Шуҳрати сўниб бораётган “Шуҳрат қўрғони”
Қарши шаҳридаги олтита монументал санъат ёдгорлиги давлат рўйхатига олинган. Уларнинг тўрттаси мустақилликдан сўнг барпо этилган бўлса, Кат маҳалласидаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига ўрнатилган ёдгорлик ҳамда Хўжахиёл маҳалласида жойлашган “Шуҳрат қўрғони” 1980 йилларда қад ростлаган.
Айтиш жоиз, ушбу монументал ёдгорликлар ичида “Шуҳрат қўрғони” майдон жиҳатидан ҳам, туристик салоҳияти жиҳатидан ҳам энг йирикларидан ҳисобланади.
— Ушбу мажмуа Иккинчи жаҳон урушида душманга қарши курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлган юртдошларимизни шарафлаш ва ёд этиш мақсадида барпо қилинган эди,— дейди узоқ йиллардан буён Қарши шаҳри тарихи билан шуғулланиб келаётган фахрий олим, тарих фанлари номзоди Қамбар Насриддинов. – Кўп йиллар мобайнида бу ерда шу сана билан боғлиқ турли тадбирлар ўтказилган. Аммо кейинчалик бундай тадбирлар Қарши шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали жойлашган Хотира хиёбонига кўчгач, “Шуҳрат қўрғони” эса ўз ҳолига ташлаб қўйилди.

Мажмуанинг ўзига хос жиҳатларидан бири, у тарихий тепалик устида қад ростлаганидир. Бу жойга олд томондан тепага қараб кўтарилиб борадиган, қарийб 300 метр узунликдаги кенг йўлак орқали, нариги томондан эса махсус зиналар орқали чиқиб бориш мумкин. Тепаликка чиққач, сизни кенг майдон қарши олади. Бу ердан бутун шаҳарни томоша қилиб, атроф гўзалликларидан завқ оласиз. Асосий мажмуанинг ички томонида эса унинг тепа қисмига чиқиш учун яна зиналар мавжуд. Бир пайтлар кўпчилик “Шуҳрат қўрғони”га айнан унинг тепа қисмига чиқиш учун келишарди. Чунки мажмуа устига чиққач, бутун шаҳар кўз олдингизда кафтдек намоён бўлади. Бу кишига ўзгача завқ бахш этади.
Ҳозир эса асосий мажмуа устига чиқишнинг имкони йўқ. Тепага чиқадиган зина эшикларининг бирига катта қулф осилган бўлса, бошқаси пайвандлаб ташланган. Бир пайтлар мангу олов ёниб турган жойда ҳозир чиқинди уюмлари тўпланган. Қандайдир жимжитлик, файзсизлик ҳукмрон.

— Ўзим шу атрофда яшаганим боис мажмуа тақдирига бефарқ эмасман, — дейди Қарши шаҳрилик нуронийлардан бири Искандар Абдуллаев. — 2000 йиллар бошида ҳам бу ер жуда гавжум жой эди, бошқа шаҳарлардан меҳмонлар атайин “Шуҳрат қўрғони”ни кўриш учун келишарди. Аммо кейинчалик мажмуа ўз ҳолига ташлаб қўйилди. 2020 йилда эса атроф ободонлаштирилиб, мажмуага олиб чиқувчи йўлаклар қайта таъмирланди. Тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Ўшанда бу ер сайёҳлик мажмуасига айлантирилиши, ер ости музейи ташкил этилиб, у Иккинчи жаҳон урушига оид турли экспонатлар билан бойитилиши айтилган эди. Бироқ негадир бу ишлар қоғозда қолиб кетди.
Айни пайтда мажмуа шунчаки савлат тўкиб турибди, холос. Тўғри, вақти-вақти билан атрофида ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши, маҳаллий аҳоли вакиллари шу ерга кечки ёки тонгги сайр учун чиқиб туриши бор гап. Лекин “Шуҳрат қўрғони”нинг имкониятлари бундан анча юқори. Озгина эътибор қаратилиб, янги лойиҳалар амалга оширилса, у яна ўз шуҳратини тиклаб, шаҳарнинг энг гавжум масканларидан бирига айланиши, шунчаки сақлаб туриш учун йилига миллионлаб маблағ талаб этадиган эмас, балки миллиардлаб даромад келтирадиган туристик мажмуа сифатида қайта бўй кўрсатиши мумкин. Ўйлаймизки, масъуллар шунга эътибор қаратишади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ,
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг