Сирдарёда Ливерпул университети профессори Симон Ҳардинг иштирокида семинар ташкил этилди
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Инсон саломатлиги бебаҳо бойлик. Юртимизда кўплаб замонавий шифо масканлари бўлишига қарамай, кейинги пайтда диабетик ретинопатия, яъни, қонда қанднинг кўплиги сабаб кўзнинг тур пардаси, унинг қон томирлар билан боғлиқ касалликлари сони бирмунча ортган.
Айни пайтда бу касалликнинг олдини олиш ва даволаш мақсадида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маслаҳатчиси, Буюк Британиядаги Ливерпул университети профессори Симон Ҳардинг бошчилигидаги гуруҳ Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиалида бўлиб турибди.
Мазкур филиалда туман-шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари врач-офтальмологлар учун ҳам уч кунлик амалий ва назарий семинар ташкил этилди. Унда диабет касаллиги, унинг юрак-қон томир тизими, оёқ ва кўз соҳасидаги асоратларини эрта босқичларда аниқлаш, кўз соҳасида юзага келган диабетик ретинопатияни дунёнинг кўпгина илғор давлатларида қўлланилаётган лазер терапия усуллари билан бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, диабетик ретинопатия хасталигига чалинган ва даволанишга муҳтож беморлар учун тиббий кўрик ташкил этилди. Эътиборлиси, тиббий кўрикда кўз томирлари билан боғлиқ муаммолар Финляндияда ишлаб чиқарилган ва илк бора Сирдарёда қўлланилаётган «Smartscope PRO« рақамли камера ёрдамида чуқур ўрганилди. Диабетик ретинопатия асоратлари яқинда Ҳиндистондан келтирилган лазер жарроҳлик ускунаси ёрдамида бартараф этилмоқда.
— Вилоятимизда ташкил этилган амалий ва назарий семинар врач-офтальмологлар учун ниҳоятда фойдали, — дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалининг врач-офтальмологи Улуғбек Каримов. — Семинарда ўрганилган амалиётлар фақат Буюк Британияда эмас, дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида ҳам қўлланилиб келинмоқда. Ушбу амалиётдан сўнг диабетик ретинопатия, унинг асоратидан азият чекаётган беморлар атрофни тиниқ кўра бошлайдилар.
Қувонарлиси, уч кунлик амалий семинар якунида ЖССТ ва WWF банки томонидан Гулистон шаҳри, Боёвут, Сардоба ва Оқолтин туманлари ҳамда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиалига «Smartscope PRO« рақамли камера тақдим этилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Мактабларда янги ўқув йили бошланди — Фоторепортаж
- Солиқ инспекцияси ходими 2 синф ўқувчиларидан нимани хоҳлайди (видео)?
- Талабалар диққатига: ижара пулининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича онлайн ариза бериш бошланди
- «Мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат!»: Давлат солиқ хизмати ва Болалар омбудсмани Қашқадарёдаги ҳолатга муносабат билдирди
- Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги узоқ йилдан бери ёпиқ турган назорат-ўтказиш пункти очилади
- Инновацион ишланмалар ва илғор технологиялар намойиши
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг