Сирдарёда «Nexia-1» тўхтаб турган юк машинасига бориб урилди. Оқибатда ҳайдовчи вафот этди

14:00 19 Июнь 2024 Жамият
296 0

Фото: Видеодан кадр

Сирдарё вилояти Сардоба туманида «Nexia-1» русумли транспорт воситаси тўхтаб турган юк машинасига бориб урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Халқ сўзи»га вилоят ЙҲХБдаги манбаси хабар берди.

Билдирилишича, ҳодиса бугун, 19 июнь куни соат 05:30 ларда Сардоба тумани Отаюрт МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 931-км.да содир бўлган.

Аниқлик киритилишича, 42 ёшли К.А. «Nexia-1» русумли транспорт воситасида Тошкент-Термез йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтида ухлаб қолган ва руль бошқарувини йўқотиб, ўзи билан бир йўналишда йўл четида тўхтаб турган МАN русумли юк машинасининг орқа қисмига бориб урилган.

Фото: «Халқ сўзи» манбаси

Оқибатда енгил машина ҳайдовчиси А.К. «Оғир қўшма жароҳат, юқори жағ суяги ёпиқ синиши, ўнг тирсак суяги синиши, ўнг сон суяги ёпиқ синиши ва лаб йиртилиши» жароҳати билан Сардоба тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган, бироқ у олган тан жароҳатлари оғирлигидан шифохонада вафот этган.

Шунингдек, «Nexia-1»нинг олд ўриндиғида ўтирган йўловчиси М.Д. «Оғир қўшма жароҳат, чап яноқ ёпиқ синиши, БМЁЖ, бурни синиши ва лаб йиртилиши» жароҳати ташхиси билан тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

«Мазкур ҳолат юзасидан Сардоба тумани ИИБ ҳузуридаги ТГ терговчиси капитан А.Бўтаев томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади манба хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер