Сирдарёда 17050 нафар бола 1-синф ўқувчиси сифатида илк бор мактабга борди

11:13 02 Сентябр 2025 Жамият
66 0

Бугун Сирдарё вилоятидаги 341 та таълим муассасасида 163295 нафар ўғил-қиз янги ўқув йилини бошлади. Айтиш лозимки, ушбу умумтаълим муассасаларининг 17 таси нодавлат мактаб ҳисобланади. Шунингдек, вилоятдаги Президент мактаби, Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ҳамда 10 та ихтисослаштирилган мактабда “Билимлар куни” тадбири бўлиб ўтди.

Гулистон шаҳридаги 2-умумтаълим мактабида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтган маънавий-маърифий тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов иштирок этди. Тадбирда биринчи синф ўқувчиларига "Президент совғалари" топширилди.

Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, бугун бошланган 2025–2026 ўқув йилида 17050 нафар бола 1-синф ўқувчиси сифатида илк бор мактабга қадам қўйди.

  — Мана, 57 йилдирки, маҳалламиздаги 19-мактабда янги ўқув йили бошланишига бағишлаб ўтказиладиган тадбирларда узлуксиз иштирок этиб келяпман,   — дейди Мирзаобод туманида яшовчи фахрий ўқитувчи Зарифа Мусулмонқулова.   — Яъни шу мактабда ўрта умумий таълим олдим, сўнгра 45 йил давомида бошланғич таълим ўқитувчиси сифатида ишладим. Фарзандларим ҳам шу таълим масканида ўқиди. Энди унда невараларим таълим олаётир. Уларнинг чуқур билим олишлари учун барча шароитлар яратилган. Ана шундай имкониятлар туфайли жорий йилги битирувчиларнинг 60 фоизи турли университет ва институтларга қабул қилинди. Ўзимнинг икки нафар неварам шу мактабни битириб, нуфузли олий ўқув юртларининг талабалари бўлди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?