид УБАЙДУЛЛАЕВ,

Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер