Садир Жапаров: «Бу тезкор қарор билан дўстимни асрадим»

21:14 13 Февраль 2026 Дунё
648 0

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қамчибек Ташиевни вице-премьер ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари лавозимларидан озод этиш қарори мамлакатдаги бўлинишнинг олдини олганини ва шахсий дўстликни сақлаб қолганини билдирди. Бу ҳақда у «Кабар» агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.

Жапаровнинг айтишича, бўлиниш аломатлари Жогорку Кенешда намоён бўла бошлаган. Айрим депутатлар гуруҳлари парламент аъзоларидан: «Сен бизнинг томондасанми ёки улар томонда?» деб сўраган. «Бизнинг томон ким?» деган саволга эса елка нишонларини кўрсатиб: «Бизнинг томон — генерал томони, у томон эса президент томони», деб жавоб берилган.

«Агар мен ўз вақтида қатъий чора кўрмаганимда, бўлиниш оддий фуқароларгача етиб борган бўлар эди», — деди президент.

Унинг сўзларига кўра, айрим депутатлар ва давлат хизматчиларига босим ўтказилгани ҳақида далиллар мавжуд бўлган. Уларга бўйсунмаган тақдирда генерал билан муаммога дуч келишлари мумкинлиги айтилган.

Жапаров таъкидлашича, ишдан озод этишдан олдин у шахсан Қамчибек Ташиевга қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирган. У бу қарор дўстини нотўғри йўлга бошлаётган шахслар таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинганини билдирган.

«Менимча, бу тезкор қарор билан аксинча дўстимни асрадим. Чунки унинг атрофидагилар ҳар қандай ҳолатда ҳам уни тўғри йўлдан оғдиришга ҳаракат қиларди», — деди у.

Дўстлик сақланадими, деган саволга Жапаров муносабатлар лавозимларга боғлиқ эмаслигини, улар ўзгармаслигини айтган.

Президент, шунингдек, Конституция уни мамлакат яхлитлиги ва халқ бирлигини ҳимоя қилишга мажбур қилишини, 2021 йилда халқ билдирган ишонч давлат манфаатларини шахсий алоқалардан устун қўйишни талаб этишини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Қамчибек Ташиевнинг истеъфоси ҳақида 10 февраль куни, у Германияда тиббий кўрикда бўлган пайтда маълум қилинган. Ташиев қарорни кутилмаган деб баҳолаган бўлса-да, президент фармонларини бажариш зарурлигини таъкидлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?