Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда телемедицинанинг аҳамияти қандай?

15:51 10 Октябр 2022 Жамият
400 0

Замонавий тиббиётнинг энг катта ютуқларидан бири, шубҳасиз, телемедицинадир. Мураккаб амалиётларни шу соҳада юқори тажрибага эга мутахассислар билан бамаслаҳат амалга ошириш ўз самарасини бермасдан қолмайди. Айниқса, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда унинг натижадорлиги юқори.

— Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида телетиббиёт илмий лабораторияси фаолияти йўлга қўйилиши ортиқча вақт ва маблағ йўқотилишига чек қўймоқда, — дейди марказ бош директори Даврон Тўлаганов. — Бундан ҳам беморлар, ҳам тиббиёт ходимлари бирдек манфаатдор.

Ҳозир мазкур йўналишда халқаро алоқалар янада кенгаймоқда. Европанинг нуфузли Роберт Кох институти билан ҳамкорликда марказга замонавий телемедицина ускунаси — “InTouch Lite-3” роботи ўрнатилди.

Натижада германиялик мутахассислар билан консультациялар йўлга қўйилиб, улар билан ҳамкорликда ўтган қисқа даврда 250 дан ортиқ муолажалар амалга оширилди.

Шу билан бирга, Германиянинг GIZ агентлиги кўмагида муассасанинг Нукус, Наманган ва Самарқанд филиалларида шу каби юқори технологиялар ўрнатилиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг июнь ойида РШТЁИМ ва унинг ҳудудий филиалларидан 7 нафар ҳодим Германияда малака ошириб қайтиши туфайли тўпланган илғор тажрибалар асосида телемедицина бўйича илк миллий қўлланма яратишга замин ҳозирланди.

Қолаверса, бу йўналишдаги билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида Марказий Осиё бўйича телемедицинага бағишланган илк минтақавий анжуман ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?