Собиқ машинасозлик корхонасидан қолган бино нега «музлатилди»?
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Тўқсонни қоралаб қолган Маҳмуджон ота Деҳқонов йигирма йилга яқин ўз маҳалласидаги шундоқ уйига девор дармиён заводда меҳнат қилган. Ўз даврида корхона роса гуллаган. Кўпчиликни иш билан таъминлаган. Қишлоқдошлари рўзғорига барака киритган. Замона зайли билан унинг мулк шакли ўзгарди, бироқ, ҳақиқий мулкдорни топмади чоғи, чўкса-чўкдики, ривожланиб кетмади. Бугун катта-катта цехларга эга заводдан якка ёлғиз маъмурий биногина ёдгорлик бўлиб қолган. Беш йил аввал қулф осилган уч қаватли иншоотнинг олдидан ҳар гал ўтганида унинг мунғайиб турган қиёфасига кўзи тушган отахоннинг юраги эзилади.
Шовон Тўрақўрғон тумани марказидан йигирма чақирим масофада жойлашган чекка маҳалла. Кейинги пайтларда амалга оширилаётган ўзгаришларга қарамай ушбу аҳоли истиқоматгоҳида бир қатор муаммолар сақланиб қолаётгани кўпчиликни ташвишга солмоқда. Ҳудудда битта умумтаълим мактаби, саноқли хусусий боғчалардан ташқари бирор ижтимоий муассаса йўқ. Бандликни таъминлаш масаласи, айниқса, эътиборталаб аҳволда. Гарчи, бу жойда расмий ишсизлар сони 30 нафар дея рўйхатга олинган бўлсада, амалда доимий даромад манбаига эга бўлмаган фуқаролар бир неча ўн баравар юқори рақамни ташкил этади. Шундан хорижга ризқ излаб кетган ёшлар кўплаб оилаларда учрайди. Баъзилар кундалик харажати учун маҳалла этагидан ўтган сой ёқасидаги норасмий бир кунлик иш топиш масканига чиқади. «Мардикор бозори» деб ном олган бу жойда ҳар куни эрта тонгда юздан ортиқ одам тўпланади. Улар орасида ёш йигитлардан тортиб, соқолига оқ оралаган катталаргача бор. Хотин-қизлар ҳам етарли.
Муаммонинг илдизи 4300 дан ортиқ нуфузга эга маҳаллада меҳнат ўринлари, хусусан, кўпчиликни муқим иш билан таъминлай оладиган бирор жўяли корхона ёки жилла қурса, бирор ўн кишини банд этган тадбиркорлик субъектининг йўқлигида. Тўғри, ҳудудда фермер хўжалиги, иккита сартарошхона, бармоқ билан санарли савдо дўконлари, тегирмон, учта йирик цемент ғишт қуйиш шохобчаси, бошқа бир қатор якка тадбиркорлик тузилмалари бор. Уларда нари борса юздан ортмаган киши кафолатли меҳнат ўрни билан банд. Қолганлар эса...
Савол туғилади, Шовонда, дейлик, кўп сонли ўринга эга ишлаб чиқариш корхонаси ёки улар филиалини ташкил этиш орқали муаммони юмшатишнинг имкони йўқми? Чор атрофда тадбиркорлик ҳаракати авж пайтда замонда нега маҳаллага бирор бир янги саноат ўчоғи олиб кирилмади? Ваҳоланки, бу ерда бир пайтлар салкам 200 кишилик меҳнат жамоасига эга «Наманган қишлоқ хўжалик машиналари заводи» фаолият кўрсатган. Унинг рақамли технологик дастгоҳларга эга цехларида боғдорчилик соҳаси учун техника ва ускуналар ишлаб чиқарилган. Табиийки, маҳаллий аҳоли ўртасида машинасозлик соҳасида анчагина тажриба ҳам тўпланган эди. Бироқ, корхонани хусусийлаштириш бўйича амалга оширилган қатор лойиҳалар кутилган натижани бермади. Бу орада корхона цехлари, ундаги ноёб ва қимматбаҳо технологик жиҳозлар номи тадбиркору мақсади ҳамённи қаппайтириш бўлган сохта ишбилармонлар томонидан сотиб юборилди. Бинолар ғишти, ҳатто, пойдеворларнинг цемент бўлакларигача пулланди. Ишлаб чиқариш тўхтади. Бугун ҳайҳотдай корхонадан битта уч қаватли идора биносигина ёдгорлик бўлиб қолган. У ҳам қарийб 10-15 йилдан бери тадбиркорлар томонидан қўлдан-қўлга ўтиб, уларга банк кредитини олиш учун гаров манбаи сифатида хизмат қилиб келмоқда, холос. Охирги мулкдор бундан беш йил аввал «Бу ерда катта тикувчилик корхонаси қиламан», дея эгалик ҳуқуқини қўлга киритган эди. Гарчи, хатти-ҳаракатини маҳалладагилар астойдил қўллаб-қувватлашига қарамай ишончни оқламади. Бошланишига бинонинг бир қаватига дастгоҳлар ўрнатиб, 20-30 нафар хотин-қизни ишлатгандек кўриндию, уч ой ўтмай фаолиятни тўхтатди.
