«Синглим, бу бир буйрак экан, керак бўлса жонимни беришга ҳам тайёрман...»
Фото: Халқ сўзи
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида мураккаб трансплантация жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, яккабоғлик 41 ёшли бемор аёлга акаси бир буйрагини берди.
Қаранг, ака синглиси яшаб кетиши учун бир буйракда яшашга рози. Синглисининг саломатлиги унинг учун катта давлат, битмас-туганмас қувонч ва шодлик. Ака синглисига «бу бир буйрак экан, керак бўлса жонимни беришга ҳам тайёрман», дегани ибратга лойиқ. Ҳа, айтмоқчи, буйрак кўчириб ўтказиш операцияси Қашқадарёда илк бор амалга оширилди.
Шу алоҳида айтиб ўтиш жоизки, 41 ёшли бемор аёл Х.М.га «Сурункали гломерулонефрит. Терминал босқич. Сурункали буйрак етишмовчилиги. Симптоматик артериал гипертензия» ташхиси қўйилган эди. Ўн тўрт ой давомида ҳафтасига икки маротаба гемодиализ сеансларини олиб келган бу аёлга 43 ёшли акаси бир буйрагини беришини билдирди. Мураккаб текширувлардан сўнг шифокорлар операцияни Қаршида ўтказишни лозим топишди.
Тошкентлик мутахассислар - Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори, тиббиёт фанлари доктори Даврон Тўлаганов, марказ хирургия бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фарҳод Хаджибаев раҳбарлигидаги 13 кишилик гуруҳ ҳамда марказ филиали вакиллари иштирокида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти муваффақиятли кечди. Амалиёт тугагач, бир неча дақиқадан сўнг кўчириб ўтказилган буйрак ишлади, пешоб ажралиши кузатилди. Ака-сингил ва улар яқинларининг қувончи бир олам.
— Илгари жуда қиммат нархда фақат хорижда ўтказиб келинган мазкур турдаги жарроҳлик амалиётларини 2018 йилдан бошлаб марказимизда бажариш йўлга қўйилди, — дейди профессор Фарҳод Хаджибаев. — Эндиликда мазкур операцияларни вилоятларда ҳам маҳорат дарси шаклида йўлга қўйишга киришдик. Айрим текширув харажатларини ҳисобга олмаганда операция бепул ташкил этилди.
Президентимизнинг 2021 йил 4 октябрда қабул қилинган «Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида йил якунига қадар барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиётини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Қарши шаҳрида ўтказилган ноёб операция мазкур қарор ижросининг амалий натижасидир.
Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг