“Сизлар — буюк шоир Алишер Навоийнинг ворисларисиз”

Фото: Архив сурат
8 сентябрь — атоқли авар шоири Расул Ҳамзатов таваллуд топган кун
Агар ошиқларинг ўн мингта бўлса
Билгилки аларнинг сардори менман...
Юртдошларимиз орасида ушбу дилбар қўшиқни эшитмаган кам топилади. Миллий қўшиқчилик санъатимизнинг таниқли намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев мазкур ашулани яратаркан, унинг матнини тайёрлашда атоқли авар шоири Расул Ҳамзатов шеъридан илҳомланганини, ғоя ва андоза олганини ўз интервьюларида кўп бор такрорларди. Икки улуғ ижодкорнинг қалб қўридан яралган ушбу тарона халқимизнинг маънавий мулки бўлиб қолди.
Чиндан ҳам, Расул Ҳамзатовнинг ўзбек адабиётини ривожлантириш, маънавиятини юксалтиришда ҳиссаси катта. Зеро, у Шароф Рашидов, Зулфия, Абдулла Орипов каби таниқли адибларимизнинг қадрдон дўсти бўлиши билан бирга мумтоз адабиётимизга айрича меҳр-муҳаббат билан қарарди.
Расул оғанинг халқимизга, адабиётимизга ва ҳазрат Алишер Навоийга бўлган меҳри падари бузрукворидан ўтган. Унинг отаси Ҳамзат Садаса ҳам авар халқининг мумтоз шоири эди. Ёшлигида пухта диний билим олганди, араб ва форс тилларини мукаммал биларди. Шу сабабдан ҳазрат Навоий асарларининг моҳияти ва бадиийлигини теран англарди. 1948 йили 71 ёшга кирган бўлишига қарамай Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан Тошкентга келганди ва тантанали мажлисда буюк шоиримиз ижодига бағишланган мазмунли нутқ сўзлаганди (ўша лаҳза муҳрланган сурат ҳозирги кунда унинг Сададаги уй-музейида сақланади). Шубҳасиз, у Алишер Навоийга бўлган меҳрини ўғли Расулга ҳам сингдирди.
1923 йили 8 сентябрь куни Доғистоннинг Хунзах туманидаги етмиш хонадондан иборат Сада овулида туғилган Расул Ҳамзатов қандай қилиб дунёга машҳур буюк шоирлар даражасига кўтарила олди? Бу саволга она тилини, миллатини, халқини, қадриятларини, Ватанини севгани ва уларни асарларида осмон қадар улуғлагани, адабиётга садоқат билан хизмат қилгани учун дея жавоб берсак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бағрикенг шоир барча халқларнинг қадриятларини ҳурмат қиларди, кўплаб миллатларнинг намояндалари билан қалин дўст эди. Шоир ўзгаларни эъзозлади, ўзгалар ҳам унга эҳтиром кўрсатди. Эндиликда ҳамма Расул Ҳамзатов деганда Доғистонни, Доғистон деганда Расул Ҳамзатовни кўз олдига келтиради.
1962 йили мамлакат делегацияси раҳбари сифатида Шароф Рашидов, аъзоларидан бири бўлиб Расул Ҳамзатов Куба сафарига боради. Ташриф давомида илгаридан таниш бўлган икки адибнинг дўстлиги янада мустаҳкамланади (бу дўстлик уларнинг умри бўйи давом этди, бир-бирларини тез-тез йўқлаб туришди). Айнан ўша йили Расул оғанинг “Юксак юлдузлар” китобига баланд мақомдаги Давлат мукофоти берилганди. Табиийки, у бу китобини дўстига совға қилди. Шароф Рашидов сафардан қайтгач, китобни нашриётга таржима учун топширди. Моҳир тилмочлар Мамарасул Бобоев ва Зоҳиджон Обидов китобни она тилимизга маҳорат билан ўгиришди. Ва “Юксак юлдузлар” китоби 1964 йили ўзбек тилида нашрдан чиқди. Шу ўринда, китобга Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов муҳаррирлик қилганини эслатиш жоиз.
