Сирдарёда пахта ҳосилдорлиги 80 центнерга етказилади

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Жорий йилда Сирдарё вилоятида 73 минг гектар майдонда ғўза ўстирилмоқда. Экиш эрта бажарилган далалардаги ғўзалар аллақачон гулга кириб, ҳосил тугишни бошлаган. Эътиборлиси, 22,7 минг гектарга чигит Хитой-Шинжон технологияси асосида плёнка остига экилди.
Айтиш лозимки, айни технология мелиоратив ҳолати ёмонлашган ерларда ҳам юқори ҳосил олиш, яъни ана шундай майдонларни яна фойдаланишга қайтариш имкониятини бермоқда. Ўтган йили Сирдарё вилоятидаги фойдаланишдан чиққан 1200 гектар ерга Хитой аграр тажрибасига таянилган ҳолда чигит экилган эди. Бу технология тупроқ унумдорлигини тиклашда, сувдан самарали фойдаланиш ва мўл ҳосил етиштириш бўйича юқори натижасини берди: ҳар гектардан ўртача 50-55 центнер пахта териб олинди.
Мирзаобод туманида бу йил ташкил этилган «Сирдарё Жингу» масъулияти чекланган жамиятига 4 минг 333 гектар ана шундай ҳолати оғир ерлар бириктирилди. Айни кунларда ушбу майдонларда ғўзалар гуллаб, ҳосил тўплашга кирди.
— Хитой технологиясининг афзалликлари кўп, — дейди Мирзаобод тумани ҳокими ўринбосари Сардор Саидумаров. — Ушбу усулда бир гектар майдондаги кўчат миқдори анча кўп, яъни 220 мингтадан зиёд бўлади. Бу эса ҳосилдорликни юқори бўлишида энг асосий омиллардан бири. Қолаверса, ушбу қўшқатор усули агротехник тадбирларнинг сифатли ва кам харажатли бўлишини ҳам таъминлайди. Масалан, томчилатиб суғориш туфайли сувдан тежамли фойдаланилиши баробарида бу иш жуда сифатли ҳамда қисқа вақтда бажарилмоқда.
Айтиш лозимки, бу йил вилоятдаги айни усулда, яъни Хитой технологияси асосида парваришланаётган пахта майдонларида ҳосилдорлик 60-70 ва ҳатто 80 центнерга етказилиши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг