Шомуродовнинг голи «Рома»ни кейинги босқичга олиб чиқди. У жамоада қоладими?

11:54 31 Январь 2025 Спорт
186 0

«Рома» клуби бош мураббийи Клаудио Ранери Элдор Шомуродовнинг «Айнтрахт»га қарши баҳсдаги ўйинидан мамнунлигини билдирди ва уни жамоада олиб қолишга қарор қилганини маълум қилди. Ўзбекистонлик ҳужумчи Рим клуби учун муҳим гол уриб, жамоасининг плей-офф босқичига чиқишига катта ҳисса қўшди.

Гап шундаки, «Рома» Европа Лигаси гуруҳ босқичининг сўнгги турида «Айнтрахт Франкфурт»га қарши майдонга тушди. Жамоа ушбу ўйинда фақат ғалаба қозонса, кейинги босқичга йўл олиши мумкин эди. Ангелинонинг голидан сўнг, Рим клуби ҳужумлар уюштиришда давом этди. Иккинчи бўлимнинг 67-дақиқасида майдонга тушган ҳамюртимиз Элдор Шомуродов 69-дақиқада ажойиб тарзда ҳисобни 2:0 га етказди.

Ўйиндан сўнг, Клаудио Ранери Шомуродовнинг ҳаракатларига юқори баҳо берди. У ўзбекистонлик футболчини жамоада олиб қолишга қарор қилганини таъкидлади.

«Мен унга айтдим: «Сен жамоада қоласан. Акс ҳолда, мен кимга жаҳлимни кўрсатаман?» (кулади) . У ҳар доим жамоага ижобий руҳ бағишлайди. Ҳамжамият уни севади, футболчилар ҳам унга яхши муносабатда. У майдонда борини бериб ўйнайди ва бу жуда муҳим», — деди Ранери.

Ўзбекистонлик ҳужумчи сўнгги пайтларда захирадан майдонга тушаётган бўлса ҳам, ўз имкониятидан унумли фойдаланмоқда. Унинг тезкорлиги, рақиб жарима майдонида ҳаракат қилиш қобилияти ва аниқ зарбалари мураббийнинг ишончини оқламоқда. Аввалроқ Шомуродовнинг «Венеция» клубига ўтиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?