1967 йили Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” асарининг биринчи китоби Москвада рус тилида чоп этилди. Ўша вақтда “Гулистон” журналининг бош муҳаррири бўлган Иброҳим Раҳим бу китобни таржима қилишни Эркин Воҳидовга топширди. Биринчи китобнинг бошланғич қисми Эркин Воҳидов таржимасида “Гулистон” журналининг 1968 йилги 1 — 8-сонларида берилди (эслатма: 5-сонида чиқмаган). Журналда кетма-кет берилаётган асар халқимиз томонидан севиб ўқилди.
1968 йили ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 525 йиллиги тўйи муносабати билан Тошкентга келган Расул Ҳамзатов тантанали маросим танаффусида ёш адабиётшуносларимиз билан суҳбатлашди. У суҳбат чоғида халқимизга, адабиётимизга бўлган чексиз ҳурматини изҳор қилди: “Ўзбек халқига ҳавасим келади. Сизлар — буюк шоир Алишер Навоийнинг ворисларисиз, улуғ миллатнинг фарзандларисиз, катта тилнинг эгаларисиз. Бу билан фахрланишингиз, халқингиз, тилингиз камолига хизмат қилишдан чарчамаслигингиз керак”.
Бу сўзлар оз сонли миллатлар ва уларнинг тиллари йўқолади, мамлакатда ягона тилни жорий этишимиз керак деган сафсата ғоя тарғиб қилинаётган даврда айтилгани билан аҳамиятлидир. Ўша даврда ўзбек ёшларига “улуғ миллатнинг фарзандларисиз, катта тилнинг эгаларисиз”, деган сўзларни халқимизни, бой маданий меросимизни чин дилдан қадрлаган Расул Ҳамзатовгина айтиши мумкин эди.
Албатта, журналистлар машҳур шахслардан интервью олишга ҳаракат қилишади. Тантанали маросим тугаганидан кейин “Тошкент” ресторанида ижодкор дўстлари билан кечки тановулни бошлаган Расул оға олдига бир журналист ҳовлиқиб келиб дейди:
— Ассалому алайкум, Расул Ҳамзатович! Агар сиз менга ҳозир Навоий ҳақида интервью бермасангиз ва бу интервью эртага газетамизда чиқмаса, бош муҳаррир мени ишдан ҳайдайди.
Расул оға вазмин ҳолда ундан сўрайди:
— Айтчи, биродар, мусулмонмисан?
— Алҳамдулилло, мусулмонман.
— Алҳамдулилло, мен ҳам мусулмонман. Ўзинг айт, мусулмон киши таҳорат олмасдан намоз ўқиши мумкинми?
— Йўқ.
— Мен ҳозиргина муқаддас китобимиз тақиқлаган мана бу коньякдан ҳўплаб қўйдим, таҳоратим бузилди. Ул зотнинг номини таҳорат олмасдан тилга ололмайман, эрталаб кел, таҳорат олиб сени кутиб тураман. Ўшанда интервью оласан.
Афсуски, ўша мустабид тузум даврида, тўғрироғи, дин ҳақида ҳатто сўзлаш тақиқланган вақтда бу суҳбатни, яъни ибратли интервьюни ёзиб бўлмасди. Орадан қирқ йил ўтиб бу суҳбат тафсилотини ўша воқеага гувоҳ бўлган севимли адибимиз Ўткир Ҳошимов ўз эсдаликларида ёзди. Энди бу интервьюни барчамиз қунт билан ўқишимиз ва шеърият султони бўлган ҳазрат Алишер Навоий бобомизни эъзозлашда Расул Ҳамзатовдан ибрат олишимиз керак.
1972 йили 8 май куни Чирчиқ шаҳрида Расул Ҳамзатовнинг “Турналар” қўшиғи асосида шаҳидлар хотирасига бунёд этилган ёдгорликнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу хабарни эшитган Расул оға мисоли қанот боғлаб Ўзбекистонга учиб келди ва биринчи навбатда ёдгорликни зиёрат қилишга ошиқди (умуман олганда, Расул оға Ўзбекистонга келганда, албатта, “Турналар” ёдгорлиги зиёратига борарди). Шоир ёдгорликни кўргач, ҳайратланиб ҳамроҳларига баралла: “Қўшиққа маданиятли ва санъатсевар халққина ҳайкал қўяди. Ўзбек халқи ана шундай маданиятли ва санъатсевар халқ”, деди. Расул оға бу сўзларини нуфузли давраларда ва катта анжуманларда ҳам кўп бор ҳаяжон билан такрорлади. Шоир сўзларидан бошқа халқлар ибрат олишиб, ўзларида “Турналар” қўшиғига ёдгорлик ўрнатиш ишларини бошлаб юборишди. Шу тариқа ҳозирги кунда дунёнинг 180 дан ортиқ манзилларида “Турналар” қўшиғига ёдгорлик бунёд қилинди ва бундай хайрли ишлар ҳамон давом этмоқда. Бироқ “Турналар” қўшиғига ёдгорлик биринчи бўлиб Чирчиқ шаҳрида қўйилгани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Ҳатто Доғистондаги Гуниб тоғи бағрига қўйилган “Турналар” ёдгорлиги 1986 йилда очилган.
1975 йили Тошкентда севимли шоирамиз Зулфиянинг 60 йиллик тўйи нишонланди. Унда Расул Ҳамзатов шоирамиз ижодига бағишланган таъсирчан нутқ сўзлади. Умуман, Расул оға Зулфияни дунёнинг буюк шоираси сифатида эъзозларди ва анжуманларда шоирамизга ҳурматини изҳор этарди. Ўз навбатида, Зулфия опа ҳам Расул Ҳамзатовни қадрларди.
Ҳамон адабиёт аҳли ўтган асрнинг 60 — 80 йилларидаги “Олтин авлод” адабий даврасини ҳавас билан эсга олади. Анжуманлар маҳали дунёга таниқли адиблар — болқор Қайсин Қулиев, авар Расул Ҳамзатов, бошқирд Мустай Карим, қалмоқ Давид Кугультинов, қирғиз Чингиз Айтматов ва уларнинг маслакдошлари давра қуришарди. Уларнинг ҳар бири нисбатан кам сонли миллатларга мансуб бўлиб, Расул ака гоҳо ҳазил аралаш: “Биз “насмен”миз” (миллий озчиликмиз), деб қўярди. Бу сўзнинг тагида теран мазмун бўлиб, ўша ижодкорларнинг ҳар бири ўз миллати манфаатларини астойдил ҳимоя қиларди. Даврабоши бўлган Қайсин Қулиев 1969 йили Москвадаги ёшлар семинарида ўзи кашф қилган Абдулла Ориповни ҳам даврага қўшганди. Шу тариқа Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов улуғ адиблар суҳбатидан баҳраманд бўлди ва уларга монанд равишда бўй ростлади. Бежиз, чўққи чўққиларга қараб бўй ростлайди, дея айтилмаган.
Катта даврада фикрлари сайқалланган Абдулла Орипов дунё адабиётининг жавоҳирларидан бири бўлган Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” китоби ҳақида шундай сўзларни битганди: “Ушбу асарда шоирнинг бутун борлиғи: дунёқараши, маънавияти, изтироби, армони, фахри ва ғурури — барча-барчаси мужассам. Бу бепоён туйғуларни эса Расул аканинг ўз она тилига, митти бўлса ҳам ягона Доғистонга чексиз муҳаббати бирлаштириб туради. Китобда юзлаб, минглаб ёмби фикрларни, ҳикматларни учратиш мумкин. Муаллиф аждодлар, замондошлар тажрибасига таянади. Ҳар қандай сиёсатнинг игна кўзидек тешигидан ҳам “туя”ни бемалол ўтказа олади. Мана буни маҳорат деса бўлади”. Бундай пурмаъно сўзларни Расул Ҳамзатовнинг “Оналарни асранг”, “Шомилнинг муҳаббати”, хуллас, ҳар бир асари ҳақида айтилса ҳам ҳеч бир муболаға бўлмайди.
Халқимиз дошқозонда пишган ошнинг мазасини билиш учун қошиқда олиб татиб кўриш кифоя дейди. Дарҳақиқат, Расул Ҳамзатов асарларини варақлаб, истаган жойидан дурдай порлаб турган бирон мисрасини ўқиш кифоя. “Менинг Доғистоним” бадиасидаги “Одам фақат атама эмас — унвон. Унвон бўлганда ҳам жуда юксак унвон. Бу юксак унвонга муносиб бўлиш учун бир умр интилиш керак”, “Оналарни асранг” достонидаги “Дунёда онаси борлар бахтиёр”, “Шомилнинг муҳаббати” достонидаги “Оллоҳнинг карами кенг, ишқ олдида ҳамма тенг” каби қуйма мисраларга кўз югуртиришингиз билан дилингиз ёришади, шу асарларни тўлиқ ўқиб чиқмагунча тинчимайсиз.
Қатрада қуёш акс этганидек, Расул Ҳамзатов адабиётга олиб кирган “Ёзувлар” мухтасар жанрида ҳам олам-олам ҳикматлар мужассам. Биргаликда кўзадаги ёзувларини ўқийлик.
Оддий гилдан ясалади энг гўзал кўза,
Оддий сўздан яралади шеърий мўъжиза.
Шоир “энг гўзал кўза”, “шеърий мўъжиза” ташбеҳлари орқали инсоният ибтидоси ва қудратли сўзни васф этяпти.
Расул оғанинг Шарқ мумтоз рубоийлари билан бўйлашадиган тўртликларининг ҳам бадиийлиги пухта, мазмуни теран ва кўлами кенг.
Доғистон осмони остида шу зум,
Иқрор бўлдим, баланд довондан оша.
Шоир бўлиш учун эрта туғилдим,
Расул бўлиш учун кечикдим роса.
Шукрки, Расул оға ҳар бир ижодкор ошиши лозим бўлган баланд довондан эртароқ ошиб ўтди, сафсатабозлик ва шеърият бошқа-бошқа нарса эканлигини эртароқ тушунди, ўзлигини эртароқ англади. “Шоирнинг вазифаси одамларнинг Ер юзида гўзал ва бахтли ҳаёт кечиришларига ёрдам беришдан иборат. Бундай шарафли вазифани бажариши учун шоир ўз ишининг устаси бўлиши лозим”, деган боқий тамойилга асосан шеърлар ва бошқа жанрдаги асарларини ёзди. Бундай умуминсоний асарлар Расул Ҳамзатовни жаҳон халқлари ҳурматига сазовор этди. Шоир умрбоқий асарлари учун кўплаб давлатларнинг нуфузли унвон ва мукофотларига муносиб кўрилди. 1977-йил 8 мартда коинотда кашф этилган 7509-рақамли астероид “Ҳамзатов” номи билан аталди.
Китобхонлар Расул Ҳамзатовни муҳаббат куйчиси сифатида ҳам ҳурмат қилишади. Унинг севгига бағишланган оддий ва самимий шеърлари ўқувчиларнинг юракларидан жой олади.
Агар сен бўлмасанг ёруғ оламда,
Менинг ҳар бир куним ўтарди карахт.
Сенсиз мени ҳеч ким ёқмасди ғамда,
Сенсиз менга ҳеч ким беролмасди бахт.
Сенсиз ишқ ўтида қандай ёнардим,
Сафардан соғиниб келардим кимни?
Агар сен бўлмасанг қандай ёзардим,
Ишққа бағишланган ашъорларимни?
Сенинг кўзларингни кўрмаса агар,
Булбул сайрамасди, очилмасди гул.
Юлдузлар порламас эди кечалар,
Кундузлар қуёш ҳам чиқмасди буткул.
Агарда оламда яшамасанг сен,
Ҳозиргидай бахтли бўлмас эдим мен.