— Бинони Наманган шаҳридаги «Лименур» масъулияти чекланган жамияти инвестиция киритиш ва иш ўринлари яратиш шарти билан сотиб олган эди, — дейди 2019 йилдан бери бу жойни қўриқлаб келаётган Абдужаббор Камолов. — Лекин, тадбиркор Иброҳим Ғ. лафзида турмади. У бинони гаровга қўйиб, «Агробанк»нинг Жомашўй бўлимидан каттагина кредит олган. Иши битиб, эшаги лойдан ўтиши билан ҳамма нарсасини йиғиштирганича келган жойига қайтиб кетди. Шундан буён иншоот ҳеч кимга фойдаси тегмасдан бўм-бўш турибди.
Айтишларига қараганда, кредит қарздорлиги бартараф этилмагани учун мижоз ва банк ўртасидаги тортишувлар судгача бориб етганидан сўнг мулк молиявий муассаса тасарруфига ўтган. Банк бинони сотувга қўйган. Орадан бир неча йил ўтганига қарамай, уни сотиб оламан, деган талабгор чиқмаяпти. Баъзилари унинг сотиш қиймати юқорилигидан аниқ гап айтишмаётган кўринади. Бир гал ҳатто, венгриялик сармоядор ҳам келибди. Объект темир йўлга узоқлиги, бундан ташқари табиий газ таъминоти йўқлиги учун кўнгли чопмаган. Тўғри, объект қайсидир талабгорга маъқул келмагандир. Лекин, бу ерда ярим гектар атрофида бўш ҳовлиси билан 1800 квадрат метр фойдали майдонга эга замонавий бино турибди. Айтайлик, табиий газ йўқлиги сабаб қилиб келтирилаётган бўлса, мураккаб технологик ишловни талаб қилмайдиган фаолият тури, масалан, пойабзалчилик, тикувчилик ёки миллий ҳунармандчиликнинг бошқа турига асосланган ишлаб чиқаришни ташкил қилса бўладику! Бунинг учун амалий ҳаракат, ўз оёғи билан келадиган сармоядорни кутиб ўтирмасдан уни қидириб топиб, қизиқтириш керакмасми?
Бундан икки йил аввал вилоят ҳокимининг ОАВ ходимлари билан учрашувида ушбу бино масаласида савол йўллаганимизда вилоят раҳбари туман ҳокимиятига айни масала билан жиддийроқ шуғулланиш топшириғини берганди. Тўрақўрғондагилар бироз ҳаракатлангандек бўлишди, аксига олгандек барибир бинонинг «бахти очилмади».
— Иш бошлаганимга тўрт ой бўлди, — дейди айни пайтда туман ҳокимининг МФЙдаги ёрдамчиси бўлиб турган Равшанбек Қосимов. — Бандлик, янги иш ўринлари яратиш биринчи даражали вазифам. Албатта, яқин вақтга мўлжаллаган режалар орасида собиқ «Наманганселмаш»нинг аросатдаги биносини ҳаракатга келтириш масаласи ҳам кун тартибида.
Одатда кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган бундай объектлар агар қарздор ўз вақтида тўлов қилмаган ҳолда сотувга чиқарилади. Харидорини топиши билан қарз ёпилади. Бино янги мулкдор, у орқали жамият манфаатларига хизмат қила бошлайди. Шовондаги фойдаланишга тайёр бино ҳамон «музлатилганича» қолмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг