Шонли ўтмишга туташ илдизлар

12:16 07 Июль 2025 Жамият
244 0

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Мирзачўл деганда, кўпчиликнинг тасаввурига қақроқ чўл ва унчалик катта тарихий аҳамиятга эга бўлмаган яйдоқ ҳудуд келиши тайин. Аслида ундай эмас, Мирзачўлда ҳам тарих бор, тарихки, илдизи минг йиллар билан туташади. Бу “Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди” дея таърифланадиган ана шу бепоён саҳрода ҳам халқимиз тарихига оид бой осори атиқалар ва археологик манзиллар мавжудлигидан далолат беради.

Бинобарин, Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида сақланаётган қадимги антик даврдан то ўрта даврга оид экспонатлар Мирзачўлнинг 2 минг йиллик тарихидан ҳикоя қилади.

— Бундан 9 йил аввал, яъни 2014 йилда Самарқанд археология институти олимлари томонидан Эски Ховостепа археологик ёдгорлигида олиб борилган қазишмалар натижалари Мирзачўлнинг бой тарихи очилишига катта туртки бўлди, — дейди Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи директори Зокир Холдоров. — Айниқса, у ердан топилган Анахита ҳайкалчалари жуда катта илмий-тарихий аҳамиятга эга. Бу топилмалар ҳосилдорлик маъбудаси тимсолини акс эттириши орқали мазкур ҳудуд аҳолиси сувлоқ ва лалми ерларда зироатчилик билан шуғулланганидан дарак беради. Шу билан бирга, милоддан аввалги III-II-асрларга оид Анахита ҳайкалчалари зардуштийлик давридан ҳам ҳикоя қилади. Бундан ташқари, олимларнинг Эски Ховостепада 2014-2020 йиллар давомидаги изланишлари натижасида самонийлар даврига тааллуқли уй-рўзғор буюмлари, қорахонийлар тарихига оид бўлган мис тангалар ҳам топилди. Музейимизнинг энг ноёб экспонатларидан яна бири — милоддан олдинги XII асрга оид Ҳумо қуши тасвири туширилган чироқ тутқичидир. Бундай чироқ балдоғи Ўзбекистон бўйича иккита топилган бўлиб, бири Термиз археология музейида, иккинчиси эса Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида сақланмоқда.

Юртимиз тарихининг Мирзачўл билан боғлиқ саҳифасининг энг муҳим жиҳатларидан яна бири мазкур чўл кенгликларидан Буюк ипак йўлининг бир эмас, учта йўналиши кесиб ўтганлигидир. Яъни, биринчи йўл Самарқанддан Ховос қалъаси орқали Сирдарё бўйлаб Хушкат (ҳозирги Сайхунобод тумани ҳудудида мавжуд бўлган қадимги шаҳар), Шоҳруҳия, Қанқа ва Чоч йўналишида бўлган. Мирзачўл орқали ўтган қолган икки йўналиш ҳам Буюк ипак йўлининг муҳим тармоқлари ҳисобланган.

Айни Буюк ипак йўлидаги Нурота (Хушкат шаҳри) археологик ёдгорлигидан топилган қорахонийлар даврига оид бўлган ўқ-ёй, мис тангалар, уй-рўзғор буюмлари ҳам музейнинг археология бўлимидан жой олган.

Эътиборлиси, Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти музейида 2009 йилда атиги 123 та экспонат мавжуд бўлган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 3390 тага етди. Айни кўрсаткич ҳам Мирза воҳасининг тарихи бой ва бу борада ҳали очилмаган саҳифалар мавжудлигини исботлайди. Ҳудуд тарихининг кўзгуси бўлган мазкур музей билан боғлиқ яна бир муҳим янгилик шуки, 2025-2027 йиллар давомида ушбу маданият муассасаси учун янги бино қуриладиган бўлди.

Мазкур уч қаватли, муҳташам бинонинг залларидан ўрин оладиган ноёб экспонатлар жуда кўп. Мирза воҳаси тарихи ва маданиятига оид бу осори атиқалар юртимизнинг тарихий илдизлари узоқ мозийга туташиб кетганидан далолат бериб турибди. Зеро, ўтмишни чуқур билиш ёрқин келажак учун пухта замин яратади. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер