Сирдарёда Ўзбекистон маданий меросига оид китобларни бепул топшириш акцияси ўтказилди

18:21 25 Май 2024 Жамият
1409 0

Фото: «Халқ сўзи»

Аҳмадали Шерназаров/«Халқ сўзи». Гулистон шаҳридаги «Ёшлар маркази»да Ўзбекистон маданий меросига оид китобларни бепул олиш учун сертификатларни топшириш акцияси бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда ташкил этилиб, унда 300 дан ортиқ китоб олувчилар иштирок этди.

«Ўзбекистон обидаларидаги битиклар: асрлар қаъридан таралаётган нур» деб номланган мазкур медиа тадбирида мамлакатимиз меъморий ёдгорликларидаги битиклар сирларини очиб берган 20 жилдлик китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.

Сирдарё вилояти ҳокими маслаҳатчиси Ғайбулла Юсупов ушбу китоблар ёшларда аждодларнинг кўп сонли маданий мероси билан фахрланиш туйғусини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. «Вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари ва ахборот-кутубхона марказлари ушбу китоб нусхалари билан таъминлангани ёш авлоднинг меъморий ёдгорликларни чуқурроқ англаш ва ўрганишига хизмат қилади», деди у.

– Мазкур тадбирни ташкил этишда кўрсатган кўмак учун Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Сирдарё вилояти мактабгача таълим ва мактаб таълими бошқармаси, шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасига миннатдорлик билдирамиз, – деди лойиҳа муаллифи, WOSCU бошқаруви раиси доктор Фирдавс Абдухолиқов. – Ушбу китоб-альбомларнинг топширилиши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз маданий меросини ўрганиш ва оммалаштиришга қаратилган ташаббуслари ҳаётга татбиқ этилаётганининг ёрқин далилидир. WOSCU олимлари мамлакатимиз ёдгорликларидаги битикларни очиш бўйича машаққатли ишларни амалга оширди ва бугунги кунда давлат маблағлари ҳисобидан чоп этилаётган китоблар мамлакатимиздаги барча мактаб кутубхоналари учун қимматли манбага айланади. Ушбу китоблар Ўзбекистон маданий меросини яхшироқ тушуниш ва қадрлашда ёрдам беради.

– Бугун биз ажойиб тадбирда қатнашдик, – дейди Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона маркази маданий-маърифий ва ёшлар билан ишлаш сектори мудири Хуршида Рисқулова. – Обидаларимиз ҳақида жуда керакли ва қизиқарли маълумотлар олдик. Албатта, энди бу маълумот ва билимларни бизга берилган китоблар орқали ёшларимизга етказамиз.

Тадбир доирасида шарқшунос олимларнинг Ўзбекистон меъморий ёдгорликларида олиб борилаётган чуқур изланишлари ва тадқиқотларининг аҳамиятини очиб берувчи ҳужжатли фильмлар ва маърузалар тақдимоти бўлиб ўтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер