Соғлом турмуш тарзи умрингизни узайтиради

Кўчаларда семизлик оқибатида ўзини кўтаролмай ҳаллослаб юрган йўловчиларни кўп учратамиз. Ҳар доим емакхоналар мижозлар билан гавжум. Кечки сайр учун барпо этилган истироҳат боғлари, кўкаламзор йўлакларда асосан ёшлар ва болаларни учратамиз. Шифохоналарда ҳам аксарият беморлар юрак-қон томир касалликлари, нафас етишмовчилиги, қандли диабет билан азият чекмоқда. Аслида ҳар қандай касалликни олдини олишнинг энг камхарж ва самарали йўли бу аҳолининг соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятига амал қилишидир.
ЖССТ билан ҳамкорликда ўтказилган текширишларда Ўзбекистон аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга эканлиги, аҳолининг 46%да қон таркибида меъёрдан ортиқ холестерин мавжудлиги, 31%да қон босими юқорилиги ўз исботини топди. Тўғри ва рационал овқатланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш бугунги кундаги долзарб масала.
Яқин-яқингача уй юмушлари, деҳқончилик қўл меҳнати билан бажариларди. Замонавий технологиялар даврида одамлар жисмоний меҳнат қилмай қўйди. Оддий боғчага боласини олиб келгани ҳам машинада боради. Ҳар қадамда емакхона, кўчалар, йўллар машиналарга тўла. Заводлар ва автоуловлардан чиқаётган заҳарли тутунлар туфайли аҳолининг иммунитети пасайиб бормоқда. Оддий гриппга қарши бир қанча дори-дармонлар сотиб олса ҳам тезроқ тузалиши қийин кечмоқда. Қайтанга, етмиш, саксон ёшлардаги бобо, момоларимиз шамоллашларни ҳозир ҳам тик оёқда ўтказиб юборади. Чунки уларнинг иммунитети болаликдан юқори бўлган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунёда ҳар йили 3 миллионга яқин одам семизлик оқибатида вафот этади. Ҳозир дунёда 1 миллиарддан зиёд одамда ортиқча вазн бор. Шундан 380 миллионга яқини ўсмирлар ва болалардир. Ортиқча вазн юрак, жигар, буйрак, бўғимларга салбий таъсир қилиши оқибатида қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, гипертонияни келтириб чиқаради. Буларнинг барчаси нотўғри овқатланиш, меъёридан кўп ёғли таом ва ширинликлар тановул қилиш, ҳаракатсизлик, жисмоний тарбия билан шуғулланмаслик, вақтида тиббий кўрикдан ўтмаслик натижасида юзага келади. Айрим ёшлар спорт билан шуғулланиш ўрнига қорин қўйишни “авторитет” деб биляпти.
Самарқанд вилоятида жорий йилнинг март-апрель ойларида 7 ёшдан 17 ёшгача, апрель-май ойларида 18 ёшдан 29 ёшгача, август-сентябрь ойларида 30 ёшдан 49 ёшгача, октябрь-ноябрь ойларида 50 ва ундан катта ёшдаги шахслар спортнинг бирор тури билан ихтиёрий шуғулланиши учун суҳбатдан ўтказилди. Самарқанд давлат тиббиёт университетининг кўп тармоқли клиникаси ходимлари ўртасида дам олиш кунлари 5 километрга юриш, велосипедда сайр қилиш, бадминтон, теннис, футзал, волейбол каби оммавий спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди. Иш кунлари клиника бўлимларида даволанаётган аҳволи енгил беморлар ҳам эрталабки гимнастика машқларига жалб этилмоқда. «Соғлом овқатланиш ва унинг саломатлик учун аҳамияти» мавзусида давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Соғлиқни сақлаш соҳасига давлатимиз томонидан қанча маблағлар ажратилмоқда. Юртимиздаги энг чекка қишлоқлардаги шифохоналарни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Аммо аҳоли соғлом турмуш тарзига риоя қилмаса, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди.
ЖССТ маълумотига кўра, инсон саломатлиги 50%-турмуш тарзига, 20%-наслий ирсий омилларга, 20-25%-экологияга ва фақатгина 8-10% -соғлиқни сақлаш тизимига, яъни тиббиёт ходимларига боғлиқ. Демак, ҳар бир фуқаро ўз соғлиги учун жавобгар. Узоқ умр кўришни истаган одам спорт билан мунтазам шуғулланиш керак. Ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиб турса, ҳеч қандай касаллик ҳаётига рахна солмайди.
Наргиза Абдуллаева,
Самарқанд давлат тиббиёт университетининг даволаш ишлари
бўйича проректори, кўп тармоқли клиникаси бош шифокори,
вилоят кенгаши депутати.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг