Собиқ судья ва судланган юрист 75 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан ундирмоқчи бўлди

12:14 10 Сентябр 2024 Жамият
375 0

Фото: Иллустратив

Давлат хавфсизлик хизмати бир қатор жиноятларни фош қилди. Тошкент шаҳрида 2 нафар адвокат ва юристнинг ноқонуний қилмишлари фош этилиши ҳақида ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати Ш.У. ва қурилиш соҳасида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият юристи Т.Н. ўзаро келишган. Қайд этилишича, 2021 йилда Жиноят Кодексининг 131 ва 135-моддалари билан судланиб, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва ҳозирда жазо муддатини ўтаётган шахснинг айбловидан 135-моддани олиб ташлашни ваъда беришади.

Бу орқали, маҳкумга нисбатан тайинланган жазони суд тизимида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали бошқа енгилроқ жазо турига алмаштириб бериш эвазига 75 минг АҚШ доллари талаб қилишади. Жорий йилнинг март ойида улар сўралган пул маблағини олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

«Ҳолат юзасидан Ш.У. ва Т.Н.га нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди ҳамда 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди томонидан Ш.У. ва Т.Н.ларнинг ҳар бирига нисбатан 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда 136 млн. сўм жарима жазоси тайинланди», дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, адвокат Ш.У. муқаддам суд тизимида судья лавозимида ишлаган. МЧЖ юристи Т.Н. эса 2009 йилда Жиноят Кодексининг 210-моддаси билан, 2016 йилда эса ЖКнинг 122-моддаси билан судланган.

Яна бир ҳолатда Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик бюроси адвокати М.М. Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят ишида айбланувчи сифатида жалб қилинган шахсга нисбатан суд тизимидаги танишлари орқали оқлов ҳукми чиқариб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.

«Фирибгар сўралган пул маблағидан 20 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳозирда адвокатга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Аввалроқ, Коррупцияга қарши кураш агентлиги 3 та вазирликнинг 398 та ходимига нисбатан чора кўргани ҳақида хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?