Шоирнинг ҳар бир шеъри, асари ҳақида қанча ёзган билан тўлиқ таърифлаш мушкул. Муҳтарам шоиримизнинг бу ҳақда шундай фикри бор: “Қандай қилиб, гаплар билан қўшиқни улуғлаш мумкин? Қандай қилиб, чойнак жўмрагидан сув қуйиб тоғ жилғасининг шиддатини ошириш мумкин? Қандай қилиб, пуфлаб шамолни кучайтириш мумкин? Қандай қилиб, бир бўлак қор ташлаб қорли тоғни улуғвор қилиш мумкин?» Шу боис ожиз қаламимиз асарлари ҳақида қанча ёзмасин, Расул Ҳамзатов аталмиш юксак чўққини тўлиқ таърифлашга имкони етмайди.
Ҳозирги китобхонларимизнинг омади шундаки, катта авлодга ўхшаб Расул Ҳамзатовнинг асарларини китоб дўконларидан, кутубхоналардан излаб юрмайди. Ўзим эса Расул оғанинг дур-марваридларга тўла хазинасидан бир қисмини она тилимизга ўгирганимдан бахтиёрман. Улуғ шоирнинг ўзбек тилида юқорида тилга олинган “Юксак юлдузлар” китобидан ташқари “Бир хонадон фарзандлари”, “Оналарни асранг”, “Умр карвони”, “Мен юз қизга шайдоман”, “Аёллар кўп, Она ягона”, “Буюк туйғу” каби китоблари нашр этилган. “Менинг Доғистоним” китоби эса 2008 йилдан буён катта ададларда етти марта нашр қилинди. Унинг асарлари кўплаб тўпламларимизга, дарсликларимизга киритилган, мунтазам равишда газета-журналларимизда берилмоқда, интернет сайтларига қўйилган, мактабларимизда ибратли ҳаётидан таълим бериш бўйича дарслар жорий этилган. Севимли санъаткорларимиз Ботир Зокиров “Қайдасан бахт?”, Мансур Тошматов “Турналар”, Шерали Жўраев “Она” шеърини қўшиқ қилиб куйлашган. Шу боис юртимизда Расул оғанинг асарлари кириб бормаган бирор ўзбек хонадони йўқ, десак, хато эмас.
Ардоқли шоирнинг 75 йиллик таваллуд тўйи муносабати билан Доғистонга борган Абдулла Орипов уни Ўзбекистонга таклиф қилди. “Мен ўзбек дўстларимнинг хотирасида соғлом, тетик Расул сифатида қолишни истайман”, деди у бир оз мунгли ва лекин ўктам овозда. Умр омонат, Расул Ҳамзатов 2003 йил 3 ноябрь куни вафот этди.
Дарҳақиқат, Расул Ҳамзатов ўзбек китобхонлари хотирасида соғлом, тетик қиёфада қолди ва юртимизда унинг ўктам овози ҳамон янграяпти ва бундан кейин ҳам янграйверади. У машҳур “Турналар” шеърини шундай мисралар билан тугатганди:
Қазо ҳақдир! Мен ҳам яшаб умримни
Турналар сафида парвоз этаман.
Ва ерда қолган сиз, азизларимни,
Самодан номма-ном йўқлаб ўтаман.
Ҳақиқатан ҳам, унинг руҳи шом маҳали оппоқ турналар сафида осмонимиз узра парвоз этаётганда юртимизда ўтказган шукуҳли дамларини эслаб, ўзбекистонлик қадрдонларини номма-ном йўқлаб ўтяпти. Халқимиз ҳам адабиётимизнинг катта дўсти бўлган Расул Ҳамзатов таваллудига 100 йил тўлаётган кунларда унинг китобларини янада кўпроқ ўқиб, шеърхонлик, хотира кечалари ташкил қилиб, руҳини шод этмоқда. Зеро, ҳозирги кунда бутун дунё бўйлаб “Бизнинг Расул. Менинг Доғистоним” шиори остида ўтказилаётган тадбирлардан кўзланган мақсад ҳам шу.
Асрор МЎМИН,
шоир ва таржимон,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг