Собиқ иттифоқ даврида қатағон қилинган 208 нафар ўзбекистонлик оқланди

Фото: Халқ сўзи
Юртимизда кейинги йилларда тарихий ҳақиқат ва адолатни тиклаш, мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, қувғин ва қатағонга дучор этилган аждодларимиз номини оқлаш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилаётир.
Айни жараёнда Президентимизнинг 2020 йил 8 октябрь кунги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи ташкил этилган бўлиб, бунинг учун тегишли вазирлик ва идоралар архивларидан фойдаланиш имконияти яратилди. Шунингдек, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмаган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан тегишли тартибда таклифлар киритиш белгиланди.
Шу йилнинг 19 апрель куни Олий судда навбатдаги суд мажлиси ўтказилди.
- Ўтган давр мобайнида собиқ тузум даврида ноҳақ қатағон қилинган 408 нафар ҳамюртларимизни реабилитация қилиб, уларни оқлаш бўйича 16 та жиноят иши кўриб чиқилди, - дейди Олий суд судьяси Сардор Тоганов. – Бугун 3 та жиноят иши доирасида яна 208 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди. Умуман олганда, шу кунгача 19 та жиноят иши бўйича 616 нафар қатағон қурбонлари оқланишига эришилди.
Таъкидлаш ўринлики, эзгу ташаббус доирасида кейинги йилларда мамлакатимизнинг 13 та олий таълим муассасалари қошида “Қатағон қурбонлари” музейлари ташкил этилди. Бу борада олиб борилган изланишлар, илмий-тадқиқот ишлари самараси туфайли 14 та хотира китоби чоп этилди.
- Бу тарихий ҳақиқат ва адолат тантанасидир,-дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Қатағон қурбонлари” давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ҳасанов. – Буни қарангки, номи оқланаётган қатағон қурбонларининг ўртача ёши 20-25 ёшда. Миллий озодлик йўлида жон фидо қилганлар орасида 16-18 ёшли йигит-қизларнинг ҳам борлиги нақадар аянчлидир. Улар ғанимга қарши аёвсиз курашган, ўз ҳаётини миллий ва диний қадриятларимизни асрашга бахшида этган асл ватанпарварлар бўлган.
Бугунги кунда айни йўналишдаги ишларни изчил давом эттириб, адолатсиз ҳукм қилинган, умри бевақт хазон бўлган қатағон қурбонларини аниқлаш ҳамда тарихий ҳақиқат тўлиқ қарор топишига эришиш тарихчи олимлар, илмий тадқиқотчилар, кенг жамоатчиликнинг устувор вазифаси сифатида белгиланган.
ТЎЛИҚ РЎЙХАТ
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг